«Call-center» фаолияти: АЁЛЛАР МУАММОЛАРИ ҚАНДАЙ ЕЧИМ ТОПМОҚДА?

170

Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси мутасаддилигида тузилган Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ­республика ишчи гуруҳи фаолияти қизғин давом этмоқда.

Қашқадарё вилоятида 1211 қисқа рақамли «Ишонч телефони»га тушаётган мурожаатлар асосида ҳуқуқий ёрдамга муҳтож фуқароларга тезкор тарзда мутахассислар амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Хусусан, Ғузор тумани Амир Темур маҳалласида яшовчи фуқаро Феруза Ражабова Ғузор коммунал қурилиш коллежида ишлаб, 2020 йил январь ойида ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққани, аммо бугунги кунга қадар таътил пулини ололмаётгани ҳақида мурожаат қилган.

Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими ходимлари вазиятни ўрганишиб, 8 апрель санасида Ражабовага меҳнатга лаёқатсизлик варақаси учун 5754000 сўм тўлаб берилишига эришди.
Шаҳрисабз шаҳри Ғалаба маҳалласида яшовчи Чаросхон Йўлдошева эса туман тиббиёт бирлашмасига қарашли асаб-руҳий касалликлар бўлимида ҳамшира бўлиб ишлагани, иккинчи гуруҳ ногиронлигига чиққач, унга иш берилмагани ҳақида билдириб, ёрдам сўраган. Бу масалага ҳам касаба уюшмалари аралашди. Бирлашманинг юридик бўлими бошлиғи Шамсиддин Сатторов Шаҳрисабз тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Илҳом Шароповга ходимнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўғри тушунтиргач, Йўлдошева яна ишга тикланди.
Бундан ташқари, Қарши шаҳар санитария эпидемиологик осойишталик марказида ишловчи Юлдуз Ражабова «Олти ойлик ҳомиладорман. Иш берувчи 2020 йил 26 мартдан карантин сабабли таътилга чиқариб юборди. Ҳозиргача на меҳнат, на туғуруқ таътили пулларини ололмаяпман. Олишимга амалий ёрдам беришингизни сўрайман», деган мазмунда ёрдам сўраган. Шундан сўнг 1 май санасида Ражабовага 873562 сўм меҳнат таътили пули тўланди ҳамда унинг ҳали туғуруқ таътилига чиқарилмагани, чиқарилса, албатта, ушбу маблағлар ҳам берилиши ҳақида иш берувчининг билдиришномаси етказилди.
Қарши шаҳри «Ойдин» маҳалласида яшовчи Дилфуза Шерназарова эса ўзи яшайдиган кўп қаватли уйнинг ертўласини сув босгани, деворлари захдан моғорлаб кетгани, канализация қувурлари носозлиги сабаб бадбўй ис тарқалиши ҳақида билдирган. Ишчи гуруҳ аъзоларининг аралашуви туфайли Шерназарова яшайдиган 50-уйнинг ертўласидаги сув тортиб олинди. Мазкур уйга хизмат қилган «Мадад омад Севинч» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати аҳолининг муаммоларини охиригача ҳал этмагани учун одамларда ишонч ҳам йўқолганди. Шу сабаб мазкур уйга хизмат кўрсатиш бошқа уй-жой мулкдорлари ширкатига ўтказилди.
Албатта, барча мурожаатлар ҳам ижобий қаноатлантириляпти, деб бўлмайди. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта.
Биринчиси шуки, мурожаатчилар йўналишни тўғри олмаганидир. Жумладан, Нишон туманидан Эркин Ашуров мурожаат қилиб, синглиси Насиба Ашурованинг ёлғиз оналиги, турмуш ўртоғи вафот этгани ва ҳозирда уй-жой масаласида қийналаётганини билдириб, ёрдам сўраган.
Мурожаат Нишон тумани ҳокимияти томонидан кўриб чиқилиб, Ашурова Чироқчи туманида яшаётгани учун Чироқчи тумани ҳокимлигига мурожаат қилиши тушунтирилди.
Яна бири шуки, мутасаддиларнинг бепарволиги сабаб мурожаатлар ўрганилиши, баъзан ечими чўзилишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, қаршилик Муфад Остонова уй-жойи йўқлиги ва вақтинча ижарада яшашини билдириб, имтиёзли кредит асосида уй-жой олишга амалий ёрдам сўраб, мурожаат қилган. Мурожаат вилоят ҳокимлиги томонидан кўриб чиқилиб, «Уй-жойи таъмирлаб берилиши ва мурожаатчига томорқасидан унумли фойдаланиши тушунтирилди» қабилида жавоб қайтарилган. Ваҳоланки, мурожаатнинг мазмуни умуман бошқача бўлган…
Айтмоқчи бўлган фикримиз шуки, аёл дарди – жамият дарди. Шу сабаб унинг ечими доимо биринчи галдаги вазифа бўлмоғи жоиз.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар