НАЖОТ ҚЎЛИ

593

у ҳамиша ёрдамга шай бўлиши керак!

Бундан икки ойча муқаддам ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги «Ижодкор» МФЙда яшаган Нодира Шокирова исмли 33 ёшли аёл учинчи фарзандини туғиш учун туғуруқхонага келганида, шифокорларнинг ўз вазифаларига эътиборсизлиги оқибатида вафот этгани ҳақида хабар тарқалган эди.

Унинг аччиқ тақдирига кўпчилик ­куйингани рост. Марҳуманинг икки нафар бўзлаб қолган ўғилларининг «Онам касал эмас эди, «сизларга ука олиб келаман» деб кетганди» дея зорланиши-ю, яқинларининг «У соппа-соғ эди, ўлмаслиги керак эди», деган фарёдини эшитишнинг ўзи оғир. Бу тиббиётимизда учраб турадиган «беморга ўз вақтида ёрдам кўрсатмаслик», «инсон тақдирига эътиборсизларча муносабатда бўлиш» иллатининг оғир асоратларидан биридир.
Воқеа юз берган куни кечаси аёл тўлғоқ билан туғуруқхонага олиб борилган. Аммо вақт ярим тун бўлишига қарамай, навбатчи доя ва шифокор «ҳали эрта» дея уни уйига қайтариб юборган. Йўлда дарди кучайгани сабабли уни яна туғуруқхонага олиб келишади. Аммо бу сафар ҳам уни ортга қайтаришади. Тонг саҳарда дард пишиб етилгач, уни яна шифохонага олиб келишади. Аммо бу сафар ўз оёқлари билан туғуруқхонага кириб кетган аёлнинг у ердан жонсиз танаси чиқарилади…
Бу воқеа юз берган кунлари ижтимоий тармоқларда жуда кўплаб юртдошларимиз айбдорлар жазоланиши лозимлигини таъкидлашган эди. Шифокорлар коронавирус балоси билан мардларча курашаётган бир пайтда уларнинг ҳамкасби ҳақида салбий гап айтилишини истамасак-да, содир бўлган жиноят оқибатини таҳлил этишга зарурат бор. Чунки унинг ортида инсонлар тақдири турибди.Фожиага сабабчи бўлганлар ўз хатти-ҳаракати учун жавоб бериши, бугун йўл қўйилган хатолар эртага ҳам такрорланмаслиги учун чора кўрилиши керак.
Хўш, ўтган вақт мобайнида тиббиёт муассасасида вазият ўзгардими? Рўй берган ҳолат таҳлил этилиб, ундан тўғри хулоса чиқарилдими? Шу каби саволлар билан Ёзёвғон тумани тиббиёт бирлашмаси мутасаддиларига мурожаат қилдик.
– Албатта, бўлиб ўтган воқеадан кейин туғуруқхонада тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати батафсил ўрганилди, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Дониёр Абдуллаев. – Фожиа­дан барчамиз афсусдамиз. Ўша куни навбатчиликда турган доя ўз вазифасини сидқидилдан бажариб, шаҳардан малакали шифокорларни ёрдамга чақирганида, эҳтимол, онанинг ҳаёти сақланиб қолинган бўлармиди? Ҳали суднинг ҳукми чиқмаган бўлса-да, ўз хизмат вазифасини виждонан бажармагани, касбига хиёнат қилгани учун ўша куни навбатчиликда бўлган гинеколог ва доя туғуруқхона тизимида умуман ишламаслик шарти билан ишдан бўшатилди. Махсус комиссия экспертиза ўтказди. Туман прокуратурасида эса содир бўлган ҳолат бўйича жиноий иш очилган бўлиб, у ҳали ниҳоясига етгани йўқ. Суд ҳукми билан айбдорлар жазо олиши муқаррар. Ҳозирги пайтда туғуруқхона ҳовлиси ва қабул бўлимига овозли камералар ўрнатилди. Ички тартиб қоидаларига ҳам ўзгартишлар киритилди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, тумандаги 110 минг нафар аҳолининг 30 мингдан кўпроғи туғуруқ ёшидаги аёллардан иборат. Бир йилда туғуруқхонада ўртача 2 мингта туғилиш қайд этилади. Туманда аҳоли сони олдинги 5-6 йилга нисбатан анча кўпайган бўлса-да, муассасада штатлар ва ҳомиладор оналар учун ўринлар сони кенгайтирилмаган. Бу эса хизмат кўрсатиш сифатига салбий таъсир қилиши аниқ. Масалан, муассасага янги кадрларнинг келмаётгани боис, чақалоқларга қарайдиган неонатолог штатида пенсияга чиққан ходим ишлаб келмоқда. Реаниматолог штати мавжуд эмас. Оғир аҳволдаги аёл келса, яқин ҳудудлардан шифокорлар чақиртирилади. Воқеа рўй берган куни ҳам реаниматолог туғуруқхонага етиб боргунича аёлнинг жони узилган. Туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг айтишича, кечки навбатчилик учун қўшимча ходим олишга штат ажратилмаган. Муассасада тиббиёт ходимлари штатини кўпайтиришга эҳтиёж борлиги ҳақида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига бир неча бор маълум қилинган. Бироқ шу пайтгача штатлар қисқарса қисқартирилганки, кўпайтирилмаган. Бундан кўринадики, кўнгилсиз воқеадан сўнг тегишли хулосалар чиқарилиб, муайян чоралар кўрилаётган бўлса-да, ҳали муассасада штатлар, малакали шифокорлар билан боғлиқ энг зарур ишлар ўз ечимини кутиб турибди. Эҳтимол, бошқа туғуруқхоналарда ҳам шундай муаммолар бордир? Ҳар ҳолда, Ёзёвон туманидаги туғуруқхонада мавжуд муаммога Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси зудлик билан эътибор қаратиши шарт. Токи, содир бўлган фожиа бошқа такрорланмасин. Малакали тиббиёт ходимлари кеча-ю кундуз туғуруқхонага келган оналарга доимо ёрдам қўлини чўзишсин ва бу кўҳна дунёда чақалоқлар овози янграйверсин!

Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар