Сотувчи ва харидор: масофа қанча?

36

Ҳозирги пандемия шароитида нафақат кўчада ниқоб билан юриш, балки ўзаро масофани сақлаш ҳам қатъий талаб­лардан бири эканини деярли барча билади. Аммо ҳамма ҳам шунга амал қиляптими?

Бухоро шаҳридаги «Абдуллойи Сифатмуний» маҳалласида чоғроққина бозор бор. Норасмий бозор. Кўп қаватли уйлар оралиғидаги йўл бўйида сотувчилар асосан мева-сабзавот сотиб ўтиришади. Уларнинг айримлари харидорлардан оралиқни сақлаш учун ўз жойларини махсус ип билан ўраб олишган. Бундай эҳтиёт чораси, албатта, яхши. Аммо сотувчиларнинг ҳаммаси ҳам шундай йўл тутишмаяпти. Бозор гавжум пайтларда бир растанинг олдида одамлар тўп бўлиб қолмоқда. Масофа сақлаш лозимлиги негадир сотувчиларнинг ҳам, харидорларнинг ҳам ёдидан чиқяпти. Боз устига, айримлар ёш боласини етаклаб олган. Табиийки, жамоат жойида одамларнинг заруратсиз тўпланиши ҳам инфекция тарқалиши эҳтимолини янада оширади. Яна баъзи сотувчиларнинг ниқобини тўлиқ тақмаганига, бурни ва оғзини тўсмай, шунчаки бўйнига илиб қўйганига нима дейиш мумкин?! Бозорча ҳудудидаги бу каби ҳолатларнинг назоратсизлиги ёки назорати сустлиги ҳақли эътирозларни уйғотади.
Шунингдек, мазкур ҳудуддаги бир қатор дўконларнинг оғир ойнаванд эшиклари ёпиқ туради. Харидорларнинг ўзи эшик тутқичидан ушлаб очишларига тўғри келяпти. Албатта, бу ўта майда масаладек туюлади. Аммо айнан шундай тутқичлар инфекция тарқалишига олиб келувчи энг хавфли унсурлардан бири эканини, шу боис, эшиклар доим очиқ туриши мақсадга мувофиқлигини ортиқча эслатишга ҳожат йўқ.
Албатта, юқорида бир кичик бозор мисолида айтилган ҳолатларнинг бемалол олдини олиш, карантин тартиблари назоратини амалда янада кучайтириш мумкин. Бунда тегишли мутасаддиларнинг роли катта. Шу боис тилга олинган масалалар бўйича улардан жавоб кутиб қоламиз.

Рустам ИБРАГИМОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар