«Бир макон, бир йўл» пандемиядан омон қоладими?

80

Си Цзиньпиннинг катта амбицияли «Бир макон, бир йўл» ташаббуси глобал иқтисодиётнинг карантинга ўтиши муносабати билан шаклан ўзгармоқда, аммо пандемия унинг мақсадларига ҳозирча дахл қилмаган.

Ушбу ғоя дастлаб Осиё ва Европа ўртасидаги қадимий Буюк Ипак йўлининг қайта тикланиши сифатида ишлаб чиқилган. Ташаббус беш ­қитъани денгиз ва қуруқлик йўлаклари билан боғлаши назарда тутилганди. 2013 йилдан бери унда умумий аҳолиси 4,6 миллиард киши ва ялпи ички маҳсулоти 29 триллион долларга тенг ўнлаб мамлакатлар иштирок этмоқда. 2017 йилда Хитойнинг лойиҳа иштирокчилари билан савдо ҳажми 6 триллион долларга баҳоланган.
Ғарб, албатта, сайёрани забт этаётган Пекин ҳаракатини тинчгина кузатиб турмайди. «Бир макон – бир йўл» ташаббусига жавобан АҚШда Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) ёки «Blue Date Network» лойиҳаси ташкил этилган, аммо бу ташкилот ҳозирча аниқ муваффақияти билан мақтанолмайди. Аммо Чин ташаббусига муқобил режа тузиш йўлида ташланган қадам сифатида баҳоланмоқда. Бу ташаббус инфратузилма лойиҳалари учун тўғридан-тўғри молия ажратмайди, аммо уларга бошқа банк ва молиявий институтлардан ­маблағ олишни осонлаштирувчи сертификат бериш билан шуғулланади. «Blue Date Network» ­бошқарув қўмитасининг илк учрашуви 2020 йил бош­ларида Вашингтонда бўлиб ўтди. Унда Австралия, Япония каби бир қатор халқаро ҳамкор давлатлар вакиллари ҳам иштирок этди. АҚШ давлат котибининг иқтисодий тараққиёт, энергия ва атроф-муҳит ­бўйича ўринбосари Кит Крачнинг айтишича, лойиҳа «улкан потенциал»га эга бўлиб, Африка, Жанубий Осиё, АСЕАН давлатлари, Марказий Европа ва Марказий Осиёдан 60 дан ортиқ давлатлар билан икки томонлама мулоқотлар ўтказилган. Аммо «Blue Date Network» лойиҳаларга тўғридан тўғри маблағ киритмагани боис, унинг қанчалик таъсирчан кучга эга бўлиши савол остида. Ҳозирда ташаббусга АҚШнинг 60 миллиард долларлик капиталга эга Халқаро тараққиёт молия корпорацияси етакчилик қилади. Ҳукуматга қарашли Халқаро ҳамкорлик бўйича Япония банки ва Австралия Ташқи ишлар департаменти ҳам ҳамкорлар сифатида лойиҳага қўшилган. «Катта еттилик»ка аъзо бош­­қа давлатлар ҳам унда иштирок этиш учун таклиф қилинган. АҚШ расмийлари, айниқса, Хитойга қўшни ва рақобатчи бўлган Ҳиндистоннинг лойиҳага қўшилишидан умид қилмоқда.
АҚШ бошлаган бу ташаббус Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси салмоғи олдида жуда кичик. Хорижий мамлакатларда инфратузилма қурилишини молиялашни кўзловчи Хитой ташаббуси 140 га яқин давлатни ўз ичига олади ва бир неча триллион долларлик маблағ сарфланиши кўзланган. Бироқ АҚШ лойиҳасининг қанчалик муваффақиятли чиқиши ҳақида гапиришга ҳали эрта.
«Бир макон, бир йўл» лойиҳаси Хитойнинг Осиё Инфратузилма инвестиция банки учун энг муҳим ишга айланган. Хитой бу лойиҳада қатнашаётган баъзи давлатларнинг АҚШ ташаббусига ўтиб кетишига йўл қўймаслик учун ҳимоя чораларини кўришга ҳаракат қилади. Инфратузилма ва инвестиция жабҳасида америкаликлар ХХР билан рақобатлаша олмагани сабабли, Пекиннинг мегалойи­ҳасига қарши кучли ташвиқот кампания­сини бошлади. Аниқ асос ва кўрсаткичларсиз, улар «Бир макон, бир йўлнинг асосий ва ягона мақсади – Осмон ости салтанатининг сайёра устидан назоратини ўрнатиш» деб таъкидлашди. Осиё тараққиёт банки ҳисоб-китобларига кўра, лойиҳанинг фақат Осиё қисми 2030 йилгача 26 триллион доллар қийматга эга бўлади. Қашшоқ ва ривожланаётган давлатлар буни инвестиция манбаси сифатида кўришлари ажабланарли эмас. 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, лойиҳанинг деярли уч мингта (2982) тадбирига 3,6 триллион доллар сарфланиши режалаштирилган. 2019 йилнинг тўртинчи чорагида 360 миллиард долларлик лойиҳалар ишга туширилди.
Албатта, бундай улкан иқтисодий ва сиёсий ҳаракатни пандемия туфайли бирдан тўхтатиб бўлмайди. Аммо у коронавирус пайдо бўлиши туфайли бир қатор муаммоларга дуч кела бошлади. Давлатлар ва бутун иқтисодиёт ўртасидаги чегаралар ёпилиши билан, табиийки, «Бир макон, бир йўл» таркибига кирган йирик лойиҳалар ёпила ёки музлата бошланди. Биринчидан, Хитойнинг ишчилари ва қурилиш материаллари оқимининг ҳаракатланиши чеклангани сабабли, Пекин талабига биноан мегалойиҳада секинлашув кузатилмоқда. Лойиҳа қиймати 62 миллиард долларга баҳоланган Хитой-Покистон иқтисодий коридорида (CPEC) иш тўхтатилди, Камбожадаги Шиханоуквилле махсус иқтисодий зонасида (SSEZ), Бангладешдаги йирик Пайра кўмир электр станциясида ҳам аҳвол шундай. Коронавирус умумий қиймати 11 миллиард долларга тенг бўлган Tsingshan Holding Group, GEM Co. Ltd. ва Zhejiang Huayou Cobalt никель-кобальт лойиҳалари давом этишига салбий таъсир қилди. Шунингдек, Малайзиянинг шарқий қирғоғида қурилиши режаланган 10,4 миллиард долларга баҳоланган темир йўл иши ҳам тўхтаган. Шри-Ланка, Индонезия, Малайзия, Мяньма ва ­бошқа мамлакатларда кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш кейинги муддатга қолдирилди.
Ўзбекистон ҳам лойиҳа орқали Марказий Осиёдаги транспорт салоҳиятини максимал даражада очиш ва «Хитой-Марказий Осиё-Ғарбий Осиё» иқтисодий йўлагини шакллантиришдан манфаатдор. Ушбу мақсадда, 2016 йилда Фарғона водийсини Ўзбекис­тоннинг ­бошқа ҳудудлари билан боғловчи «Анг­рен-Поп» электрлаштирилган темир йўли барпо этилди. Мазкур линия Хитойгача бўлган масофани 270 километрга қисқартириш имконини берди. Бундан ташқари, Хитой – Қирғизис­тон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши натижасида Ўзбекистондан Хитой ва Жанубий Осиёга тўғридан тўғри чиқиш имконияти юзага келади, юк ташиш вақти 5-6 суткага қисқариши кўзланди. Жанубий портларга чиқиш имконини берувчи «Мозори-Шариф-Кобул-Пешавор» темир йўлининг қурилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ушбу йўналишда Мозори-Шариф ва Кобул ўртасида магистраль йўл ўтмоқда, Ўзбекистон ва Тожикистондан Афғонистон пойтахтига олиб борадиган электр узатиш линиялари тортилган. Ушбу транспорт ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришни таъминлаш учун Ўзбекистон Президенти томонидан «Марказий Осиё ва Афғонис­тон учун молиявий мулоқот»ни ташкил этиш бўйича ташаббус эълон қилинган. Мулоқотнинг асосий мақсади Хитойнинг молиявий институтлари – Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Буюк ипак йўли жамғармаси ва бошқа йирик халқаро ривожланиш институтлари, хусусий сектор билан ҳамкорликда минтақанинг энг муҳим инфратузилма ­лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилишдир. Мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Хитой Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири ­­­­Ван И билан 5 май куни телефон орқали мулоқот қилиб, айрим масалаларни келишиб олди. Масалан, унда олий ва юқори даражадаги тадбирларнинг жадвали ва кун тартиби муҳокама қилинди. Эпидемиологик ҳолатнинг яхшиланиши билан ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундини, ҳамкорлик бўйи­­ча Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг соҳавий кичик қўмиталари йиғилишларини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, 2018 йилда Ўзбекистон ташқи савдо юкларини Хитойдан ва Хитойга темир йўл транспорти орқали ташишда 2017 йилга нисбатан 18,2 фоиз ўсиш кузатилди. Импорт юкларини ташишда 25,8 фоиз ўсган.
Ғарбнинг «Бир макон, бир йўл» масаласидаги энг катта эътирози Хитойнинг ривожланаётган давлатлар манфаати билан ҳисоблашмай, уларни қарзга ботираётганида акс этади. Таъкидланишича, Хитой ривожланаётган давлатлар учун бирламчи зарурат ҳисобланмаган лойиҳаларни амалга ошириб, уларни қарз домига тортиб кетмоқда. Масалан, 2017 йил якунига кўра, Шри-Ланка ҳукумати Хитой қарзи билан қурилган Хамбантот порти учун олинган пуллар фоизини ўз вақтида тўлай олмади. Натижада умумий қиймати 1,3 миллиард долларга тенг бандаргоҳ 99 йил фойдаланиш ҳуқуқи билан Хитой компаниясига ижарага топширилди. Иқтисодиётнинг вирус туфайли ёпилиши ривожланаётган мамлакатлар учун қарз босимини янада оширади. Германиянинг Киль шаҳрида жойлашган Жаҳон иқтисодиёт институти позициясига кўра, Хитой икки томонлама келишувлар параметрига мувофиқ, дунёдаги энг катта қарз берувчидир ва Пекиннинг ривожланаётган 50та давлат иқтисодиётидаги умумий ҳақи ўртача ЯИМнинг 2015 йилдаги 1 фоизидан 2017 йилда 15 фоизгача ўсган. Сайёра мамлакатларининг Хитойдан қарзи янги асрнинг 17 йилида ўн баравар ошган ва 5 триллион долларга тенг.
Аммо пандемия туфайли Хитой иқтисодиёти бир неча ўн йиллар ичида биринчи марта 2020 йилнинг биринчи чорагида жиддий муаммога дуч келди. Мамлакатда ишсизлик кескин ошди. Пекин бор имкониятларини ички муаммоларни ҳал қилишга сарфлашга қарор қилди. «Бир макон, бир йўл» учун бу қарор, эҳтимол кейинги бир-икки йилда инвестицияларнинг камайишини ­англатади. Бироқ Хитойнинг ички муаммолари унинг «Бир макон, бир йўл» ташаббусига бўлган қизиқишини сусайтирмайди. Ҳозирги кунда бу ташаббус Пекин учун аҳамиятсиз эмас, чунки мазкур масала давлатнинг стратегик режаларининг муҳим нуқталаридан биридир. Гарчи Пекиннинг ҳарбий нуфузини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлари кўпайганига гувоҳ бўлсак-да, Хитой «Бир макон, бир йўл»ни географик алоқани кучайтириш, Осиё, Яқин Шарқ ва бошқа қитъаларнинг асосий мамлакатларига тижорий ва иқтисодий босимини кучайтириш учун соябон сифатида ишлатишда давом этади.

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ,
шарҳловчи

Бошқа хабарлар