Эзгулик ғалабаси ва тарихий адолат

1,387

«Инсоният тарихи урушлар тарихидир» деган эди муаррихлардан бири. Гарчи бу сўзларда андак қочирим ва киноя бўлса-да, моҳиятан олганда, тарихчининг ­фикрини дастаклаш мумкин. Зотан, кузатсангиз, тарих ғаладонидаги таназзуллар, инсоният дучор бўлган мисл­сиз фожиаларнинг аксарияти урушлар ҳисобига тўғри келишига гувоҳ бўласиз.

Албатта, урушлар тарихи – инсониятнинг ўз тарихи каби кўҳна. Бироқ нисбатан янги тарих, деб қарайдиганимиз ҳозиргидан олдинги асрларда юз берган икки уруш кўлами ва талафоти жиҳатидан мислсиз, дейилади. Улар биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари…
Мана, тугаганига 75 йил бўлаётган Иккинчи жаҳон урушининг дард-у ситамлари, одамлар қалбидаги оғриқлари унутилди, деб ким айта олади? Ким айта оладики, фашизм даҳшатлари олис тарих, оддий бир чўпчак, деб? Аксинча, унинг жароҳатлари ҳамон дилларни ўртайди, ўз фожеий кулфатлари ва кўлами билан инсониятни муд­ҳиш хатолардан тийиб туришга хизмат қилади…­

Иккинчи жаҳон урушида ўша замон дунёсидаги мустақил 73 та давлатнинг 62 таси иштирок этган эди. Уруш ер шари аҳолисининг 80 фоизини қамраб олган. Жанговар ҳаракатлар 40 та давлат, уч қитъа ва тўрт уммонда олиб борилган. 110 миллион қуролли аскар иштирок этган бу урушда, тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 60 миллион, баъзи маълумотларга кўра эса, 85 миллион нафаргача инсон ҳалок бўлган. Уруш ортидаги ўлгандан баттар азоб тортган инсонлар тақдири бу олтита нолли рақамга киритилган эмас. Аслида эса бу уруш инсониятни нафақат жисман, балки руҳан ҳам мавҳ этган. Урушда ғолиб бўлмайди, деган пурмаъно гап мана шу ерда асқотиши мумкин. Зотан, бу уруш инсониятга миллионлаб жасадлар билан бирга синиқ қалблар, мумсик дийдалар, оғир йўқотишлар азоби – фироқни мерос қолдирди…
Шу ўринда мен бугун ижтимоий тармоқларда бу мавзуларда айтилаётган кўп мулоҳазаларга қўшилолмайманки, блогосферадаги кўп қарашларда бир томонламалик, тарихни билмаслик, баъзи кучларга кўр-кўрона эргашиш таъсирлари сезилиб турибди. Кимдир бу санани «Ғалаба куни» деса, кимдир «Хотира куни», яна кимдир эса уни «бизга алоқаси йўқ ўтмиш» дея умуман эсламасликни тарғиб қилган… Яна кимлардир сиёсийлаштиришга ҳаракат қилган. Эмишки, бу кунни эслаш колониал (мустамлака) замонларни қўмсаш бўлармиш…
Айни дамда қўри сўнган кулни кавлашдан – мавзуга қайтмоқдан не наф дерсиз? Назаримда, бу керак! Шунинг учун ҳам керакки, гурунглар гап-гаштакдан виртуал оламга кўчган, ғийбатлар ҳам маҳалладан чиқиб, «ўргимчак тўрлари»да кезаётир ва бундай вақтда бефарқ қараб бўлмайди. Айни шу мулоҳазалар мени бир неча кундирки тинч қўймайди. Тизгинсиз саволларга эса донишманд замондошим фаолиятидан, кўрсатаётган йўриқларидан ва фикрларидан жавоб топаман. Уларни қайта-қайта таҳлил қилар эканман, бу ишларда ўша даврнинг сўнмас бир руҳини – инсоннинг бетакрор ватанпарварлигини кўраман.
Президентимизнинг Иккинчи жаҳон урушида эришилган Ғалабанинг 75 йиллик байрами ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини тинг­лар эканман, кўнглимдан ўтган кўплаб саволларга жавоб топдим. Қалбимни илиқ бир туйғу қамраб олди.
Ўзбекистон Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага улкан ҳисса қўшган. Баъзи бир тарихчиларнинг битмиш­ларига кирмаган яна бир жиҳатни ёддан чиқармаслик керак бунда. Бу –фронторти жанглари, қаҳрамонлик­лари, фидойиликлари…
Мирзиёевнинг ватанпарварлиги, халқимизга, ўтмишимизга бўлган чексиз муҳаббати яна бир ташаббусда ёрқин намоён бўлди: 9 май куни очилиши бўлган пойтахтимиздаги Ғалаба боғи.
Ўтган йили Президент дилидаги гапларни айтганди – аждодлар матонати ва жасоратини кўрсатиб берадиган яхлит бир мажмуа бўлса, ва у авлодлар учун сабоқ майдонига айланса…
Бу ташаббус ғоялигича қолмади. Мажмуанинг кичик деталигача Давлатимиз раҳбарининг синчков нигоҳидан ўтди, бойитилди, ўзига хос композиция яратилди.
Ҳар бири алоҳида мавзуга эга бўлган икки қисмдан иборат – бири ўзбекистонликларнинг жанглардаги иштирокидан лавҳалар, иккинчисида фронт ортидаги ҳаёт акс этган композицияда халқимиз қаҳрамонлиги тўлиқ ифода этилди.
Юқорида бошлаган мулоҳазаларимизни давом эттириб, шуни айтаманки, ушбу ғояга ўзгача қараётганлар, аввало, бир нафас юзакиликдан тўхтаб, мавзуга чуқурроқ киришсин, ушбу боғдаги ҳар бир детални синчиклаб кузатишсин. Боғдаги бадиий композиция, мотив ва тасвирларга сингдирилган ўша давр руҳияти машъум уруш ва ғалабанинг бизга ҳам жуда-жуда алоқаси бор эканидан ҳикоя қилади. Яъни, боғдаги тарихнинг ҳақиқий суратлари, чин туйғулари ҳар қандай сиёсий ўйлардан юқорироқ ва самимийроқдир. Мен шу маънода айтаманки, иккинчи жаҳон урушидаги фашистлар устидан қозонилган ғалаба коммунистларнинг эмас, тинчликсевар инсониятнинг ғалабасидир. Жумладан, Ўзбекистоннинг, халқимизнинг ҳам ғалабасидир. Буни сиёсийлаштириш тарихга, ота-боболар руҳига хиёнатдир. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари кўп бора таъкидлаб келардики, Ўзбекистон халқининг Ғалабага қўшган ҳиссасини чуқурроқ ўрганиш зарур… Бу гапнинг тагида катта асос бор экан… Ўтказилган тадқиқотлар кўрсатди. Тарихий ҳужжатлар чуқур ўрганилди. Натижада эса бизга шу кунгача номаълум бўлиб келган яна юзлаб қаҳрамон аждодларимиз номи кашф этилди.
Масалан, шу вақтга қадар Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1 миллион 500 мингга яқин киши иштирок этган, деб ҳисобланар эди. Янги топилган маълумотларга кўра, 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилган.
Тасаввур қиляпсизми? Салкам 500 минг нафар инсон, ярим миллион ўзбекистонлик уруш қатнашчиси рўйхатидан «тушиб» қолган…
Ўша вақтда Ўзбекистонда 6,5 миллиондан ошиқ аҳоли яшаганини инобатга олсак, мамлакатда истиқомат қилган ҳар уч кишидан бири урушга жалб этилган. Юртда қолганларнинг аксарияти эса аёллар, кексалар ва болалар бўлган. Улар ҳам фронт ортида тинимсиз меҳнат қилган. Яна минглаб уруш қатнашчилари Ўзбекистонда ташкил этилган ҳарбий госпиталларда даволанган. Янги аниқланган маълумотларга кўра, уруш ўчоғига айланган ўлкалардан юртимизга 1 миллион 500 минг киши, жумладан, 250 мингдан зиёд бола эвакуация қилинган. Халқимиз уларга ўз уйидан жой бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўрган. Мана шу факт ва рақамлардан кейин ҳам Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабада бизнинг ҳам муносиб ҳиссамиз бор десак, хўш, бунга ким қарши чиқади ёки инкор эта олади?!
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида шундай рақамларни келтирди: Иккинчи жаҳон урушида 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар давлат мукофотлари билан тақдирланган. Шу вақтгача бу кўрсаткич 120 минг нафар деб қайд этиларди. Илгари 280 нафар деб ҳисоблаб келинган ўзбекистонлик Совет Иттифоқи Қаҳрамонларининг сони 301 нафар экани, 70 нафар юртдошимиз учала даражадаги Слава орденига сазовор бўлгани ҳужжатлар орқали ўз тасдиғини топди.
Мирзиёевнинг фидойилиги ва ватанпарварлиги билан тарихий адолат тикланмоқда. Ўзбек халқининг жасорати қанчалик буюк эканини тарих исботламоқда.
Давлат раҳбарининг ташаббуси билан барпо этилган «Шон-шараф» музейида ана шундай шонли тарих ўз ифодасини топган. Бу ўринда Президентнинг сўзларидан иқтибос келтирамиз:
«Бу музейнинг пайдо бўлиши адолатнинг тикланиши демакдир. Тарихимизнинг бир қисми бўлган уруш воқеаларини бир жойда намоён этадиган бундай маскан йўқ эди. Бу ишлардан мақсад-муддаомиз – халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабага қўшган буюк ҳиссасини тарихга муҳрлаб қўйиш, ёш авлодларга етказиш. Юз йиллардан кейин ҳам одамлар келиб, уруш воқеалари ва оқибатларини, тинчлик қадрини билиши керак».
«Халқ қаҳрамонларини унутмайди» деган нақл бор. Аммо аввал ўша қаҳрамонлар кимлигини ҳам билиш керак. Бугунги авлод эса уларни унута бошлаганди, назаримда. Бу эса аслида тарих илмига, маънавият ва маърифат, тарбия соҳаларидаги аҳволимиз ҳаминқадарлигини кўрсатади. Биргина мисол. Афсуски, менинг невараларим бугун Иккинчи жаҳон урушининг ўзбек қаҳрамонлари кимлар эканини яхши билмайди. Очиғи, кейинги йилларда атай мум тишлаганимиз, бу урушнинг тафсилотларидан кўз юмганимиз бор гап. Ҳатто ўзимизнинг қаҳрамонларни ҳам гапирмай келганимизнинг аччиқ ҳосиласи бу.
Шу ўринда Президентнинг яна бир фазилатини эслаб ўтишни жоиз деб билдим: бу кенгфеъллик ва кенг­фикрлилик. Айтиш жоизки, узоқ ва сирли тортишувлар ортидан Иккинчи жаҳон урушининг буюк ва жасоратли қаҳрамони Собир Раҳимов номи юртимизда тилга олинмай қолган, ҳатто, унинг пойтахтдаги ҳайкали ҳам олиб ташлангани кўпчиликнинг ёдида. Албатта, бу тарихга, тарихий хотирага нисбатан ҳурматсизлик эди. Шавкат Мирзиёев яқин ўтмишдаги шу хатони тўғрилади. Собир Раҳимов номи юртимизга қайтди.
Президентимиз ғояси асосида бунёд этилган «Мангу жасорат» монументи тимсолида мен ана шуларни англадим. Бу монументда бўлган киши афсонавий генерал Собир Раҳимов каби ҳарбий қўмондонларимиз, ўзбекистонлик ботир жангчиларнинг хотираси эл учун сўнмас бўлишини тушуниб етиши аниқ.
Албатта, бу – тарих. Уни қўлда чизиш, бўй-бастидан уриб қолиш ёки бўрттиришнинг салбий оқибатларини одамзод кўп кўрган. Жумладан, жамиятимизда Иккинчи жаҳон урушига нисбатан кейинги пайтларда шаклланган қарашлар ҳам шундай хатолардан холи, деб бўлмайди. Ўзбекис­тондаги бугунги холислик ва тарихий адолатни тиклаш йўлидаги ишлар ана шундай ҳақиқатга суяниши билан аҳамиятлидир. Менинг назаримда, бундай ишларни ўз Ватанини чин дилдан севган, миллати билан ғурур туядиган одамгина қила олади!
Гап тарихий адолат хусусида кетар экан, бир ҳақиқатни тан олишимиз даркор: уруш йилларида халқимиз «Ҳамма нарса – фронт учун», дея бор-будини жангга жўнатди – ўзи оч ва юпун бўлса-да, «Ҳамма нарса – Ғалаба учун!» деган эътиқод билан тинимсиз меҳнат қилди. Бу улкан матонат эди. Эрлар урушга кетди, аёллар садоқат билан уларни кутди, вафо туйғусини улуғ билди.
Халқини севган, унинг тарихини ва дардини чуқур англаган давлатимиз раҳбари ўтган йилги байрамда ўзбек аёллари, ўзбек халқининг мана шундай буюк жасорати, сабр-у бардошига бағишлаб, «Матонат мадҳияси» деган монумент барпо этишни таклиф қилган эди. Ушбу монумент ва ундаги образлар ҳақида ўйлар экансиз, ўзбек халқи ўзининг яна бир Зулфиясини топганини кўрасиз.
Ҳар иккиси – ҳаётий образ. Ҳар иккиси – бардош ва ирода, матонат тимсоли! Бу, айниқса, Мирзиёев ташаб­буси билан ишланган «Илҳақ» фильмида таъсирли кўринди, моҳият элга, хоссатан, бугунги авлодга тўлиқ очиб берилди.
Фильмни томоша қиларканман, ўзим ҳам олис болалигимга қайтгандек бўлдим. Ўтган асрнинг 50-йилларида барча жойларда бўлгани каби Тошкентнинг эски маҳаллалари кўчаларида ҳам оғир бир ғамгинлик, чарчоқ ва дард кезиб юрарди. Ҳеч ким тилига чиқариб айтмайдиган, биров-бировга зорланмайдиган, миннат қилмайдиган бу айтиб ва тасвирлаб бўлмас кайфиятни қўлтиқтаёққа суянганча папирос тутатаётиб олис-­олисларга тикилаётган собиқ жангчи кўзларидан, отасининг ўлганини анг­латувчи «қора хат» келган бўлса-да, ҳамон кўзи эшикка жавдираб боқаётган мурғак етимлар юзидан, боласини кутиб мунғайган оналар ажинларидан билса бўларди… Айнан болаликдаги шу тасвир-хотиралар менинг ҳаёт ҳақидаги қарашларимни шакллантирган эди.
Фильмдаги Зулфия аянинг тимсолида ана шу хотираларим яна жонланди. Онамни эсладим. Уруш давридаги ғамгин ҳикояларини – йўқотилган яқинлар ва йўқотилган умрни, армонга айланган орзуларни…
Яна ёдимда қолгани – онамнинг ҳикоялари: 1942 йили 18 ёшида акамни урушга кузатадилар. Аммо уруш тугаса ҳам, акам қайтмайди. Хат-хабар ҳам онда-сонда келиб туради. «Кўп шубҳага борардим. Нега уруш тугаса ҳам ўғлим келмайди. Фироқ жонимдан ўтганида дардимни сувга айтардим…»
Зулфия онанинг сувга айтган фарёдини кўрдингизми? Мен каби бундай хотиралар билан яшаётган яна қанча одам ўз онасини кўрди экан бу фильмда?..
Уруш тугагач, акам келдилар, аммо онамнинг кўзидаги ўша мунг, ўша ҳар тонг эшикка тикилган кўзларга хос бўлган ғам-ғусса изсиз йўқолиб кетмади. Мана, қанчалар қимматга тушган биз учун бу Ғалаба!
«Матонат» монументи ана шундай ўзбек оналарининг бардошига, ўзбек аёлларининг вафо ва садоқатига қўйилган… Унда ҳаёт ва ҳақиқат, ўзбеклар сиймоси акс этган…
Ана энди айтинг-чи, бундай урушнинг ғалабаси биз учун қанчалик зарур эди?
Ана энди яна айтинг-чи, бу Ғалабани биз нега нишонламаслигимиз керак?!
Бу ғалаба аждодларимизнинг Ватанга садоқати, ўз ҳаётини тинчлик ва озодлик учун фидо қилганларнинг ўлмас жасоратидан бизга ҳикоя қилмоқда. Бугунги осойишта кунларга шукрона айтишга ундамоқда. Бу бизга аждодлардан қолган сўнмас хотира…
Биз шуни англасак бас!

Қудратилла РАФИҚОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси,
Олий Мажлис Сенати аъзоси

Бошқа хабарлар