Бизга асл мардлар керак, мардикорлар эмас

249

Азалдан аксарият ўзбек оилаларида қиз фарзанд дунёга келса, биринчи ўринда сандиққа сеп йиғиш бош­ланади. Эътибор берайлик, ҳатто дуоларда ҳам уларни «ўқимиш­ли, зиёли, олима қиз бўлиб улғайсин», дея ният қилиш ўрнига «яхши жойлардан ато этсин», «тагли-тугли жойларга келин бўлсин», деймиз. Мактабни битириши билан турмушга узатиб, «тинчисак» деган хаёлда бўламиз.

Ана шундай ниятдаги ота-оналардан вақтли турмушга бериш сабабларини сўраганимизда, «ҳозир қизларнинг «кўзи» эрта очиляпти, хавотирда юргунча эгасига топшириб, кўнгил хотиржам бўлгани яхши», деган жавобни оламиз. Нима бўлган тақдирда ҳам, эндигина мактабни ёки коллежни битирган қизнинг ўзи ҳали бола-ку! Мухтасар айтганда, уларнинг ички олами бўм-бўш! Ана шундай она ўз фарзандига мавҳум дунёдан бўлак нарса ҳадя эта оладими?!
Гоҳида қиз болага «бу палахмон тоши, жойи чиқишини кутяпмиз, бировнинг хасми», деган тамғаларни босиб, оилада уларни шунчалик мутеъ қилиб тарбиялаяпмизки, бир кун келиб, тақдирида «жарлик» пайдо бўлганида қаерда хато қилдик, дея бош чангаллашни, дийдиё қилишни «қотирамиз». Бундай мутелар орасида шундай аёллар ҳам борки, турмушга чиқишда, ҳатто, никоҳини расмийлаштирмаган, уч-тўртта боласи бўлса ҳам, ҳали келин бўлиб тушган хонадонида рўйхатга олинмаган, оилали бўлиб туриб ҳам, ўзи яшайдиган оилада заррача қадр-қиммати йўқ.
Нега шундай? Негаки, билимсизлик, вақтли турмушнинг асоратлари бу аёлларимизнинг қон-қонига сингиб кетган!
Агар эътибор қилсангиз, айнан мана шундай муҳитда яшаган аёлларнинг фарзандлари ҳам кўп ҳолларда ногирон, нуқсонли ва умрбод қаровга муҳтож. Нега?! Негаки, барчасига унинг руҳияти сабаб. Билингки, синиқ руҳиятли аёлдан ҳеч қачон мардлар туғилмайди…
Илгари оддийроқ оила бошлиғи «ўғилли бўлдим», дея хурсанд юрганини кўрганда, одам бир суюнарди, қувончига шерик бўлиб, яхши ният билдирар эдик. Бугун эса шу яхши ниятлар билан бирга «битта гастарбайтер ёки мардикор кўпаймаган бўлсин-да, ишқилиб», дея ичингиздан қиринди ўтиши аниқ.
Нега шундай?! Чунки бугун мардикор бозори кеча отасини туғилиши билан хурсанд қилганларга тўлиб кетган! Нега бугун мардикорлар, четга иш қидириб кетаётганлар сони кўп?
Негаки, уларни тарбиялаган оналари доимо мутеликда катта бўлишган. Бу оналар саноқда бор, сонда йўқ оилалардаги кемтик муҳитнинг тарбияланувчилари, холос….
Қачонки миллат аёллари, оналари билимли, ўқимишли, ўз ҳақ-ҳуқуқини биладиган даражада бўлишмаса, «уларга шароит яратинглар, ўқитинглар, грантлар ажратинглар», деган топшириқлар айрим лоқайд раҳбарлар «шарофати» билан амалга ошмай, фақат қоғозларда, ҳисоботларда «қотириб» ёзилаверса, қиз бола бировнинг хасми, кўзи очилмасдан эгасига топшириш керак, деган эскича ­фикрлардан воз кечилмаса, УЛАР ­дунёга фақат мардикорлар туғиб беради, холос!
Бизга эса МАРДИКОРлар эмас, аксинча, МАРД(эл)­КОРига ярайдиган инсонлар керак!

Орзугул РУСТАМОВА,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар