КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ КУРАШДА ЎЗБЕКИСТОН ТАЖРИБАСИ ДУНЁ ЭЪТИРОФИДА

188

Коронавирус – у бугунги кунда бутун дунёда жуда катта ташвиш ва ҳавотир уйғотаётганлиги барчага маълум. Касаллик тарқалиши билан боғлиқ вазият жаҳоннинг кўплаб давлатларида кескинлигича қолмоқда. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, бугунги кунга келиб жаҳон бўйлаб жами коронавирусга чалинганлар сони 4,2 миллиондан ошиб кетди, 288 мингдан зиёд бемор вафот этган бўлса, 1,4 миллиондан ортиқ инсон шифо топди.                                                           

Ҳозирда коронавирус пандемиясига чалинганлар сони бўйича АҚШ, Россия, Испания, Италия, Германия, Франция, Буюк Британия, Хитой, Эрон ва Туркия каби давлатлар етакчилик қилмоқда. Афсуски, ушбу офат бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, коронавирус пандемиясига қарши курашда икки хил амалиёт – “Хитой услубидаги ёндашув” ва “Британ-швед” тажрибаси мавжуд. “Хитой” ёндашувининг асосий мазмуни шуки, давлат томонидан кескин карантин чораларини амалга ошириш, ижтимоий масофаланиш қоидаларига қатъий риоя этиш, оммавий тадбирларни тақиқлаш, транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш, гигиена қоидаларига оғишмай амал қилишдан иборатдир. Бунда асосий мақсад инфекция занжирини узиш, касалликка чалинганларни тезкорлик билан аниқлаш ва уларни соғлом аҳолидан ажратиб олишга қаратилган.                                                                                                                  Маълумотларга кўра, амалга оширилган кескин чоралар Хитойни оғир синовдан ўтишини таъминлади. Коронавирус пандемиясига қарши курашда “Британ-швед” тажрибасига эътибор қаратилса, фуқароларнинг ўз интизомига кўпроқ таяниш, давлат томонидан чеклов чораларининг кенг қўлланмаслиги, “омма” иммунитетига умид қилишдан иборатдир. Бунда иммунитети паст, ёши улуғ инсонлар пандемиянинг қурбони бўлиши эҳтимоли юқори ҳисобланади. Шуни таъкидлаш ўринлики, инфекция билан касалланганлар сонининг тез суръатда ўсиши сабабли Буюк Британия ўзининг “либерал” ёндашувини ўзгартириб, кескин чеклов чораларини киритишга мажбур бўлди.                                                            

Ҳозирда ушбу мамлакатда инфекция билан касалланганлар сони 219 183 мингдан ортиб, 30 мингдан ортиқ инсон вафот этганлиги маълум қилинган. Бугун дунё жамоатчилиги томонидан Ўзбекистонда коронавирус муносабати билан киритилган чоралар самарадорлиги жаҳон миқёсида юксак эътироф этилмоқда. Мана шундай эътирофлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Германиянинг “Public Diplomacy” ташкилоти, АҚШнинг “The Diplomat” журнали, Россиянинг “ANNA-news” информацион агентлиги ва бошқа кўплаб нашрлар томонидан юртимизда коронавирус инфекциянинг тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларга юксак баҳо берилган. Айниқса, бугунги кунда коронавирусга қарши курашда давлатимиз томонидан амалга оширилаётган чора тадбирлар ўзининг яққол самарасини кўрсатмоқда.                                            

Бу ҳақда, коронавирусни даволаш, назорат ва профилактика қилиш масаласида ҳамкорлик учун Ўзбекистонга келган Эпидемиолог, вирусолог, пульманолог, терапевт, хирург ва инфекционистлардан иборат бўлган 15 кишилик Хитой тиббий бригадаси Ўзбекистонда вирусга қарши кўрилаётган чоралар билан танишганлигида маълум қилинган. Хитойлик мутахассислар юртимизда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар ҳамда беморлар даволанаётган клиникалардаги вазият билан яқиндан танишган. Ўрта Чирчиқдаги 20 минг кишини сиғдирувчи карантин шаҳарчаси, Зангиотада қурилаётган 10 минг кишилик даволаш клиникасидаги вазиятни бориб ўрганишган. Хитойлик экспертларнинг бир гуруҳи Самарқанд шаҳрида, яна бир гуруҳи Фарғона водийси вилоятларида бўлиб, беморлар вирусдан даволанаётган клиникалар фаолияти билан ҳам танишган. Шу тариқа, улар Ўзбекистонда коронавирусга қарши олиб борилаётган чораларни ижобий баҳолаган ҳолда ўзбек мутахассисларининг коронавирусга қарши кураш тажрибасини ўрганиш ва бошқа мамлакатларда ҳам жорий этишга арзишини алоҳида таъкидлаб ўтишган.                             

Республикамизнинг Покистон пойтахти Исломободдаги элчихонасида Ўзбекистонда коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга бағишлаб ўтказилган видео мулоқотда қатнашган покистонлик экспертлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, журналистлар Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларни юксак баҳолаган.  Бу ҳақда “Daily Ittehad” газетаси бош муҳаррири Тоҳир Фарукшундай фикр билдирди:  “Бугунги кундаCOVID-19 пандемияси 200 дан ортиқ давлатда қайд этилди ва тарқалишда давом этмоқда. Ушбу касаллик Ўзбекистонга ҳам кириб борди. Аммо, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда коронавирусга қарши ўз вақтида ва самарали чоралар кўрилмоқда. Шаҳарларда ва вилоятлараро ҳаракатлар тўхтатилиб, аҳолининг кундалик эҳтиёжлари учун савдо шохобчалари одатдаги тартибда, аммо карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда мазкур юқумли касалликнинг тез тарқалишига қарши муносиб курашилмоқда”.

Мана шундай ижобий фикрлар Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши ҳузуридаги Евроосиё ижтимоий ривожланиш институти мутахассиси Сюй Тао томонидан ҳам айтиб ўтилган. У давлатимиз раҳбари бошчилигида Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш ва унинг мамлакат иқтисодиётига таъсирини юмшатиш бўйича кўрилаётган чораларни таҳлил қилар экан, қуйидаги асосий жиҳатларни таъкидлаб ўтади: “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Республика махсус комиссиясини ташкил этилиши аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ва беморлар соғлиғини тиклаш бўйича зарур вазифаларни ўз вақтида бажариш имконини берди”. Шунингдек, у коронавирус инфекциясининг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини камайтириш бўйича тизимли комплекс чора-тадбирлар қабул қилинишини алоҳида эътироф этиб, Ўзбекистон пандемиянинг мамлакат ва дунё учун қандай жиддий иқтисодий оқибатларга олиб келишини ўз вақтида олдиндан кўра билганлигини айтиб ўтади. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ўта муҳим аҳамиятга эгалигини ушбу ҳужжатда аниқ ва самарали чоралар, хусусан, мумкин бўлган иқтисодий йўқотишлар ўрнини қоплаш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш каби масалалар кўзда тутилганлигини таъкидлайди.                                                                   

 Мана шундай эътирофларни Сеулдаги Корё университетининг профессори, айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида COVID-19га қарши курашиш бўйича эксперт-маслаҳатчи лавозимида фаолият юритаётган Цой Чже Ук ўз сўзларида “Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни юксак қадрлашини билдирар экан, Ўзбекистоннинг COVID-19га қарши курашда улкан натижаларга эришаётганини алоҳида қайд этади. Унинг сўзларига кўра, четдан юқумли касалликнинг кириб келишига йўл қўймаслик учун чегаралар ёпилгани, беморларни ташхислашда самарали усул қўлланилаётгани, ижтимоий карантин дастурлари амалга оширилаётгани, “ўзини яккалаш” бўйича махсус жойлар ташкил қилингани ҳамда беморларни даволаш учун тўртта янги шифохонанинг бунёд этилаётгани коронавирусга қарши курашишда ижобий натижаларга эришишнинг муҳим омили бўлмоқда. Цой Чже Ук фикрини давом эттирар экан, ҳатто энг ривожланган мамлакатларда ҳам ушбу юқумли касалликнинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашишда Ўзбекистондаги каби самарали чораларни топиш қийинлигини таъкидлайди. Ўзбекистондаги рақамларни бошқа мамлакатларники билан солиштирганда, инфекцияни юқтирганлар сони ва ўлим даражаси анча пастлигини  айтиб ўтади. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳнамолигида қабул қилинган тезкор ва самарали қарорлар, шунингдек, инфекция тарқалишининг олдини олиш ҳамда назорат қилиш бўйича олиб борилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижаси эканлигини Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг соғлиғини ҳимоя қилиш учун соғлиқни сақлаш тизими ходимлари томонидан барча имкониятни ишга солинаётганлигини Жанубий Кореялик мутахассис хулоса сифатида эътироф этади.            Коронавирус  пандемияси ҳозирда дунёнинг қатор мамлакатларини ўз гирдобига тортди. Бугунги кунда коронавирус эпидемиясидан энг кўп азият чекаётган мамлакатларқаторида АҚШ анча илгарилаб кетмоқда.Ижтимоий тармоқларда тарқатилган сўнги маълумотларига кўра, АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 1, 38 миллион кишидан ошган бўлиб, ҳозирда 81,4  мингдан ортиқ инсон вафот этган бўлса, шундан 216 минг киши тузалган. Нью-Йорк штати АҚШ бўйича коронавирусдан энг кўп азият чекаётган ҳудудлардан биридир. У ерда инфекцияга чалинганлар сони 319 мингдан ошиб кетган, вафот этганлар сони эса 27 минг нафарга етган. Албатта бу статистика инсонларни ташвишга солмай қўймайди. Буюк Британиядаги ҳолат ҳам анча ачинарли. Ҳозирда қиролликда ушбу касаллик билан боғлиқ 219 183 ҳолат аниқланган. Россияда сўнгги кунларда коронавирус инфекцияси билан зарарланиш холати анча кучайиб бормоқда. Олинган сўнгги маълумотларга кўра, коронавирус пандемияси билан касалланганлар сони 232 243 кишига етган. Пандемия билан касалланиш ҳолатлари бир кунда мамлакатнинг 84 ҳудудида қайд этилган бўлса, шундан 6 169 ҳолат мамлакат пойтахти Москва вилоятида (1 063 та) аниқланган. Мамлакатда эпидемия бошланганидан буён 2 116   бемор вафот этган. Мамлакатда бугунги кунда ушбу инфекциядан тузалганлар умумий ҳисобда 43 512 нафарга етган. Албатта, бу маълумотлар кишини анча ташвишга солади.

Қозоғистонда жами мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясига чалинган касалланганлар сони 5279 кишига этган. Шундан  2108 нафар бемор тузалган бўлса, ҳозирга қадар 32 нафар бемор пандемия қурбонига айланган. Қирғизистонда коронавирус билан касалланган беморлар сони 1037 кишига етганлиги аниқланган. Бугунги кунда дунёда жуда катта ташвиш келтириб чиқараётган бу балога қарши юртимизда аниқ мақсадга йўналтирилган жиддий ишлар қилинмоқда. Мамлакатимизда коронавирус оқибатида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарлар ўз вақтида тўғри баҳоланиб, жиддий қарорлар қабул қилинди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бу чораларни миллатни, унинг бугуни ва эртасини асраб қолиш даражасидаги курашга қиёслади. Хорижда турли сабабларга кўра қолиб кетган ватандошларимизни мамлакатга қайтариш борасида Ўзбекистон ҳақиқий инсонпарварлик намунасини кўрсатмоқда.                                                      

Ҳозирги кунда халқимиз давлатимиз томонидан белгиланган тартиб ва чора-тадбирларга нисбатан юксак ижтимоий бирдамлигини намойиш этиб келмоқда. Мана шундай синовли кунларда ўз соғлиги, ҳаётини гаровга қўйиб, Ватан, халқ учун хизматга бел боғлаган Юртбошимизга ҳамда миллат, халқ учун жонини фидо этувчи инсонларга ҳар қанча таъзим қилсак арзийди. Коронавирус балосини бартараф этиш учун шифокорларимизнинг халқимиз саломатлиги йўлида кўрсатаётган хизматлари том маънода қаҳрамонликдир. Дунёда табобат илмининг султони сифатида эътироф этилган буюк бобомиз Абу Али Ибн Сино издошлари бўлмиш шифокорларимизнинг фидойиларча хизматлари сабаб кўплаб беморларимиз коронавирусдан халос бўлишмоқда.  

Бугунги кунда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони тобора ортиб бормоқда. Ўтган давр мобайнида халқимизнинг метин иродаси мардонавор жасорати “Тождорвирусни” бемалол енгиб ўтишни амалда тасдиқлади. Беморлар соғайши кун сайин кўпаймоқда. Ҳозирда юртимизда касалликка чалинганлар беморлар аксарияти бу дарддан ҳолос бўлиб соғаймоқда. Қашқадарё вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан коронавирус инфекциясига чалинган сўнгги бемор буткул соғайиб, реабилитацияга кузатилганлиги кишини анча хурсанд этади. Қувонарли томони эндиликда вилоятда барча беморлар буткул соғайиб, Қашқадарё вилояти бу борада Жиззах вилоятидан кейин коронавирусдан ҳоли иккинчи ҳудудга айланган эди. Эндиликда мамлакатимизда коронавирус пандемиясидан соғайганлар кўрсаткичи 80 фоизга етди. Бухоро, Андижон, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси коронавирусдан холи худуд мақомини олишга яқинлашмоқда. Мамлакатнинг қатор ҳудудларида карантин талаблари енгиллаштирилмоқда. Илоҳим, мана шундай хушхабарлар кўпаяверсин. Бу каби қувончли хабарларнинг кўпайши юртдошларимиз кўзларида севинч ёшларини келтираётганлиги табиий ҳолдир.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ёзган мактубидаги қуйидаги сўзлар Пандемияга қарши курашдаги Ўзбекистон тажрибасининг жаҳоний эътирофинининг яна бир тасдиғи бўлди: “Сизнинг Ҳукуматингиз томонидан Ўзбекистон Республикасида вируснинг тарқалишини жиловлаш, шунингдек, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий, жумладан аҳолининг энг эҳтиёжманд қатламлари учун оқибатларни юмшатиш бўйича кўрилган қатъий чораларини юксак баҳолайман”.

Бугун ўз касбига бўлган меҳри, шижоати ҳамда ўзининг буюк жасорати билан намуна бўлаётган қўли енгил шифокорларимизга ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, мамлакатмизда жуда катта куч сарфлаб, кўп саъй-ҳаракатлар, халқимизнинг кўмаги, сабр-тоқати билан бу офат жиловлаб турилибди. Лекин барибир барчамиз зийраклик ва эҳтиёткорлик билан карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишимиз шарт. Бу хавф бутун дунёда бутунлай бартараф этилмас экан, хотиржамликка берилишга асло ҳаққимиз йўқ.

Мана шундай юксак маънавий жасорат, мардонавор бирдамлик, Яратганинг инояти ила биз бутун халқимиз билан коронавирус балосини енгаяпмиз ва албатта, енгамиз! 

 Мансур МУСАЕВ,

Республика Маънавият ва маърифат

маркази масъул ходими, сиёсий фанлари

бўйича фалсафа доктори

Бошқа хабарлар