ЭРТАМИЗ БОШҚАЧА БЎЛАДИ…

123

Ҳаётнинг биз кутиб-кутмаган синовлари кўп. Ана шундай кезларда баъзан бошни қайси деворга уришни ҳам билмай қоласан киши. Лекин ҳар бир машаққатнинг мукофоти бор. Буни яхши англаган сабр ва матонатли одамларгина ҳар қандай синовлардан мардонавор ўтади. Оққўрғон туманида истиқомат қилувчи Салима Абдухалилова ҳам ана шундай метин иродали инсонлар сирасидан.

Ишчи гуруҳ Тошкент вилоятида 2 минг 275 нафар хотин-қиз оғир турмуш шароитида яшаётганини аниқлади. Шу йилнинг ўтган даврида вилоятда 831 та оилавий ажрим қайд этилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан (1 минг 250 та) 419 тага ёки 33,5 фоизга камайган. Ишчи гуруҳ ёрдамида ажралиш арафасидаги 139 та оила яраштирилган.

Гап шундаки, унинг тўнғич фарзанди биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолди. Шундан буён Салима опа имконияти чекланган фарзандини парвариш­лаш билан машғул. На кўчага чиқади, на одамларга қўшилади. Рўзғорнинг камини тўлдиришда турмуш ўртоғига ёрдамлаша олмаётганидан бот-бот ўксинади.
Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика ишчи гуруҳининг Тошкент вилоятига ташрифи туфайли унинг кўнглига хотиржамлик, хонадонига қувонч кирди. Ишчи гуруҳ бу оиланинг шароитини ўрганиб чиқиб, уй бекасига тикув машинаси тақдим этди. Энди тикувчилик қилиб, даромад топиш имконига эга бўлди.
Ишчи гуруҳ Салима опа сингари имконияти чекланган фарзанди, турмуш ўртоғи, онасига қараётган 17 нафар аёлни тикув машинаси билан таъминлади. Бундан ташқари, эҳтиёжманд аёлларга музлаткич, телевизор, кир ювиш машинаси, газ плитаси, микротўлқинли печ каби рўзғорбоп буюмлар улашилди. Соғлиғини тикламоқчи бўлган хотин-қизларга сиҳатгоҳларга йўлланмалар берилди. Деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланаман деган 50 нафар аёлга бир гектардан ер ажратилди.
Ишчи гуруҳ Тошкент вилоятида 2 минг 275  нафар хотин-қиз оғир турмуш шароитида яшаётганини аниқлади. Айни пайтда уларни оғир шароитдан чиқариш чоралари белгиланиб, ҳар бирига мутасаддилар бириктирилди.
Шу йилнинг ўтган даврида вилоятда 831 та оилавий ажрим қайд этилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан (1 минг 250 та) 419 тага ёки 33,5 фоизга камайган. Ишчи гуруҳ ёрдамида ажралиш арафасидаги 139 та оила яраштирилган.
Ўтган йилда вилоятда 145 нафар хотин-қиз жиноятга қўл урган бўлса, 183 нафар аёл жиноят содир қилишда иштирок этган. 28 та ҳолатда ёш (18 ёшдан 30 ёшгача бўлган) қизлар жиноятчи бўлган.Жорий йилда аёллар ўртасида 58 та ўз жонига суиқасд қилиш ҳолати рўй берган (бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 нафарга кам).
– Тошкент вилоятидаги хотин-қизларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш борасида Ишчи гуруҳ томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг Ёшлар масалалари бўйи­­ча маслаҳатчиси Раҳматилла Қорабоев. – Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг амалий ёрдами билан биргина Ангрен шаҳридаги 20 та тадбиркорлик объектига 106 нафар аёл ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари, Оққўрғон тумандаги «Ширина-Ширинтой» НМТМни жиҳозлаш учун беш юз миллион, «Оққўрғон барака чеварлари» МЧЖ тикувчилик корхонасининг фаолиятини янада кенгайтириш учун бир миллиард сўмлик маблағ ажратилди. Бу корхоналарда хотин-қизлар учун 285 та янги иш ўрни яратилади.
Ишчи гуруҳ Оққурғон тумани марказида барпо этилаётган «Хотира майдони»нинг қурилиш-таъмирлаш ишлари билан ҳам танишди. Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си ҳисобидан оққўрғонлик ёшларга 382 миллион сўмлик «New Holding TD 5» русумли трактор совға қилинди.
– Болалигимдан трактор ҳайдашга қизиқаман, – дейди яп-янги уловни ­ҳаяжон билан бошқараётган Мафтуна. – Ҳайдашни тоғамнинг эски тракторида ўрганганман. Бир кун асқотиб қолар, деган умидда трактор ҳайдашга ҳужжат олиб қўйган эдим. Адашмаган эканман. Илгари туманимиз ерларига асосан пахта экилган. Ўша кезларда оққўрғонлик аёлларнинг кўпчилиги трактор ҳайдаган экан. Лекин у кунлар тарихда қолди. Ҳозир менга ўхшаб трактор ҳайдайдиган хотин-қизлар жуда оз.
Ишчи гуруҳнинг аҳоли фаровонлигини ошириш ва ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлари давом этмоқда.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар