Аёл рози бўлса, олам яшнагай!

72

Президент топшириғига биноан касаба уюшмалари Федерацияси раиси мутасаддилигида давлат ва нодавлат ташкилотлари вакилларидан иборат таркибда тузилган Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича республика Ишчи гуруҳи Самарқанд вилоятидаги 1096 та маҳаллада истиқомат қилаётган 5300 дан зиёд кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва нотинч оилалар аҳволини ўрганиб, улар дуч келаётган 6478 та муаммони аниқлашди. Уларни тизимли ва манзилли ҳал этиш борасида амалий ишлар бошлаб юборилди.

ЎЗ УЙИНГ – ЎЛАН ТЎШАГИНГ

– Ўрганишлар натижасида вилоятдаги 198 нафар аёлнинг яшаётган уйлари таъмирталаблиги ва буни улар ўзлари уддалай олмаслиги аниқланди, – дейди Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Суҳроб Рафиқов. – Касаба уюшмалари томонидан уларга 100 тонна цемент, 3000 дона шифер, 100 куб метр тахта ва бошқа қурилиш ашёлари олиб берилди. Бу хонадонларда маҳаллий ҳокимликлар ва ҳомийлар кўмагида таъмирлаш ишлари бош­лаб юборилди.
Ўз уйинг, ўлан тўшагинг, деган гап бор. Аммо орамизда ўз бошпанасига эга бўлмаган оилалар, кўрпа-тўшагини ижарама-ижара ортмоқлаб юрганлар ҳам етарлича топилади. Каттақўрғон тумани ҳокимлиги ва касаба уюшмалари келишувига мувофиқ, ўн нафар ана шундай оила соҳибасига янги уй қуриб бериладиган бўлди.
– Ўз уйига эга бўлмаган аёллар учун «Тарнов» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Жўрабоши қишлоғида 3 хонали 10 та намунавий уй-жойлар қад ростлайди, – дейди Каттақўрғон тумани ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Ш.Пўлатов. – Ушбу бунёдкорлик ишларига 1,5 миллиард сўм миқдорида маб­лағ сарфланади. Янги уйларга кетадиган сарф-харажат касаба уюшмалари ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади. Бу уйларни қуриш ишлари ҳам бошланди.
Каттақўрғонда аёллар муаммоси изчил ҳал этиляпти. Ўтган вақт мобайнида туманда яшаётган 176 нафар хотин-қиз ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. 27 нафар аёл иккинчи мутахассисликка ўқитилиб, иш билан таъминланди. Ҳуқуқбузарлик содир этган 16 нафар хотин-қизга ҳомийлар бириктирилди.
Афсуски, беш қўл баробар эмас. Ўз хонадонини рисоладагидек бутлаб олишга қурби етмаётган оилалар деярли ҳар бир маҳаллада топилади. Ҳаётда у ёки бу сабаб чала битган уйда қийналиб умргузаронлик қилаётганидан кўнгли ўксиганлар қанча? Ана шундай оилалар хонадонига кунда-кунора қувонч кириб келмоқда.
– Туманимизда 8 та хонадон касаба уюшмалари кўмагида таъмирланадиган бўлибди. Буни эшитиб, хурсанд бўлдик. Лойсувоқ уйда фарзандларим билан яшайман. Қишни, ёғин-сочинли кунларни юрак ҳовучлаб ўтказардик. Очиғи, уйни бутлаш аёл кишига осонмас, – дейди Жомбой тумани «Ширинкент» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Марям Умарова. – Бизга ҳам кўмак кўрсатилди. Бу беғараз ёрдамдан жудаям мамнунмиз.
Олис Пахтачи туманида яшаётган хотин-қизлар ҳам бир қатор муаммоларни билдиришган эди. Айниқса, уй-жойни таъмирлашга эҳтиёж сезаётганлар анчагина. Шу чоққача маҳаллий ҳокимият томонидан кўплаб хонадонларга ёрдам кўрсатилган. Аммо йиллар давомида ­тўпланиб қолган муаммолар кўлами оз эмас. Ишчи гуруҳ томонидан ўрганилган 29 хонадонда таъмирлаш, бутлаш ишларига кўмаклашиш режалаштирилган. Бу хонадонларни тартибга келтиришга 103 миллион 800 минг сўмлик қурилиш ашёлари талаб этилар экан.
– Уй қурганимизга анча бўлди. Қўлимиз калталиги боис, бу ишни охирига етказа олмай келаётгандик, – дейди Пахтачи тумани «Ҳунарманд» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Нодира Бўронова. – Бизга атиги 50 та шифер, 4 та эшик керак эди, холос. Шуларни йиллар давомида сотиб олишга уриндик. Аммо, иложи бўлмади… Биз каби қийналганларни ўйлаётган давлатимизга, Президентимизга раҳмат!

УЛАР ИШЛИ БЎЛДИ

Ўрганишлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, барча муаммолар негизида моддий етишмовчилик ва ишсизлик масаласи турибди. Чунки аксарият аёллар бир марталик моддий ёрдамдан кўра, бандлик, яъни ишли бўлишни афзал кўришмоқда.
Ишчи гуруҳ томонидан ўрганилган 100 га яқин хонадон бекалари тикув машинаси орзусида экани аён бўлди. Уларнинг бу истаги қондирилди.
Нурободлик беш нафар чеварга аталган замонавий тикув машиналари ўз эгалари қўлига туман ҳокими Ф.Зоиров иштирокида етказилди. Синовли дамларда ҳар бир хонадонни назардан қочирмаётган туман раҳбари барча тикувчиларга касаначилик асосида иш юритиш, мўмай даромад олишга кўмаклашиш ниятида.
– Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрликка муносиб меҳнат билан жавоб бериш керак, – деди ҳоким чеварлар билан учрашувда. – Бир ҳунарли қўл, биргина дастгоҳ битта ­оилани эмас, балки бутун бошли маҳаллани боқиши мумкин. Гапнинг бари унинг соҳибида, ғайрат-шижоатида. Дунёдаги энг машҳур чеварлари ҳам, миллион-миллион даромад қилаётганлар ҳам ана шундай битта дастгоҳ орқасидан бойиган. Умид қиламанки, туҳфа олган бизнинг чеварлар ҳам ана шундай даражаларга ета олади.
Орзуси ушалган Сарвиноз Ражабова, Фароғат Каримова ва Муҳайё Хўжақулова ишончни оқлаш, давлатимизнинг ғамхўрлигидан унумли фойдаланиш истагини билдиришди.
– Қишлоғимиз обод бўлди. «Обод ­қишлоқ» дастури туфайли кўчаларимиз равон ва шинам. Ана шундай гўзал гўшада ишсиз уйда ўтирганимдан азобланардим, – дейди «Гирдиқўрғон» маҳалласида яшовчи Меҳробод Очилова. – Энди қўлимдаги гулдай ҳунарни ишга солиш имконияти бор. Маҳалламиздаги қизларга тикиш-бичишдан сабоқ беришни кўнглимга тугиб қўйганман.
Ишчи гуруҳ Пайариқ туманидаги 65 та маҳалладаги 430 та кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар аҳволини ҳам ўрганди. Бу хонадонларда истиқомат қилаётган 12 нафар аёл тикувчи бўла туриб, ишсиз экан. Улар тикув дастгоҳи бўлса, ўз оиласига, қолаверса, ён атроф­дагиларга ҳам фойдаси тегишини билдирган эди. Пайариқлик аёлларнинг бу талаби ҳам қондирилди. Туманнинг турли ҳудуларида яшовчи ҳунарманд аёлларга касаба уюшмалари вакили ва туман ҳокими Д.Мусинов замонавий тикув машиналарини етказиб берди.
– Ҳокимимиз тез-тез маҳалламизга келиб, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиб, кўмак кўрсатиб келади, – дейди «Бошчўраш» маҳалласида яшовчи Ойширин Тўрақулова. – Тикув машинасига етишиш орзуим эди, тўғриси. Қўлингдан иш келса-ю, ожизлигингдан азият чексанг, қийин бўларкан. Тўғри, кўрсатилаётган барча ғамхўрликлар беминнат. Аммо барибир ич-ичингдан хўрлигинг келади. Тўрт мучанг соғ бўла туриб, ўзгалар ёрдамидан умидвор бўлишнинг ўзи уят. Энди оилам учун кечаси-ю кундузи ишлайман. Уйда ўтириб ҳам кўпчиликка нафим тегишини жуда-жуда хоҳлардим.
– Қўшработлик уч нафар хотин-қизга ҳам тикув машинаси етказиб бердик, – дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Қўшработ тумани кенгаши ҳисобчиси Мавжуда Ҳасанова. – Уларнинг барчаси туман ҳокимлиги кўмагида касаначилик асосида фаолият юритадиган бўлди.

МАДАДДАН РУҲЛАНИБ…

Ишчи гуруҳи ўрганишларида 41 хонадоннинг газ плитаси, 30 хонадоннинг газ баллони, 4 оиланинг эса телевизор, яна 4 оиланинг музлатгичга эҳтиёжи борлиги аниқланди. Бу истаклар ҳам амалга ошмоқда.
– Хонадонимизга келган ўрганувчиларга оиламизни қийнаб келаётган ­муаммони айтгандим. Тўғриси, бу масаланинг ечилишига ишонмадим, – дейди Каттақўрғон тумани «Валижон» маҳалласида яшовчи Шаҳрибону Қаюмова. – Электр энергиясидан вақтида тўлов қила олмаганимиз боис 1 миллион 435 минг сўм қарздор бўлиб қолгандик. Қарзни рўзғордан орттириб узишга имкон топмай, бошимиз қотганди. Касаба уюшмалари кўмагида бу муаммоимиз барҳам топганидан хурсандмиз.
– Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, уйимизда телевизор йўқ, – дея ишчи гуруҳ вакилларини кутиб олганди Жомбой тумани «Зарафшон» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Сожида Арслонова.
Оиланинг кам таъминлангани инобатга олинди. Муҳтожга, қийналган аёлга ёрдам кўрсатиш – бурч, вазифа. Унинг бу илтимоси ҳам ерда қолмади.
Ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларнинг аксариятида оғир дард билан олишаётганлар яшайди. Сурункали касалликни даволаш учун топган-тутганининг катта қисми дори-дармонга сарфланиши эса ҳеч кимга сир эмас. Ана шундай 136 нафар хотин-қизнинг пластик карталарига дори-дармон учун 314,3 миллион сўм моддий ёрдам ўтказиб берилди.
– Табиб табиб эмас, боши ёстиққа теккан табиб дейишади. Беаёв дард билан олишаётганимга анча йил бўлди. Жонинг оғриб турганда кўзингга ҳеч нарса кўринмас экан. Уйдагилар ҳам сенинг бу ҳолингни кўриб, бошқа ҳамма нарсани йиғиштиради-да, топганига дори-дармон олади, – дейди Булунғур тумани «Олмазор» маҳалласида яшовчи Адашхон Қаҳҳорова. – Касаба уюшмаларидан дори-дармон учун ўтказиб берилган маблағ қора кунимизга яради.
Пастдарғом тумани «Янги саноат» маҳалласида яшовчи Мадина Ортиқова ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қийналган аёл. Фарзандларига ёлғиз ўзи бош-қош бўлгани етмагандек, турмуш ўртоғининг туғма ногирон опасига ҳам қарайди. Оила бошлиғи эса… қамоқ жазосини ўтамоқда. Ҳар тугул эр, ота. Ҳолидан хабар олишга ҳам маблағ топа олмайди. Бу оиланинг ҳам шароити тушунилди.


– Дастурга мувофиқ, 3 оилага иссиқхона қуришда, 7 оилага қорамол сотиб олишда, бир нафар аёлга сартарошхона очишда кўмаклашиш режалаштирилган, – дейди Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари Бекзод Ўролбоев. – Карантин ­шароитига қарамасдан, белгиланган вазифани ўз фурсатида амалга ошириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Вақт талаб қилинадиган юмушлар устидан касаба уюшмаларининг қатъий назорати ўрнатилган. Президентимиз топшириғини бекам-у кўст адо этяпмиз. Бизнинг диёримизда ҳеч ким ҳеч нарсага зориқиши, ҳаётдан норизо бўлиши мумкин эмас. Аёллар рози экан, дунё яшнагай!

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар