Урушнинг ўчмас изтироблари

112

Шўро қўшинининг сўнгги қисми Термиздаги Ҳайратон кўпригидан ўтганига 31 йилдан ошди. Умрининг энг навқирон дамларини қонли жанггоҳларда ўказган, юзлаб сафдошлари ичида тирик қайтган авлоднинг ёши бугун 50 дан ошиб, 60 га қараб кетмоқда. Тузум сиёсатининг ғайриихтиёрий қурбонига айланган, ҳаётини нимага гаровга қўйганини ҳатто билмай, ўзга юрт туп­роғига қурол ўқталиб кирган ўспиринлар мудҳиш ва аянчли хотираларни унута олармиди?

Биз сўз юритмоқчи бўлган қаҳрамон – Алижон Бегалиев 1985-1987 йиллар орасида афғон урушида қатнашган.
– Ўшанда 18 ёшда эдим, – дея хотирлайди қаҳрамонимиз. – 1985 йилда САМПИга ўқишга кирдим. Шу йилнинг ноябрь ойида уйдан «босиб» олиб кетишди. Биз урушга кетаётганимизни билмаганмиз. Эшелон билан Туркманистонга тайёрловга, ундан тўғри Афғонистонга юборишди. Ўша пайтдаги аҳволимни фақат шу ҳолга тушган одамгина тасаввур қила олади… Биз жанг майдонида эдик. Сапёрлар ротасида хизмат қилдим. Уйдагилар бундан хабар топиб, тиббиёт соҳасида ўқишим ҳақида маълумот юборишгач, фельдшерликка ўтказишди. Сал аввал кўрган сафдошларингни жанг майдонидан олиб чиқиш оғир эди.
Уруш қатнашчиларига Афғонистон билан боғлиқ хотираларни эслаш оғриқли. Чунки улар тарихнинг муд­ҳиш тўқнашувларига гувоҳ бўлган. Қанчалаб бегуноҳ инсонлар жанг майдонларида нима учун урушаётганини ҳам билмасдан ҳалок бўлишганини ўз кўзлари билан кўрган. Омон қолганларнинг ҳам қанчадан-қанчаси ногирон, ­майиб-мажруҳ бўлиб қайтди. Табиийки, уларнинг жамиятга, кундалик ҳаётга қайтиши ҳам осон бўлмаган.
Уруш ва ундан кейинги ҳаётини ёдга олар экан, Алижон Бегалиев шундай дейди:
– Афғон уруши билан боғлиқ хотиралар ҳалигача мени тинч қўймайди. Боиси, аскарни жанггоҳда ҳар дам ўлим шарпаси таъқиб қилади. Ўқ овозлари, танклар, миналар портлаши, юзлаб қурбонлар… Ўша пайтларда ҳам биргина илинж Афғонис­тоннинг баланд тоғлари ортида ўз ватанинг борлигини ҳис қилиб, эсон-омон қайтишга умид боғлайсан.
Бошимиздан ўтганлари катта бир китоб бўлади. Урушдан қайтгач, қонни, ярадорларни, ўлимни кўп кўрдим деб, медицина соҳасида ўқишни давом эттиришни истамадим. 1988 йилда Юридик университетга ҳужжат топширдим. Кейинги ҳаётим ҳам бевосита ҳуқуқ соҳасига оид бўлди. Дунёда халқ корига яраш, инсонларга яхшилик қилишдан-да муҳим иш йўқлигини англадим.
Афғон уруши инсоният хатоси сифатида минг-минг­лаб инсонлар ёстиғини қуритган, оилаларни нотинч қилган, ҳаёт маромини издан чиқарган воқеа бўлиб тарихга муҳрланди. Унинг изтироблари ҳалигача уруш қатнашчиларини тинч қўймайди. Суҳбатдошимиз айтганидек, тинчликнинг қадри улуғ, нархи бебаҳо. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, осойишта кунларнинг қадр-қимматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.
Дарҳақиқат, шундай оғир даврларни бошидан ўтказган бўлса-да, матонат билан яшаб, шу юрт равнақи учун ҳисса қўшган ва қўшиб келаётган бу авлод вакиллари ўсиб келаётган ёшлар учун ўрнак, тарихнинг жонли кўзгусидир.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар