Пандемия ва карантин сабаб…

1,206

ходимлар ва иш берувчилар томонидан энг кўп берилаётган саволларга жавоблар

Савол: Шифокорман. Пенсия ёшидаман. Қандли диабет билан «Д» назоратида тураман. туман КТМПда ишлайман, 1-тизимда. Иммунитетим паст. Карантин даврида маошим сақланган ҳолда уйда қолишга ҳаққим борми?

Жавоб: Афсуски, йўқ. Амалдаги меҳнат қонунчилиги бундай ҳуқуқни назарда тутмайди. Аммо Президентнинг 2020 йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг 18-бандида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига, жумладан, карантинга оид чоралар амал қилиши даврида иш берувчилар ходимларни, айниқса, ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган ҳамда сурункали касалликка чалинган шахсларни, уларнинг розилиги билан, масофадан туриб ишлаш усулига, қулай иш графигига ёки уйдан туриб ишлашга ўтказишлари мумкинлигини назарда тутувчи тартибни жорий қилиш топширилган. Шунга биноан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2020 йил 25 мартдаги 9-2020/Б сонли буйруғи билан Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган (Адлия вазирлигида 2020 йил 28 мартда 3228-рақам билан рўйхатга олинган).
Ушбу низомда белгиланган тартибга кўра, иш берувчи тегишли ходимни масофавий иш усулига ёки мослашувчан иш графигига ёхуд уйда ишлашга ўтказиши мумкин.
Ходим фақат қонунчиликда белгиланган ҳоллардагина иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслиги мумкин. Масалан, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида, қон топширувчи донор бўлса, қон топширадиган куни ва унинг эртасига, меҳнат таътилида бўлганда, агар халқ маслаҳатчиси бўлиб сайланган бўлса, суд мажлисида халқ маслаҳатчиси сифатида иштирок этадиган даврда, ҳарбий мажбурият билан боғлиқ чақирувларда иштирок этиш даврида ва ҳ.к.
Ундан ташқари, бугунги кундаги вазиятни ва саломатлигингизни инобатга олган ҳолда, Сизга иш берувчининг розилиги билан қисман иш ҳақи сақланадиган таътил берилиши ҳам қонунчиликда тақиқланмаган.

Саволларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнатни муҳофаза қилиш ва Юридик бўлими мудирлари
Нодира Каримова, Ҳамидулла Пиримқулов жавоб берди

Бошқа хабарлар