Пандемия ва карантин сабаб…

891

ходимлар ва иш берувчилар томонидан энг кўп берилаётган саволларга жавоблар

Савол: Талаб қилган пайтда раҳбарият ҳал қиламиз деб, икки кундан кейин таътилга чиқариб юбориб, меҳат таътилидан қайтганида, ишдан бўшадинг деб, карантин тугаганда ҳужжатларингни олиб кетасан, бошқа ҳеч қандай тўлов йўқ дейиши қай даражада тўғри?

Жавоб: Бу умуман қонуний эмас. Биринчидан – меҳнат таътилига мажбурий чиқариш (касаба уюшмаси билан келишган ҳолда иш берувчи томонидан тасдиқланган меҳнат таътилларини бериш жадвали бўйича таътил бериш бундан мустасно) мумкин эмас. Иккинчидан – меҳнат шартномасини бекор қилиш (ишдан бўшатиш) меҳнат қонунчилигида белгиланган асосларга, тартиб-қоидаларга қатъий амал қилган ҳолдагина мумкин.
Меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари Меҳнат кодексининг:
87-моддасида (дастлабки синов муддати тугагунга қадар ҳар бир тараф иккинчи тарафни уч кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир. Бундай ҳолда иш берувчи меҳнат шартномасини синов натижаси қониқарсиз бўлгандагина бекор қилиши мумкин);
97-моддасининг 1-(тарафларнинг келишувига кўра. Ушбу асосга биноан меҳнат шартномасининг барча турлари исталган вақтда бекор қилиниши мумкин) ва ­6-бандида (янги муддатга сайланмагани (танлов бўйича ўтмагани) ёхуд сайланишда (танловда) қатнашишни рад этгани муносабати билан);
98-моддасида (Корхона ­мулкдори алмашганда, худди шунингдек, корхона қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилган, бирлаштирилган, бўлиб юборилган, қайта тузилган, ажратилганда) янги мулкдор корхонанинг раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир);
99-моддасида (ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир);
100-моддасида:
1) технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқаргани ёхуд корхонанинг тугатилгани;
2) ходимнинг малакаси етарли бўлмагани ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;
3) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда ­бузгани;
4) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузгани;
5) ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан, шунингдек, меҳнат шартларига кўра ўриндошлик иши чекланиши сабабли ўриндошлар билан меҳнат шартномасининг бекор қилингани;
6) корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилингани;
7) ходимнинг пенсия ёшига тўлгани, қонун ҳужжатларига мувофиқ, ёшга доир давлат ­пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда);
105-моддасида (Муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилинади);
106-моддасида:
1) ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда;
2) шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва Сенатида доимий асосда ишлаган Сенат аъзоси ваколатлари муддати тугагани ёки Қонунчилик палатаси ҳамда Сенат тарқатиб юборилгани муносабати билан аввалги лавозимига (ишига) қайтган тақдирда;
3) ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда, башарти бунинг натижасида ходим аввалги ишини давом эттириш имкониятидан маҳрум этилган бўлса, шунингдек, ходим суднинг қарорига биноан ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига йўлланган тақдирда;
4) ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилгани муносабати билан, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса;
5) ходимнинг вафоти муносабати билан;
6) қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда) назарда тутилган асосларга кўра бекор қилиниши мумкин.
Сизнинг саволингиздан юқорида қайд этилган асослардан бирортаси ҳам мавжуд эмаслиги кўринади. Демак, иш берувчининг ҳаракати қонунга зид бўлиб, сиз ишга тикланишни талаб қилишга ҳақлисиз.

Саволларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнатни муҳофаза қилиш ва Юридик бўлими мудирлари
Нодира Каримова, Ҳамидулла Пиримқулов жавоб берди

Бошқа хабарлар