«КАРАНТИН ЕНГИЛЛАШГАНИ, ВИРУС ТУГАЯПТИ ДЕГАНИ ЭМАС»

1,352

Юртимизда COVID-19 билан боғлиқ вазият бироз яхшиланган. Аммо «Call-center»ларда телефонлар жиринги тинмайди. Кимнидир коронавирус ҳақида маълумот олиш, кимнидир эса соғлиғидаги ўзгариш «1003» рақамларини теришга ундамоқда. Бугунги суҳбатдошимиз ана шу қизғин нуқтада фаолият олиб бораётган тиббиёт ходими, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Мирҳотам ТОЖИЕВ бўлади.

– Мирҳотам Ҳошимович, Тошкент педиатрия тиббиёт академияси қошида ташкил этилган «Call-center»га келиб тушаётган мурожаатлар вирус билан касалланишнинг олдини олишга қай даражада ёрдам беряпти?

– Коронавирус ­бўйича ташкил этилган «Call center»га кунига минглаб мурожаат келиб тушяпти. Фуқароларимизнинг турли саволларига мутахассисларимиз имкон қадар, ўз ваколати доирасида батафсил жавоб беришга ҳаракат қилмоқда. Бир кунда тахминан 200 нафарга яқин юртдошимиз ўз соғлиғи билан боғлиқ саволларига жавоб олади. Хусусан, коронавирус белгиларини сўрайди. Иситмаси чиқаётгани, йўталаётганини айтади. Уларнинг аксарияти шамоллаш белгилари кузатилаётгани боис, аниқ маълумотга эга бўлиш мақсадида биз – мутахассисларга сим қоқади. Бундай ҳолатларда уларга оилавий поликлиника шифокори ёки туман санитария ва эпидемиология бўлимига мурожаат қилишни тавсия этамиз.

– Сўнгги кунларда Самарқанд, Навоий ва Тошкент вилоятларида аҳоли орасидан ҳам вирус юқтирганлик ҳолатлари кўпайди. Бунинг сабаби нимада?
– Аввало, бир нарсани тушуниб олиш керак. Карантиннинг енгиллашгани вирус тугади, дегани эмас. Аммо, афсуски, ҳамма ҳам вазиятга тўғри баҳо бермаяпти. Карантин чора-тадбирлари биринчи навбатда иқтисодиётимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида юмшатилди. Кўпчилик буни суиистеъмол қилиб, кўчада мақсадсиз юриш, меҳмонга бориш, гигиена талабларига риоя қилмаслик ҳолатлари кўпайди. Бу эса аҳоли орасида вирус юқтирганлар сонининг ошишига олиб келди.

– Бугунги иссиқ кунларда вирусни юқтирган инсонларда касалликнинг кечиши баҳордагисидан фарқланадими?
– Албатта, ҳароратнинг таъсирида бироз фарқланади. Одамларнинг 80 фоизидан ошиғида касаллик енгил кечади. Айримларда эса ўпка зарарлангани учун нафас олиш қийинлашади. Ана шу тоифадагилар иссиқда янада қийналиши мумкин. Шунинг учун беморларнинг салқин шароитда бўлишига ва кўпроқ суюқлик ичишига эътибор қаратилади. Коронавируснинг янги штаммлари оғир шаклдаги пневмонияга олиб келиши мумкин. Уй шароитида соғлом юртдошларимизга ҳам профилактика учун турли мева шарбатларидан истеъмол қилиб, иммунитетларини оширишни, хонани салқинлантирувчи воситалардан фойдаланишни ва имкон қадар ўзаро мулоқотни чеклашни, эшик ва зинапоя тутқичларини ушлагандан сўнг бурун ва кўзларга қўл теккизмасликни, дарҳол қўлларни совунлаб ювишни маслаҳат берамиз.

– Карантин даврида ташкил этилган онлайн поликлиникада ҳам фаолият юритаётган экансиз. Мазкур поликлиниканинг аҳолига қанчалик фойдаси тегяпти?
– Апрель ойида ташкил этилган бу поликлиника шу кунга қадар 7 минг нафардан ортиқ юртдошимизга онлайн хизмат кўрсатди. Поликлиникада 200 нафардан ошиқ шифокор барча йўналишларда катталар ва болалар учун 24 соат давомида ASKDOKTOR.UZ сайти орқали аҳолига бепул маслаҳатлар бериб келмоқда.

– Коронавирус инфекциясини аниқлаш тести ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз. Фуқаролар ундан ­мустақил фойдаланишлари мумкинми?
– Мамлакатимиз коронавирус инфекциясини аниқлаш тест тизимини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Россия ва Германиядан олган. Тестлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги вирусология лабораторияларида ўтказилади. ­Мустақил фойдаланиш учун тест тизимини сотиб олиш мумкин эмас.

– Суҳбат якунида ўқувчиларимизга яна қандай тавсиялар берасиз?
– Карантинга риоя этмаслик ҳар биримизнинг ҳаётимизга коронавирус балосини олиб кириши мумкин. Шу боис, ҳозиргача амал қилган одатларини тўхтамасликни – қўлларни тез-тез совунлаб ювиш, дезинфекция воситаларидан фойдаланиш, хонани шамоллатиш ва яхши овқатланишни, кўчага фақат озиқ-овқат ва дори-дармон учун чиқишни маслаҳат бераман. Ҳали мамлакатимизда касаллик юқиши тўхтагани йўқ, шундай экан, ўзимизнинг ҳам, яқинларимизнинг ҳам ҳаётини гаровга қўймайлик.

Мирҳотам ТОЖИЕВ,
тиббиёт фанлари номзоди, доцент:

«Ishonch» мухбири
Зебо НАМОЗОВА
суҳбатлашди

Бошқа хабарлар