«Call-center»: ДАРДИНГНИ ЭШИТГАНГА СЎЗЛА!

166

ёхуд 12 11 қисқа рақамли «Ишонч» телефонига тушган
мурожаатлар қандай ҳал этилмоқда?

Яқиндагина ташкил этилган 12 11 қисқа рақамли ишонч телефони ҳақида узундан-­узун маълумот беришнинг ҳожати бўлмаса керак. Жамоатчилик қатор оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар, алалхусус, газетамизнинг аввалги сонларида эълон қилинган мақолалар орқали унинг фаолияти, мақсад-муддаосидан яхши хабардор, албатта.

Муҳими, «Ишонч телефони» воситасида турли чигал вазиятлар, мушкул-у муаммолар гирдобида қолган кўплаб опа-сингилларимизнинг ташвиши аримоқда. Турли идораларга дахлдор арз-у шикоятларни мутасаддиларга бевосита етказиш имконияти чекланган бугунги карантин шароитида кун тартибига қўйилаётган масалаларнинг биттагина қўнғироқдан сўнг дарҳол ижрога йўналтирилаётгани мурожаатгўй учун жуда катта қулайлик.
Мана, бир мисол. Нозима Рўзихўжаева 2018 йилда Асака туманидаги 4-умумий ўрта таълим мактабига фаррош вазифасига ишга қабул қилинган ҳамда 2019 йил адоғига қадар 1 ставка фаолият кўрсатган. 2020 йил 1 январдан эса Халқ таълими вазирлиги томонидан қабул қилинган айни масалага дахлдор норматив ҳужжат талабидан келиб чиққан ҳолда мазкур муассасада ҳам фаррошлар ставкаси қисқартирилади. Жумладан, Н.Рўзихўжаевага 0,7 ставка иш тақсимот қилиниб, ойлик маоши шунга монанд равишда ҳисоблаб келинади.
Аммо ўрганишлар чоғида маълум бўлишича, иш берувчи ҳамда ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасида белгиланган шартларга киритилган ўзгартишларни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган. Ҳолбуки, Меҳнат кодексининг меҳнат шартномасини ўзгартиришни расмийлаштириш ҳақидаги 96-моддасида «Меҳнат шартларини ўзгартириш, шунинг­дек иш жойини ўзгартириш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартларини ўзгартириш ҳақида буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномасига киритилган ўзгартишлар асос бўлади» деб аниқ-тиниқ қайд этилган.
Ҳуқуқшунослар иш берувчининг айни масала билан боғлиқ буйруғи Меҳнат кодексининг юқорида зикр этилган талабларига зид равишда чиқарилган деб ҳисоблаб, тақдимнома юбориш орқали масалани ҳал этишга эришдилар.
Аслида, бу каби муаммолар бир қарашда арзимасдек туюлиши мумкин. Бироқ бунинг ортида қатор ижтимоий муаммолар, оилалар тақдири турганлиги инобатга олинса, уларнинг ечими мурожаатгўйларга хотиржамлик ва ҳаловат бахш этаётганини таъкидламоқ жоиз.
Қаранг, «Ишонч телефони»га Андижон вилояти бўйича шу кунгача 900 дан зиёд мурожаатлар келиб тушган ҳамда тегишли тартибда вазирликлар, идоралар ва Андижон вилояти ҳокимлигига йўналтирилган. Уларнинг катта қисми ижтимоий масалалар билан боғлиқ. Шунингдек, уй-жой, иш берувчи билан боғлиқ муносабатлар, карантин чекловлари сабаб ижтимоий ёрдам сўрови, банк кредити, ер ажратиш, коммунал хизмат, таълим, тиббий, ҳуқуқий, оилавий мавзуларга тааллуқли ариза ва шикоятлар ҳам борки, барчасини қонун доирасида ҳал этиш юзасидан қатъий назорат ўрнатилган.
Айримлар айни мавзуда икки савол беришяпти: «Ишонч телефони»га йўлланаётган мурожаатлар сони жуда қисқа муддатда нега ортиб бормоқда? Ёки пандемия туфайли муаммолар шу қадар кўпайиб кетдими?
Тўғри, пандемия сабаб жамиятда кун сайин кутилган ва кутилмаган муаммолар юзага чиқаётгани бор гап. Аммо баъзи мутасаддиларнинг бепарволиги ёки қонунларни менсимаслиги боис тўпланиб қолган муаммолар ҳам оз эмас. «1211»нинг асосий афзаллиги эса хотин-қизлар муаммоларининг барчаси умумлаштирилиб, Ишчи гуруҳ томонидан турли тоифадаги масъуллар устидан бу борада назорат олиб борилаётганидир. Аксар мурожаатлар якуни кутилганидек натижа бераётганини кўргач, опа-сингилларимиз ҳам дардини дард билганга сўзлашяпти-да!

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар