Ходимларга елкадош бўлиб…

223

Коронавирус пандемияси даври барча соҳалар ходимлари каби таълим ходимларини ҳам синовдан ўтказмоқда. Шундай долзарб паллада бир зум ҳам ходимларнинг иқтисодий ва ҳуқуқий ҳимоясини ёддан чиқаришга ҳаққимиз йўқ.

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Ғузор тумани кенгаши апрель ва май ойларида кам таъминланган, кўп болали оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 120 та оилага моддий ёрдам кўрсатди. Рамазон ­ҳайити муносабати билан 50 та оилага озиқ-овқат маҳсулотлари олиб берилди, 50 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандига бадиий китоблар тарқатилди.
Пандемия даврида ходимларнинг меҳнат муносабатларида бузилган ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иш ҳақларининг тўланиши ва бошқа ҳуқуқий масалаларга доир ариза ҳамда шикоятларини ўз вақтида ўрганишга эътибор қаратилди. Хусусан, тумандаги 17-умумтаълим мактаби ўқитувчилари Ҳасан Йўлдошев, Ихтиёр Аллаев, 4-давлат мактабгача таълим ташкилоти ходимаси Мусаллам Болтаеванинг ўз вақтида ололмаган, иш берувчиларнинг хатоликлари билан кам берилган иш ҳақлари ундирилган бўлса, 1-МТТ ишчиси Дилсўз Ражабова, 48-мактаб ўқитувчиси Жўрахон Гулбоевга иш билан таъминланиш, меҳнат ҳақларини ҳисоблаш тартиблари бўйича ҳуқуқий кўмак берилди.
Туман кенгашининг «Ишонч телефони»га мурожаат қилган 40 нафарга яқин ходим турли мавзуларга оид ҳуқуқий маслаҳат олишди.
Бинобарин, ҳозирги синовли кунларда ходимларнинг суянчиғи, таъбир жоиз бўлса, энг яқин елкадошига айланмоғимиз зарурлигини яна бир бор қалбан ҳис қилмоқдамиз.

Эшпарда НИЁЗОВ,
Таълим, фан ва маданият ходимлари
касаба уюшмаси Ғузор тумани
кенгаши раиси

Бошқа хабарлар