Адолат ва адоват: тарозининг қайси палласи кўпроқ тош босмоқда?

361

Аввал-бошдан айтмоқ жоиз: Андижон шаҳрининг қоқ марказида жойлашган 1-умумтаълим мактаби ҳақида кўпчилик «наинки шаҳар, ҳатто вилоятдаги энг яхши мактаблардан бири» деган тасаввурга эга. Анча йиллар бурун шаклланган ана шу тасаввур боис мазкур русийзабон мактаб бугун ҳам кўплаб ота-оналарни оҳанрабодек жалб этади, юзлаб болалар 30-40 километр масофадан қатнаб таҳсил олади. Ҳар йилги ўқув мавсуми арафасида ота-оналар олис туманлардан келиб, «Боламни 1-синфга қабул қиласизми?» дея мактаб раҳбариятининг кўзига мўлтираб туради.

Дарҳақиқат, Андижонда фарзандини шу мактабда ўқитишга орзумандлар анчагина. Буни 1 минг 200 ўринга мўлжалланган ушбу даргоҳда 3 минг 880 нафар ўқувчи таҳсил олаётганидан ҳам билса бўлади. Ўқувчиларнинг қарийб 30 фоизини туманлардан қатнаб ўқийдиганлар ташкил этади.

Зикр этилаётган мактабда таълим-тарбия жараёни чиндан-да шу қадар ҳавас қилгуликми? Мактаб ўқитувчиси Гулчеҳра Абдулҳакимованинг мурожаати ортидан кўзга ташланган айрим манзаралар жамоатчиликда шаклланган ана шу ижобий фикрни йўққа чиқарадиганга ўхшаб турибди.

Хўш, Гулчеҳра Абдулҳакимова ким? У нимадан норози?

Гулчеҳра Абдулҳакимова – рус тили ўқитувчиси. 2008 йили 1-мактабга руҳшунос вазифасига ишга қабул қилинган. 2010 йилда бу вазифадан озод этилиб, шу кунгача русийзабон синфларда рус тили ва адабиёти фанидан дарс бериб келади.

Г. Абдулҳакимова икки йил аввал мактабга Гуллола Тўйчиева директор этиб тайинлангач, арзимас сабаб билан раҳбар ва ходимнинг ўртасига совуқчилик тушгани, шу туфайли 2019-2020 ўқув йилидан дарслари атайин қисқартирилиб, бор-йўғи 9 соат қолдирилганидан норози бўлмоқда.

«Мактабимизга Гуллола Тўйчиева раҳбар бўлиб келган кунларнинг бирида икки соатлик бўш вақтимдан фойдаланиб, коллежда ўқиётган қизимнинг якуний имтиҳонида қатнашишга рухсат сўраб кирдим, – дейди Гулчеҳра Абдулҳакимова. – Директор рухсат бериш асноси «Бу мактаб ҳақида бошқача тушунчада эдим, раҳбарликка тайинланганимда янги жамоа мени гуллар билан кутиб олади, деб ўйлагандим», дея пичинг қилди. «Аввал бирга ишлаб, гулга яраша натижа кўрсатайлик, табриклаш қочмас», дедим ярим ҳазил оҳангда. Табиийки, бу гапим директорга ёқмади. Шу кундан бошлаб ўртага адоват тушди…»

Мурожаат юзасидан директор Гуллола Тўйчиева ҳам ўз фикрларини билдирди:

– Унинг иддаолари асоссиз. Устимдан ёзмаган жойи қолмади. Абдулҳакимованинг дарс соатлари билан боғлиқ масалани мен эмас, методик бирлашма ҳал қилган. Очиғи, аризабозлиги иш фаолиятимга халақит беряпти. Шу даргоҳга раҳбар бўлиб келганимдан буён мактабни тартибга туширдим. Яхши натижаларга эришяпмиз. Мактабда коррупцияга чек қўйдим.

Гуллола Тўйчиева билан ўтган қарийб бир ярим соатлик мулоқотда кўп гаплар гапирилди. Улар орасида ёзиб ҳам, айтиб ҳам бўлмайдиганлари бор. Аммо бир жиҳат аниқ: икки томон ҳам ўз ҳақиқатига ишонади, икки томон ҳам бир-биридан норози.

Шунга қарамай, Гулчеҳра Абдулҳакимова келтираётган даъволарнинг битта ўзак нуқтаси яққол кўзга ташланмоқда.
Қисқаси, ўтган ўқув йили аввалида Г.Абдулҳакимовадан олиб қўйилган 9-«Д» синфидаги дарслар бошқа бир ўқитувчи – Асила Мирзалиевага берилади. Шунга қарамай, ўтган йилнинг 10 ноябридан то шу йилнинг 25 январига қадар – салкам уч ой давомида бирор марта бўлсин ¬А.Мирзалиева рус тили ва адабиёти дарсларини ўтмаган. Лекин ноябрь ойидаёқ синф журнали унинг дарс ўтгани ҳақидаги маълумотлар билан олдиндан тўлдириб қўйилган. Нега?

Кейинчалик маълум бўлишича, Асила Мирзалиева бетобланиб, даволаниш учун хорижга йўл олади. Бу ҳақда на директор, на ўқув ишлари бўйича ўринбосарига хабар берилади. Қачонки орадан ойлар ўтиб, ҳолатдан Г.Абдулҳакимова воқиф бўлиб, ўзининг собиқ синфидаги аҳвол ҳақида тўс-тўполон кўтаргач, Мирзалиеванинг «ўз ҳисобидан таътил олиши ҳақидаги ариза»си телеграм орқали мактаб раҳбариятига юборилади. Шунда ҳам 9-«Д» синфидаги дарс¬лар асосий вақти қарийб бўш бўлган Г.Абдуҳакимовага эмас, бир ҳафтадан сўнг малака ошириш курсларига юборилиши аниқ бўлган бошқа бир ўқитувчига бириктирилади. Қарабсизки, бир ҳафтадан сўнг болалар яна айни шу ¬дарсларни ўйин-кулги билан ўтказишни бошлашади…

«Турли-туман комиссиялар билан овора бўлиб, Мирзалиеванинг салкам уч ойдирки мактабга келмаганидан бехабар қолганим рост!» (?) дейди директор.

Гап муассасада таълим олаётган болалар тақдири устида борар экан, ўрни келганда яна бир оғриқли масалани ҳам бир шингил баён қилмасак бўлмас.

Икки ой аввал ижтимоий тармоқларда бир видеофайл тарқалди. Унда мазкур мактаб ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Ҳаётхон Мақсудова ўқувчиларини доска олдига турғизиб, бирма-бир пул йиғаётгани акс этган. Тасвирлардан англашилишича, синфда дарсга кеч қолганлардан 2 минг сўмдан, дарс қолдирганлардан эса ҳар бир кун учун 10 минг сўмдан (!) жарима йиғилар экан. Камига, сабоқ вақтида ўқувчиларга ўқитувчининг қўллари, елкаларини уқалаш мажбурияти ҳам юклатиларканки, видео-далилларда бу иддаоларнинг исботи акс этиб турибди.

Бу гап-сўзлар шов-шув бўлган кезлардаёқ Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси раҳбарияти мактабга келиб, ҳолатни ўрганди ҳамда дарҳол ўқитувчи Ҳ. Мақсудова ишдан олинди. Ортидан директор Г. Тўйчиева ҳам ўз аризасига биноан вазифасидан озод этилгани айтилди, аммо орадан икки ой ўтар-ўтмас – сувлар тиниб, шовқинлар босилгач, яна лавозимига қайтарилди.

Энди яна асосий гапга қайтсак.

Гарчи адоват борасидаги даъволарни мактаб директори таги пуч иддаолар деб атаган бўлса-да, юз берган воқеликлар, хусусан, бир синфда ойлар давомида дарс ўтилмаётганига қарамай, Г. Абдулҳакимовага имкон қадар талаб қилаётган дарс соатларининг берилмаслиги арзгўй эътирозларини қувватлаётгандай…

Тўғри, иссиқ жон – ҳеч ким хасталикдан кафолатланмаган, шу маънода А.Мирзалиеванинг саломатлиги ҳақида қайғуришини тушуниш зарур. Бироқ тартиб-таомилга ҳамма амал қилиши керак эмасми? Директорнинг бир ўқитувчи салкам уч ой давомида мактабга келмаса-ю, унинг турли синфларда ҳафталик 28 соат дарси борлиги инобатга олинмаса, унга иш ҳақи ёзилаётганидан бехабар қолиши ишониб бўлмайдиган важ. Бу ҳолатда ўз-ўзидан раҳбар ё ёлғон гапиряпти ёки ўта ¬масъулиятсиз деган хулоса келиб чиқади.

Афтидан, мактабда амалга оширилган ишлардан кўра, амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар кўпроққа ўхшайди. Ҳар ҳолда, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчисининг ўқувчилардан кунлик жарима ундириши Г.Тўйчиеванинг «Коррупцияга барҳам бердим!» деган ¬гапларини шубҳа остига қўймоқда.

Хуллас, Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси раҳбарияти дўппини бошдан олиб, айни муассасадаги вазият ва мувозанатни ҳар тарафлама жиддий кўриб чиқиши зарур. Айни кунлардаги таътил бунинг учун етарли фурсат.

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар