Айтсам тилим куяди, айтмасам…

866

Халқ таълими вазирига очиқ хат

Ҳурматли Шерзод Шерматов!
Мазкур мурожаатдан мақсад сизни ва ёки сиз раҳбарлик қилаётган тизимни танқид қилиш эмас, балки таълимдаги муаммолар тўғрисида фикрлашиш, айрим саволларга биргаликда жавоб қидириш ва топишдир. Шундай экан, аввалбошдан бу ишдан кўзланган мақсад-муддао ракурсини шу ўзанга тўғрилаб олсак, фойдадан холи бўлмасди.

Сизни шижоатли, салоҳиятли ва замонавий кадр сифатида биламиз. Шу билан бирга, раҳбарлигингиздаги тизимда йиллар давомида йиғилган муаммолар борлигини, уларнинг ечимини топиш ва осонгина ҳал этиш мумкин эмаслигини ҳам яхши англаймиз. Айнан сизнинг раҳбарлигингизда ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеи ва нуфузини ошириш, хусусан, уларни мажбурий меҳнатдан озод қилиш йўлидаги ­саъй-ҳаракатлар самара берганини тан олмаслик ҳам ноҳақликдир. Бироқ, шу билан бирга, соҳа раҳбари сифатида берган айрим ваъдаларингиз ваъдалигича қолиб кетаётгани, таълим мазмуни ва сифатини ошириш мақсадида ­татбиқ этилаётган баъзи ислоҳотлар эса акс таъсир бераётгани, яъни мавжуд муаммоларнинг ёнига янгиларини келтириб қўшаётгани ҳам бор гап (мактабга қабулни пуллик тизимга ўтказиш ҳақидаги таклифингиз эътирозларга сабаб бўлганини унутмагансиз, албатта). Қолаверса, Президент мактабларининг жорий этилиши концептуал жиҳатдан таълим мазмуни ва моҳиятини янгиламади. Дейлик, ундаги чет тиллар ва фанларнинг кучайтирилиб ўқитилиши миллий педагогикада шу пайтгача мавжуд тажриба эди. Агар бу мактаблар дунё тиллари ва илмларини бериш билан бир қаторда, миллий зеҳниятни, қадриятларни янгича йўсинда шакллантиришга қаратилганида эди, бундан бир асрлик тарихимиздаги янги методика, деб хурсанд бўлсак, сизга таъзим қилсак арзирди.
Ваҳоланки, мустақил бўлганига ўттиз йил бўлаётган мамлакатимиз таълим тизимида замонавий миллий методика яратилди, деб айтолмаймиз.
Афсуски, методологиямиз ҳамон эскича, шўро педагогик услубига суяниб келмоқда. Хорижий тажрибаларни татбиқ этишда эса анчайин нўноқлигимизни, уларни кўр-кўрона ёки тўғридан-тўғри қабул қилиб, самарага эриша олмаётганимизни тан олишимиз керак…
Аслида, биргина шундай мактаб учун сарфланган маблағ ҳисобидан ўнлаб мактабларни таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш мумкин эди. ­Фикри ожизимча, вазирлик соҳанинг ваколатли органи сифатида республикадаги барча мактаб­ларда бир хил шароит яратиши, таълим сифатини таъминлаши шарт. Шу орқали миллат болаларининг бир хил шароитда сифатли таълим олишга бўлган конституцион ҳуқуқлари таъминланади. Алоҳида имтиёзларга эга бўлган мактаб­лар коррупцияга йўл очади, ўқувчилар ўртасида табақаланишни кучайтиради.
Март ойидан бугунгача кечган ва кечаётган бесаранжом кунлар кўпгина соҳалардаги, хусусан, таълимдаги камчиликларимизни ҳам фош қилди, шу билан бирга, айрим жараёнларни тезлаштирди.
Карантин муносабати билан онлайн таълимни йўлга қўйишга мажбур бўлдик. Лекин бу жараёнда ўқитувчиларнинг савияси, интернетга уланиш билан боғлиқ муаммолар юзага қалқиб чиқдики, уларнинг айримларига изоҳ беришингизга ҳам тўғри келди.
Аввалроқ сизнинг ташаббусингиз билан тизимда электрон журнал тизимига ўтиш бўйича тажриба жорий этилган эди. Бу ислоҳотдан мақсад эзгу эканига шубҳа йўқ. Лекин бу ҳам ўқитувчиларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Нега? Чунки аксарият мактабларда электрон журнални юритиш учун на шарт-шароит, на моддий-техник база бор… Боз устига, интернет тезлиги бўйича бизнинг аҳволимиз ҳавас қиларлик эмас. Натижада ўқитувчилар олдида зарур техника билан қуролланиш, интернет тармоғига уланиш муаммоси пайдо бўлди. Буларнинг ҳаммаси эса маблағ масаласига бориб тақалди. Бир кунда 6 соат дарс ўтган ўқитувчи кейинги кунда машғулотга тайёрланиш, ўз устида ишлаш ўрнига баҳоларни тизимга киритиш учун ҳар бир дарсига камида ярим соатдан вақт сарфлаганда ҳам уч соат вақтини компьютерга ёки қўл телефонига термулиб ўтказишига тўғри келди.
Ижтимоий тармоқларда томга чиқиб дарс ўтаётган ўқитувчи ҳақида тарқалган ­видеопостдан бехабар бўлмасангиз керак. Бу устозни кимдир фидойи деди, кимдир ҳазил деб қабул қилди, яна кимдир унга ачинди… Лекин бу ҳолат сиз билан бизни ўйлантириши керак!
Сиз устоз журналист Маҳмуд Саъдий билан юзага келган баҳсда бугунги кунда ўқувчи ва ўқитувчилар ўзларига зарур манбаларни, янгиликларни интернет тармоғи орқали эгаллаши мумкинлигини комил ишонч билан таъкидлаган эдингиз. Тўғри, интернетнинг имкониятлари кенг. Бироқ у ҳам таги йўқ нарсани йўндириб беролмайди-ку! Масалан, рус, инглиз ва бошқа хорижий тилларда таълим ресурслари етарлидир, лекин интернетда ўзбек тилида фанлар бўйича талаб­­га жавоб берадиган ресурс­лар деярли йўқ деса ҳам бўлади. Бундан ташқари, интернетга уланиш ва ундан фойдаланиш имконияти пойтахт ва айрим вилоятлар марказидагиларгагина тааллуқли эканини унутмаслик даркор эди. Мен ҳали интернетдан фойдаланиб, ўқитиш услубимни ўзгартирдим ёки фалон ютуққа эришдим деган ўқитувчини учратмадим. Билъакс, мажбурий бўлса-да, «Маърифат»га ва соҳамизга тааллуқли нашрларга обуна бўлганимиз тузук экан, у-бу янгиликлардан бохабар бўлиб турардик, деган фикрларни бот-бот эшитяпман (аксига олиб, обунага ҳам ўзингиз аралашгандингиз…).
Дарсликлар муаммоси ҳам бир неча йилдан бери мунтазам кўтарилиб келаётган ва ҳануз ечимини топмаётган муаммолардан биридир. Агар шу кетишда давом этсак, ҳали-бери ҳал бўлиши ҳам даргумон. Бу ўринда ҳам оёқдан оладиган «ислоҳотларимиз» ишни ортга тортмоқда.
Хусусан, муқобил дарсликларни яратиш ва таълим тизимига жорий этиш бўйича ташаббус­лар мактабларни замонавий дарс­ликлар билан таъминлашга кўпчиликни умидлантирган эди. Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг «Умумтаълим мактаблари учун муқобил дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тизимига босқичма-босқич ўтиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 5 апрелдаги 281-сон қарори асосида ишлаб чиқилган «Умумий ўрта таълим мактаблари учун муқобил дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни тақдим этувчи ижодий жамоаларга йўриқнома» билан танишиб чиққач, дарслик муаллифи сифатида менинг ҳам бу ташаббусдан ҳафсалам пир бўлди.
Йўриқноманинг 5-бандида «ўқув-методик қўлланмаларни тайёрлаш ва тақдим этиш билан боғлиқ бўлган барча харажатлар ижодий жамоалар ҳисобидан амалга оширилади ва таклифлар кўриб чиқилиши натижаларидан қатъи назар, ишчи орган ушбу харажатларни ўз зиммасига олмайди» деб белгиланган. Буни ҳазм қилиш мумкин, чунки тартиб ҳозиргача шундай бўлган.
Танловда иштирок этмоқчи бўлган ижодий жамоа томонидан тайёрланадиган ўқув-методик мажмуадан қуйидагилар ўрин олиши керак:
дарслик;
машқ дафтари;
ўқитувчи учун методик қўлланма;
дарсликларнинг мультимедиа иловаси ва бошқалар.
Ижодий жамоа шунча маҳсулотни ўз ҳисобидан тайёрлади, 5 нусхада тўлиқ вариантини қоғозга чиқариб, ишчи органга тақдим этди ҳам дейлик. Лекин экспертиза учун маҳсулотнинг ҳар бир босма табоғига энг кам иш ҳақининг уч баробари миқдорида тўлов амалга оширилиши ҳар қандай ижодий жамоа учун ҳам оғирлик қилади. Дарслик­лар ўртача 4 босма табоқдан 12 босма табоққача ҳажмда бўлишини инобатга олсак, бу салмоқли маблағни талаб этади (ҳозирги кунда тўловлар миқдорини аниқлашда қўлланиладиган базавий ҳисоблаш миқдори 223 минг сўм бўлса, 12 босма табоқли китоб экспертизаси учун 8 млн. сўмдан ортиқроқ маб­лағ тўланиши керак). Дарсликдан ташқари, машқ дафтари, ўқитувчи китоби ва бош­­қа босма шаклдаги маҳсулотлар ҳам шу тарзда ҳисоб-китоб қилинадиган бўлса, ижодий жамоа аъзолари қанча маблағнинг баҳридан ўтаётгани ойдинлашади.
Ўз-ўзидан савол туғилади: натижаси номаълум бўлган танлов учун ким шунча меҳнати ва маблағини таваккал қилади? Ижодий жамоа аъзолари азбаройи ватанпарварлиги жўш уриб, ёш авлод келажаги учун шунча меҳнат ва харажатни бўйнига олди, танловда қатнашиб, асаби ва маблағини сарфлади, ғолиб бўлди ҳам дейлик. Хўш, ундан кейин нима бўлади?
Масаланинг бу томони у ёғидан-да мавҳумроқ. Вазирлар Маҳкамаси қарорида «Умумтаълим мактабларини муқобил дарсликлар билан таъминлаш ихтиёрий равишда ота-оналар, мактаб педагогик жамоалари ва ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади» деб белгиланган. Демак, шунча меҳнат ва ­маблағ эвазига яратилган дарслик асосий дарсликка муқобил тарзда ихтиёрий равишда ўқитилиши мумкин. Бироқ муқобил дарслик қайси манбалар ҳисобидан нашр этилади, уни яратишда шунча саъй-ҳаракат, меҳнат ва сарф-харажатдан кейин муаллифга қандай имтиёзлар берилади, деган саволларга чандон ўйласангиз-да, жавоб тополмайсиз. Очиғини айтганда, вазирлик томонидан таклиф этилган ушбу механизм муаллифларни сифатли дарслик ёзишга илҳомлантириш ўрнига, шаштини сўндирмоқда.
Юқоридаги каби сакталиклардан, афсуски, тизимни такомиллаштиришга хизмат қилиши керак бўлган жиддий ҳужжатлар ҳам «қутулиб» қололмаётир. Масалан, Ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди. Айтиш мумкинки, сўнгги беш йилда ўқитувчилар малакасини ошириш тизими энг кўп ислоҳотларни бошидан кечирган ва бундан фақат зарар кўрган чалажон тизимлардан бири бўлди. Деярли ҳар йили ушбу тизим билан боғлиқ қарорлар қабул қилинди: малака ошириш институтлари марказга айлантирилди, Халқ таълими тасарруфидан чиқарилиб, олий таълим муассасаларига бириктирилди, сўнг яна халқ таълими тизимига қайтарилди. Агар қайд этилган қарор лойиҳаси тасдиқланадиган бўлса, бу даргоҳ яна институтга айлантирилади. Шуниси ажабланарлики, ушбу ислоҳотларда (агар буни ислоҳот деб бўлса, албатта) мазмун-моҳият деярли ўзгармайди.
Лойиҳа билан танишиб чиққан одам тизимни такомиллаштириш учун айрим шаклий ўзгаришларгина таклиф этилаётгани, боя айтганимиздек, мазмун ва бошқарув деярли ўзгаришсиз қолаётганини, яъни аҳвол яна ўша, алихўжа-хўжаали эканини кўриши мумкин. Тизимдаги бир неча йиллик тажрибамга таяниб айтишим мумкинки, ушбу қарор лойиҳаси жиддий қайта ишланиши шарт. Акс ҳолда, бу ҳужжат ҳуқуқий асос ўлароқ, соҳада бирор ўзгариш ёки силжиш ясай олмаслигига, аксинча, кейинги йил яна шундай мазмундаги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилишига сабаб бўлишига ишонаман. Даъвом асоссиз бўлмаслиги учун мисоллар келтираман.
Қарорга мувофиқ методик хизматлар ва методик таъминлаш марказлари ўрнига менторлик хизмати шўъбалари ташкил этилмоқда. Мақсад ва вазифалари деярли бир хил бўлган хизматларга турлича ном бериш нима учун керак? «Метод», «методика», «методик ёрдам» педагогикада кўп йиллардан бери қўлланиб келинаётган ва ўқитувчилар онгига сингган тушунчалар сифатида қолдирилса (замон талабидан келиб чиққан ҳолда янги вазифалар белгиланишига ҳеч қандай қаршилик йўқ), ҳеч бўлмаганда, тилимизга ментор деган ажнабий бир сўз суқилиб киришининг олдини олган бўлармидик?..
Яна қарор лойиҳасида 2021 йил 1 январдан бошлаб босқичма-босқич умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари учун даврийлиги 3 йилдан ва ўқитувчилар учун даврийлиги 5 йилдан иборат мажбурий касбий сертификатлаш тартиби жорий этилиши кўзда тутилган. Шу даҳмаза иш малака ошириш курслари ва унинг якунида бериладиган сертификат орқали амалга оширилса, бир ўқ билан иккита қуён урилган, ўқитувчи вақт, ортиқча қоғозбозлик ва бош оғриғидан, шу билан бирга, харажатдан халос бўлмасмиди? Кимга қанақа билмадим-у, менга ушбу сертификатлаш тизими янги ташкил этилаётган Assesment марказини (шунгаям ўзбекча ном топилмабди) иш ва маблағ билан таъминлаш учунгина ўйлаб топилгандек таассурот қолдирди. Таклифим: малака ошириш тизимини шундай ташкил этиш керакки, унинг якунида бериладиган сертификат ўқитувчининг малака тоифасини ҳам белгилаб берсин. Шунда сертификатлаштириш деган тизимга ва Assesment марказини ташкил этишга эҳтиёж қолмайди, бундан давлат бюджети ҳам, ўқитувчининг чўнтаги ҳам, энг муҳими, таълим тизими зарар кўрмайди.
Ўрни келганда яна бир гапни айтмасам бўлмас:
Ҳурматли вазир, 2020 йил 25 февралдаги «Умумий ўрта таълим мактаблари учун 2020-2021 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режани тасдиқлаш тўғрисида»ги 25-сон буйруғингиздан энг кўп жабр кўрган фанлар она тили ва адабиёт бўлди. Биргина 5-синфда бу фанлар ҳафтасига 4 соатга қисқартирилди. Сизнинг она тилимиздан кўра хорижий тилларга меҳр-муҳаббатингиз юқори эканига шак-шубҳа қилмасак-да, давлат тилига эътибор кучаяётган бир пайтда айнан она тили фанига қақшатқич зарба берганингизнинг боисини ҳечам тушуна олмадим. Аслида, бу қилмишингиз Мария Захарованинг иддаосидан ҳам кўпроқ маломатга арзийди.
Хуллас, гапираман десам, гап кўп. Гапни мухтасар қилиб, қолган масалалар хусусидаги фикрларни кейинги мақолаларга қолдиришга мажбурман.
Ривожланган мамлакатларда юқори лавозимни эгаллаган ҳар бир мансабдор халқни ўзининг ҳаракатлар дастури билан таништиради, соҳани ривожлантириш билан боғлиқ таклифлар ва ваъдалар беради. Агар ваъдасининг устидан чиқмаса, истеъфо беради ёки камчилигини тан олиб, тизимни эмас, аввало ўз фаолиятини ислоҳ қилади.
Ижтимоий тармоқларнинг фаол фойдаланувчиси сифатида Халқ таълими вазирлиги номига билдирилаётган эътирозлардан албатта хабардорсиз. Бу сиз-у бизни танқидлардан тўғри хулоса чиқариш, ҳар қандай ислоҳотни доно халқимизнинг «Етти ўлчаб, бир кес» мақолига амал қилган ҳолда амалга ошириш вақти келганидан огоҳ этмоқда. Чунки таълим соҳаси тез-тез алмашадиган раҳбарлар учун тажриба майдони эмас.
Соҳадаги ҳар қандай ислоҳот илмий асосларга эга бўлиши, аввал тажриба-синовдан ўтиши, сўнг миллий педагогикада эришилган ютуқлар ва миллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда амалиётга татбиқ этилиши, унинг замирида Ватанимиз ва миллатимиз келажаги турганини унутмаслик шарт.
Бугун ўқитувчи сиз ваъда қилган минг долларлик ойликни талаб қилмаяпти, унга эркин ишлаш учун шароит, ваколатли орган қўйган талабни бажариш учун моддий-техник база, сифатли дарслик ва методик таъминот бўлса, бас. Зеро, булар ўқитувчининг моддий манфаатдорлигига эмас, таълим сифатини оширишга хизмат қилади.

Шаҳноза ЭРГАШЕВА,
филология фанлари номзоди

Бошқа хабарлар