Жамиятга «Зулфия»чи қизлар керакми?

558

Ҳар йили атоқли шоирамиз номи билан боғлиқ давлат мукофотига номзодлар тавсия этиш чоғи «Фикрнома ёзиб беринг, устоз!» дея марказий нашрлар мухбирлари ҳамда вилоят газетаси журналистларини, шоир ва ёзувчиларни йўқловчи «ижодкор»лар сони кўпайиб кетади.

Айрим ҳолларда номзоднинг ўзи қолиб, ота-онаси ҳам «Ёрдамингизни аяманг энди» деб илтимосни қуюқ қилишларини айтинг. Юзага келган ноқулай вазиятдан бир кулгингиз қистайди, бир хижолат бўласиз: фарзанди мушкул аҳволга тушиб қолган-у, тақдири сизнинг қўлингизда гўё. Бундай пайтда ҳар қандай киши «шу билан муддаосига етса, майли, ёзиб берганим бўлсин» дейиши тайин.
Бир қизни танийман. Андижон давлат университети талабаси. Беш-олти йилдирки, Зулфия номидаги давлат мукофоти комиссиясига «Жамоатчилик» йўналиши бўйича ҳужжат топширади. Аслида, танловдан ўта олмаслиги табиий – чунки билим ва савияси анча ночор-да. Аммо жуда сўзамол, жуда гапдон. Танлаган соҳасини чуқурроқ ўрганиш, билим олишдан кўра кўпроқ давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ўтказиладиган турли тадбирларнинг ташкилий ишларига кўмаклашиш билан банд бўлади. Мақсад ана шу идора ва муассасаларнинг сертификат, ташаккурнома ёки «Мақтов ёрлиқ»ларини қўлга киритиш. Йиққан-терган шу тоифа ҳужжатлари сони қирқтача чиқар. Улар орасида, бироз муболаға қилганда, «каламуштутарлар жамияти»нинг ташаккурномаси йўқ, холос. Қисқаси, танловга қайта-қайта ҳужжат йиғишдан эринмайди – эрта-бир кун лауреат бўлишидан зўр умиди бор.
Таассуфки, илм-маърифатга интилиш, муайян мутахассислик ёки касб-ҳунар сир-асрорларини пухта эгаллашни эмас, балки зикр этилаётган мукофотга сазовор бўлишни бош мақсад қилган тоифадаги қизлар сафи кенгайиб бораётгандай. Барча ҳаракатлар – ижод ҳам, қўлга киритилиши ният қилинган ютуқлар ҳам «Зулфия»чи деган мақомга эришиш, мукофот ортидаги имтиёзга етишишга қаратилгандай. Ҳатто бу йўлда номдорроқ ижодкорларга битта китобчага етгулик – ўттиз-қирқта шеър ёзиб бериши эвазига яхшигина маблағ таклиф қилган номзодлар ҳам қулоққа чалиниб туради. Хуллас, шоир айтмоқчи, «ҳамма савдо икки газли бўз учун». Ҳар ҳолда, кузатувларимиз ана шундай хулосага ундаяпти.
Эътибор берсангиз, ҳар йили халқаро хотин-қизлар куни арафасида янги лауреатлар эълон қилингач, айни масала бир муддат ижтимоий тармоқларнинг бош муҳокама мавзусига айланади. Билдирилаётган фикрлар орасида кескин эътирозлар ҳам кўп, мукофотдан бенасиб қолган номзодларнинг иддао ва дийдиёларига-да кўзимиз тушади. Мукофотнинг низомини бутунлай ўзгартириш керак, деган таклифлар ҳам оз эмас.
Очиғи, аксар мулоҳазаларда жон бор. Аввало, тақдирланганларнинг барчасини ҳам низомда назарда тутилган талабларга жавоб беради, дея олмаймиз. Биргина адабиёт соҳасини олайлик. Гулжамол Асқарова, Дилнавоз Қўлдошева, Меҳриноз Аббосова каби тўрт-беш нафар зукко, иқтидорли, бугунги кунда ҳам ижодда ва жамиятда фаол шоираларни айтмаганда, қолганларнинг қайси бири бугун «гуриллатиб» ижод қил­япти? Ахир ардоқли шоирамиз издошлари «Зулфия»чи деган улуғ рутбага монанд бўлиши керак эмасми?! Бу фикрни бошқа йўналишдаги лауреатлар мисолида ҳам ҳеч иккиланмай айтиш мумкин.

Бизнингча, мукофот низомини (ҳайъат таркибини ҳам) мутлақо ўзгартириш, хусусан, комиссияга номзоднинг ўзи ҳужжат йиғиб топшириш тизимидан бутунлай воз кечиш вақти келди (аслида, бу гап «Олтин қалам» ва бош­­қа танловларимизга ҳам тегишли). Ҳатто бутун бошли вазирликлар, қўмиталар қайтадан, ўзгача, замонавий йўсинда ташкил этилаётган бир вақтда мутасаддилар жамоатчилик фикрлари асосида айни масалани ҳам жиддий кўриб чиқишлари зарур.

Рост-да, чиндан ҳам рағбатга, эътирофга арзийдиган иқтидор эгаси нега энди «Менга мукофот беринг!» дея югуриб юриши керак? Боз устига, ҳужжат топшириш тартиб-таомиллари шу қадар мураккаб ҳамда икир-чикирлари кўпки, қуйи босқичдан то республика миқёсига қадар «эсон-омон» етиб олишнинг ўзи номзоддан анчагина оворагарчилик ҳамда вақт талаб қилади. Шу сабаб ҳам кўп жиҳатдан гарчи «Зулфия»чи тенг­қурларидан кам бўлмаса-да, ортиқча югур-югур ва даҳмазаларга тоқати йўқ иқтидорлар қанча?!
Яна бир баҳсли жиҳат. Номзодларга қўйилган умумий талаблар орасида «мукофотнинг таъсис этилиши мақсадларида оқила хотин-қиз кадрлар захирасини тайёрлаш ғояси акс этгани боис номзодларда етакчилик, нотиқлик қобилияти ҳам мужассам бўлиши лозим»лиги қайд этилган. Айтайлик, касби-кори меъмор ёки ҳайкалтарош бўлган фавқулодда истеъдодли, зукко бир номзодда етакчилик, нотиқлик қобилияти сустроқ бўлса-ю (ахир телекамера қаршисида гапини йўқотиб қўядиган ижодкорлар камми?), унинг рақиби истеъдодидан кўра сўзамоллиги, тили бийронлиги билан ҳакамларни оғзига қаратиб, эътиборга тушса, ғалати эмасми? Аксига олиб, «Зулфия»чи қизларимизнинг кўпчилиги бирам гапга устаки, бу юқоридаги фикрларни қувватлаётгандай бўлаверади.
Хуллас, шу ва шу каби турли гап-сўзлар ва ҳақли эътирозларга чек қўйиш учун эл орасидан кўзга кўринган иқтидорларни комиссиянинг ўзи саралаб рағбатлантириш тартибини жорий этиш зарур. Мукофот муносиб номзодга ўзи ҳам кутмаган совға бўлса, нур устига нур эмасми? Ана шунда юзлаб, минглаб қизлар йил – ўн икки ой кутиб, қаттиқ умид боғлаб, эътирофга лойиқ кўрилмаганда ҳамма нарсадан ҳафсаласи совимайди. Қайтанга, жамиятда маълум имтиёзга эмас, билим эгаллашга, ўз устида ишлашга интилиш муҳити яхшироқ шакл­ланади.
Узоққа бормайлик, яқинда АҚШдаги Колумбия университетининг илк ўзбек профессори, 32 ёшида тарих ва диншунослик йўналишида фан доктори даражасига эришган, нақ саккиз тилда эркин мулоқот қила оладиган ватандошимиз Азиза Шоназарова давлатимиз раҳбари фармони билан «Дўстлик» орденига муносиб кўрилганида, барчамиз чин дилдан ҳавас қилмадикми? Жуда кўплаб ота-оналар қизларига Азизани ибрат қилиб кўрсатишди-ку!
Машҳур турк ёзувчиси Азиз Несиннинг «Кофе ва демократия» деган ҳажвияси бор. Адиб «Мамлакатда икки нарса – кофе ва демократия етишмайди, униси ҳам, буниси ҳам четдан келади. Гарчи уруғлари юз йил аввал қадалган бўлса-да, демократиямиз ниҳоллигича қолди. Кофени эса ҳар куни истеъмол қиламиз. Агар юз йилдан бери демократияни алқашга сарфлаган кучимизни кофе етиштиришга йўналтирганимизда эди, мамлакатимиз қаҳва чангалзорига айланиб кетарди», деган фикрни илгари суради.
Бугун Зулфия номидаги давлат мукофоти ва у билан боғлиқ жараёнларни айни шу асар ғоясига қиёсласак, муболағага йўйманг. Агар у чинакам иқтидорларни, илм-маърифатли ёшларни «сюрприз» қилиб тақдирлайдиган мукофотга айлантирилганида, нуфузи ҳам йилдан йилга ошиб борганида эди, ўтган йиллар давомида ҳали бирор-бир каромат кўрсатмай туриб, мукофот даъво қилувчи, бу йўлда қимматли вақтини бой бераётганини-да англамайдиган ёшлар эмас, балки Азиза Шоназарова каби ўнлаб олималар юзага чиққан бўларди.

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар