Гонгконг имтиёзлардан маҳрум бўлди

223

Энди нима бўлади?

Гонконг Хитой ва Америка ўртасидаги зиддиятда «қайноқ нуқта»га айланди. Бунга Хитой парламенти Пекиннинг Гонконг устидан назоратини кучайтиришини кўзда тутувчи миллий хавфсизлик ҳақидаги қонунни қабул қилиши сабаб бўлди. Аввалроқ мазкур қонун Гонконгнинг ўзида ҳам, бошқа мамлакатларда ҳам норозиликларга сабаб бўлган эди.

Хитой парламенти аъзолари қонун лойиҳасини деярли бир овоздан қўллаб-қувватлади. Қонун Хитой миллий қонунчилигини Гонконг ҳудудида қўллаш ҳуқуқини тасдиқлайди ҳамда ташқи кучларнинг минтақа ишларига аралашувини тақиқлайди. Шунингдек, ҳужжат Хитой махсус хизматларига «бурчни адо этиш ва миллий манфаатларни ҳимоялаш учун» Гонгконг ҳудудида ваколатхоналар очишга имкон беради.
Янги қонун халқаро миқёсда ҳам акс-садоларни келтириб чиқарди. Жумладан, АҚШ Давлат департаменти бундай шароитда Гонконг автономиядан маҳрум бўлади, деган хулосага келди. АҚШ давлат котиби Майк Помпео мазкур қонуннинг қабул қилинишини минтақада эркинликнинг йўқ бўлиши, дея баҳолади. Британия ва Канада ҳукуматлари эса янги қоидалар жиддий хавотирга сабаб бўлаётганини билдирди. Тўғри, Гонконг расман Хитойнинг маъмурий райони ҳисобланади, 1997 йил район Буюк Британия назоратидан Хитой назоратига ўтказилаётган пайтда Хитой раҳбарияти бир давлат – икки тизим тамойили сақланиб қолишига ваъда берган. «Бир мамлакат, икки тизим» сиёсатига биноан Гонгконг кенг автономияга эга, хусусан, полиция ва молиявий тизимни мустақил назорат қилади.
«Бир мамлакат, икки тизим» ғояси ўтган асрнинг 80-йиллари бошида Хитой лидери Дэн Сяопин томонидан таклиф этилган. Мазкур ғояга мувофиқ, Гонконг, Макао ва Тайван каби мухториятлар ўз иқтисодий ва сиёсий системасига эга бўлиши мумкин, айни пайтда Хитой билан бир мамлакат бўлиб қолаверади.
Хитой ҳукумати Гонконгда амалга киритиши режалаштирилаётган Хавфсизлик тўғрисидаги қонунни хитойлик мутахассислар 1997 йилда Британия мустамлакаси ҳукмронлиги тугаганидан кейин кучга кирган келишувнинг самарали якуни деб таърифлайди. Унга кўра, Гонконг расмий равишда Хитой Халқ Республикасининг таркибига кирган, аммо анчагина сиёсий эркинликларни сақлаб қолган эди.
Глобал миқёсда янги қонуннинг қабул қилиниши Хитой ва Ғарб ўртасидаги муносабатларнинг янада чуқурроқ ўзгаришини англатиши мумкин.
Хитой матбуотининг хабарларига кўра, янги қонун «чиқиш, ташқи аралашув, терроризм ва марказий ҳукуматни ағдаришга қаратилган барча фитна ҳаракатлари ва ҳар қандай ташқи аралашувни» тақиқлайди. Хитой бошқарувига қарши бўлганлар фикрича, қонун Гонконгнинг сиёсий мустақиллиги ва сўз эркинлигига тўғридан-тўғри таҳдид солади. Шунга ўхшаш қонун 2003 йилда Гонконг қонун чиқарувчи органи томонидан таклиф қилинган, аммо оммавий норозиликлардан кейин бекор қилинган. Қонуннинг «қайта тирилиши» ўтган йили Гонконгдаги оммавий норозиликларга тўғридан-тўғри жавобдир, буни коммунистик раҳбарлар Гонконгдаги маҳаллий ҳокимият идоралари энди шаҳарни мустақил равишда бошқара олмаслик­ларининг белгиси сифатида қабул қилишди. Афтидан, партия коронавирус даври чекловларидан фойдаланиб, бу оммавий норозилик намойишини ташкил қилишни қийинлаштиради, деган фикрда бўлса керак. Шунга қарамай, кўча намойишлари 100 фоизлик эҳтимол билан ўтказилиши мумкин.
АҚШ ҳам Пекин қарорига жавобини кўп куттирмади. АҚШ Гонгконг билан имтиёзли савдо режимини бекор қилди. Шаҳар муҳториятини йўқ қилишга алоқадор хитойлик амалдорларга қарши санкциялар жорий этди, Хитой таъсири остидаги Жаҳон савдо ташкилоти билан ҳар қандай алоқаларни узади. Бу ҳақда президент Дональд Трамп баёнот берди. Шу билан билан бирга, АҚШ шаҳардаги кўчмас мулклари ва активларини сотишга киришди.
АҚШ қонунларига мувофиқ, Гонконг Хитойдан алоҳида иқтисодий бирлик ҳисобланади, шаҳар товарларига АҚШ томонидан Хитой учун ўрнатилган тарифлар қўлланилмайди. Ушбу мақомнинг бекор қилиниши АҚШ савдосига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин: Гонконг АҚШнинг 21- энг йирик савдо ҳамкори бўлиб, 2018 йилда умумий савдо ҳажми 43,8 миллиард долларни ташкил этган.
Президент Трамп ҳеч қачон Гонконг тақдирига алоҳида эътибор қаратмаган. Ўтган ёзда жиноят содир этган гонгконгликларни Хитойга топшириш борасидаги қонун лойиҳасига қарши норозилик намойишлари бошланганда, у Си Цзиньпинни ўзини босиқ тутгани учун мақтади. Бироқ, энди сиёсат ўзгарди. Трампнинг савдо шартномасига қизиқиши йўқолганга ўхшайди, чунки у COVID-19 пайдо бўлишида Хитойни айблаяпти ва қайта сайланишга тайёргарлик кўрмоқда. Энди у Хитойга нисбатан демократлардан кўра қаттиқроқ муносабатни намойиш этяпти. Трамп бу сафар Гонконг, Тайван ва Жанубий Хитой денгизи каби мунозарали масалаларда қатъий позицияни қўллаб-қувватлаётган маслаҳатчиларининг гапига кирмоқда.
Энди нима бўлади? Албатта, ўсиб бораётган геосиёсий кескинликлар ва савдонинг пасайиши Гонконг учун зарарли ҳисобланади, шаҳардан хорижий сармоялар кетиши мумкин. Гонконгнинг қонуний ва молиявий мус­тақиллиги шаҳарни Хитойда бизнес қилишни истаган халқаро компаниялар учун жозибали жойга айлантирганди. Гонконг глобал иқтисодиётда ҳал қилувчи роль ўйнайди, чунки Хитойнинг ўсиши ва глобал иқтисодиётга қўшилиши ҳар қандай мафкуравий тафовутларни бартараф этиб, барчага фойда келтиради, деган ғоя ҳанузгача мавжуд эди. Гонконг мухториятининг тугаши ҳам ана шундай қарашларнинг барбод бўлишини англатади.
Асосий муаммо шундаки, бу ва бошқа масалалар Хитой ва Ғарбни кескинлик ёқасига келтириб қўйди. Ҳарбий-сиёсий вазият қизиб бормоқда. ХХР раиси Си Цзиньпин армияни «ёмон сценарий»га тайёр туришга чақирди. Мамлакат раҳбарининг ҳарбийлар билан парламент сессияси даврида учрашуви – анъана. Бу сафар у АҚШ билан муносабатлар Жанубий Хитой денгизи ва Тайван атрофида кескинлашган бир кезда бўлиб ўтди. Пекин у ерга иккита эскадрасини жўнатмоқда. Шу муносабат билан АҚШнинг халқаро муносабатлар бўйича Кенгаши келаси бир ярим йил ичида икки буюк давлат ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар бўлиши эҳтимоли ҳақида маълум қилди.
Ҳозир эса Америка – Хитой сиёсий муносабатлари дарз кетди. Биринчидан, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси чоршанба куни Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухториятидаги уйғурлар ва бошқа мусулмон гуруҳларни таъқиб қилаётган хитойлик амалдорларга қарши санкцияларни қўлловчи қонун лойиҳасини деярли бир овоздан қабул қилди. Иккинчидан, Вакиллар палатасига ХХРнинг Тибет автоном районини алоҳида мамлакат сифатида эълон қилувчи қонун лойиҳаси киритилди. Бу – Тибетни Хитойдан ажралиб чиқишга чорловчи қадам. Бироқ ХХР Мудофаа вазирлиги вакили У Цянь давлат учун бош таҳдид Тайван айирмачиларининг «ғимирлаб» қолгани деб айтди. Материк Хитой билан муносабатларни узиш сари сиёсат олиб бораётган Тайван президенти Цай Инвэннинг Демократик прогрессив партиясини у шундай кучлар қаторига қўшди. Шу сабабли вазият кескинлашмоқда. Пекин 2020 йилга оид ҳарбий бюджет миқдорини оширишга мажбур бўлди. У 6,6 фоизга ошиб, 178 миллиард долларга етди. Америка манбаларига кўра, Хитой миллий озодлик армияси қўмондонлиги Тайван ва унинг ҳимоячиси Вашингтонга агар орол мус­тақиллигини эълон қилишга жазм этса, куч қўллашга тайёрлигини намойиш этишга қарор қилган. New York Post газетасининг ёзишича, Пекин Тайван қирғоғи ва Жанубий Хитой денгизига иккита авиаташувчи гуруҳлар жўнатишни кўзлаган.
Оқибати қандай бўлади? АҚШнинг халқаро муносабатлар бўйича кенгаши тайёрлаган маърузага кўра, савдо соҳасидаги келишмовчилик­лар ва коронавирус пандемияси борасидаги айбловлар ошиб боргани сари ҳарбий қарама-қаршилик хавфи ошиб боради. Айтиш керакки, 2009 йилдан бери Хитой Жануби Хитой денгизида ўзининг ҳудудий эътирозларини кенгайтирди, сунъий ороллар яратиш, у ерни қуроллар маконига айлантириш ва дипломатик босимлардан фойдаланган ҳолда турли тактикаларни қўллашгача борди. Масалан, яқинда у Парасел ороллари ва Спратли оролларини назорат қилиш учун иккита янги муниципал районларни тузди. Айни пайтда Пекин АҚШ билан қарама-қаршиликка бормаслик ва минтақа давлатлари билан муносабатларда вазиятни кескинлаштирмаслик йўлини танлади. Аммо экспертларнинг фикрича, агар мамлакат ичкарисидаги ва халқаро саҳнадаги вазият ўзгарса, расмий Пекин агрессив стратегия йўлидан боради. Америка таҳлилчилари назарида Си Цзиньпинни бундай йўлга уч ҳодиса ундайди. Биринчидан, Гонгконгдаги вазиятнинг ёмонлашуви; иккинчидан, Тайван мудофаа салоҳиятининг мустаҳкамланиши; учинчидан, мамлакат ичкарисида расмийларнинг вирусга қарши курашдаги чораларининг танқидга учраши. Бундай шароитларда ХХР раиси кескин ҳаракатларга тайёрлигини намойиш этишга мажбур бўлади.
Ҳозир Ғарб матбуоти ва ҳукуматлари ташвишда. Пекин норозиликларни куч билан бостирармикан? АҚШ–Хитой қарама-қаршилиги нима билан тугайди? Немисларнинг Welt газетаси борган сари АҚШ ва Хитой совуқ уруш томон одимлаётганини иддао қилади. Бир вақтлар Ғарбий Берлин АҚШ ва СССРнинг қарама-қаршилиги даврида қандай ўрин тутган бўлса, ҳозир Гонгконг ҳам бир-бирига душман ва ғазабнок икки қудратли давлат ўртасидаги зиддият марказига айланган. Хитой оролдан бир қадам ҳам ортга чекинмоқчи эмас, Қўшма Штатлар озодлик ўчоғини бор кучи билан ҳимоя қилиш ниятидан воз кечмоқчи эмас. Аммо Трамп Гонгконгдаги молиявий бозорда ўрнашиб олган ва улкан пул ишлаётган 1300 дан зиёд Америка компания ва корпорацияларининг манфаатларини ҳисобга олишга мажбур. Шунинг учун ҳудуддаги демократик кучларни қўллаб-қувватлаш учун кескин қадамлар ташлай олмайди. Пекин ҳам америкаликлар шаънига дағдағали огоҳлантиришлар йўллаётгани, хусусан, Америка давлат облигацияларини сотиш, АҚШга ноёб ерости қазилмалари жўнатилишига тўсиқ қўйиш, Хитойда ишлаётган Америка компанияларига қийинчилик яратиш ваъдаларига қарамай, Вашингтонга у қадар зиён етказолмайди. Чунки иккала мамлакат иқтисодиёти ўзаро чамбарчас боғлиқ. Бу чоралар Хитойнинг ўзига ҳам зарба бўлиб тушади. Шунинг учун минтақавий сиёсатда томонлар эҳтиёткорлик қилишга мажбур. Аммо Вашингтон Хитойнинг ўсиб бораётган иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий қудратини жиловлаш йўлидан қайтмайди. АҚШ дунёда ҳукмронлик ўрнатиш, бир қутбли дунё тартиботини яратиш йўлида собитқадам экан, рақобатчисига ўрни келган жойда зиён етказишга уриниб кўради.

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ,
шарҳловчи

Бошқа хабарлар