Касаба уюшмаси аралашгач, БОШ ВРАЧ ИШДАН КЕТДИ

363

Шу йил 1 июнь куни ижтимоий тармоқлар яна “портлади”. Унда Тошкент вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Бахтиёр Болтабоевнинг ходимлар (улар орасида хотин-қизлар ҳам бор) билан ўта қўпол ва ахлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган тарздаги муомиласи “акс этган” эди.

Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бу “томоша”га бефарқ бўлолмади. Кенгаш ҳолат бўйича Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги директори Баҳодир Юсупалиевга расмий хат билан мурожаат қилди.

Унда жамиятда хотин-қизлар мавқеини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир вақтда Б.Болтабоевнинг ходимлар, айниқса, аёллар шаъни ва қадр-қимматини камситиб, уларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилгани кечириб бўлмайдиган ҳолат экан, ва бу ҳолат жавобсиз қолиши адолатдан эмаслиги баён қилинди.

Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашидан маълум қилишларича, жорий йилнинг 2 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги хизмат текшируви ўтказиб, мутахассислар ҳолатни чуқур ўрганишган.

Улар тақдим қилган хулосаларга кўра, бош врач Бахтиёр Болтабоевнинг масаласи муҳокама қилиниб, унга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чора кўрилди. Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги раҳбарининг тегишли бўйруғи билан Б.Болтабоев ушбу вазифадан бўшатилди.

Ва яна… Шу куннинг ўзида собиқ раҳбарнинг барчадан, хусусан, касаба уюшмаларидан “кечирим сўраш” видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалди. Унинг мулойимгина бўлиб, “кечиринглар” дейишини кўрган киши аввалги важоҳатли ҳолати билан таққослаб, “танимай қолган” бўлса ҳам ажаб эмас…

Йўқ, бу билан, ўйлаймизки, масалага бугун нуқта қўйилмади. Ҳали “моҳият”гача иш бор, чамаси…

Алижон Абдураҳмонов,

Ishonch

Бошқа хабарлар