«ЭСКИ ДАРД» ХУРУЖИ

450

ёхуд АҚШ «Флойд воқеаси»дан қандай хулоса чиқармоқда?

АҚШ-Хитой муносабатлари совуқлашаётган, коронавирус пандемияси ортидан 41 миллион нафардан зиёд америкалик ишсиз қолган, иқтисодиёт чўкаётган, янги вирусдан ўлганлар ва касаллаганлар сони бўйича дунёда пешқадамлик қилаётган Қўшма Штатлар бошига яна бир синов тушди. Бу сафар қора танли кишининг полициячи томонидан ўлдирилиши АҚШни тартибсизлик­лар ва талон-торожлик­лар мезбонига айлантирди. Ҳатто, АҚШ Мудофаа вазири Марк Эспер мамлакат бўйлаб ирқчиликка қарши намойиш­лар ўтаётган ҳудудларни «жанг майдони» деб аташгача борди. Аслида, 20 йилдан зиёд ҳарбий формада хизмат қилган вазирнинг бундай баёнот бериши жиддий хато. Ҳарбийлар, одатда, қўшинлар душманга қарши курашаётган ҳудудни «жанг майдони» деб атайди.

Президент Трамп ғалаёнлар босилмас экан, армияни ишга солиш билан таҳдид соляпти. Аммо Пентагон раҳбари президентнинг бу аҳдига қарши. Аксинча, бунинг ўрнига қуролли кучларнинг захирадаги бўлинмаси – Миллий гвардияни жалб этишни мақсадга мувофиқ ҳисоблайди. Хуллас, муаммо ечимини топишда Президент администрацияси ва Мудофаа вазирлиги қарама-қарши позицияда. Айрим сенатор ва конгрессменлар ҳам Трампга ҳамоҳанг тарзда намойишларни бостириш учун ҳарбий кучни ишга солишга чақирмоқда. Арканзас штатидан сайланган республикачиларнинг Сенатдаги вакили Том Коттон четдан келиб намойишчиларни йўлдан ураётган ташвиқотчиларга қарши 101-ҳаво-десант дивизия қўшинларини ташлашни таклиф этмоқда.
Маълумки, ўтган ҳафтада АҚШда яна бир қуролсиз афроамерикаликнинг оқ танли полиция ходими қўлида ҳалок бўлиши ортидан оммавий норозилик акциялари бошланиб кетди. Миннесота штатидаги Миннеаполис шаҳрида оқ танли полиция ходими Дерек Шовин қора танли Жорж Флойдни кишанлаб, тиззаси билан бўйнини қарийб тўққиз дақиқа босиб тургани туфайли у ҳалок бўлди. 20 долларлик сохта пулни ишлатишга уринишда айбланган Флойд Шовинга бир неча марта нафас олишга қийналаётганини айтиб, фарёд қилган. Флойд чеккан азиятни бир неча гувоҳ телефонига ёзиб олди ва ижтимоий тармоқларда бўлишди. Натижада Миннеаполисда норозилик намойишлари бошланиб кетди. Америка бўйлаб 140 дан ортиқ шаҳарда полиция зўравонлигидан ғазабланган америкаликлар намойишга чиқди. Айрим акциялар давомида маҳаллий дўконлар талон-торож қилинди, натижада баъзи штатлар Миллий гвардияни сафарбар қилишга мажбур бўлди. Демак, «эски дард» яна хуруж қилди.
Гап шундаки, АҚШдаги афроамерикаликлар ҳуқуқ-тартибот органлари уларга холис муносабатда эмаслигидан бир неча ўн йилдан бери шикоят қилиб келади. Хусусан, улар «ирқий профайлинг», яъни полиция томонидан шахсларнинг териси ранги, миллати, дини ёки жинси туфайли тўхтатилиб, сўроқ қилиниши кенг тарқалганидан шикоят қилиб келадилар. Қора танли америкаликлар мамлакат аҳолисининг 13 фоизини ташкил қилади. Аммо маҳбусларнинг 60 фоизи­ афроамерикаликдир. Қолаверса, полиция қўлида нобуд бўлган қора танлилар сони оқ танлиларга солиштирганда анча юқори. «The Washington Post» газетаси тўплаган маълумотларга кўра, полиция ҳаракатлари туфайли ўлганларнинг 26 фоизини қора танлилар ташкил қилади. Полиция отиб ўлдирган қуролсиз америкаликларнинг учдан бир қисми ҳам афроамерикаликлардан иборат. Собиқ полиция ходими Роналд Дейвис ўтган йилнинг кузида Конгресс олдида сўзлаган нутқи давомида полиция ходимларининг кўплаб қора танлиларни ўлдираётгани тасодиф эмаслигини айтди.
Оқ танли полициячилар қора танли шахсларга қарши ошиқча куч ишлатганини кўрсатувчи видео далиллар бўлса-да, улар кўп ҳолатларда оқланади. Шунинг учун Америкадаги афроамерикалик­лар полиция уларга холис муносабатда эмаслигига ишонадилар. 2013 йилда ёнида қуроли бўлмаган, 17 яшар қора танли Травон Мартин отасини кўргани борган пайтда уни 28 ёшдаги оқ танли полиция ходими Жорж Циммерман отиб ўлдирди. Суд Циммерманни қотилликда айбдор деб топмади. Натижада «Black Lives Matter» – «Қора танлиларнинг ҳаёти ҳам муҳим» ҳаракати бошланиб кетди.
2014-2016 йиллар орасида кўп сонли қора танлиларнинг ўлдирилгани полиция зўравонлигига қарши норозилик акцияларига туртки бўлди. 2014 йилнинг июлида оқ танли полиция ходимлари Эрик Гарнерни ноқонуний тарзда тамаки сотишда айблаб, тўхтатди. Ёнида қуроли бўлмаган Гарнерни полициячи ерга ётқизганини ўткинчилар видеога ёзиб олди. Полиция ходимларидан бири 43 ёшдаги қора танли Гарнернинг бўйнини бўғди. Ҳаво етишмаётганини бир неча марта айтган Гарнер орадан кўп ўтмай жон берди. Аммо унинг ўлимига сабаб бўлган офицер айбсиз деб топилди.
Гарнер ўлимидан бир ой ўтиб, полиция ходими Фергусон шаҳрида ўсмир Майкл Браунни отиб ўлдирди. Браун ўлдирилган пайтда унинг ёнида қуроли йўқ эди. Уни ўлдирган полициячи ўзини ҳимоя қилиш учун ўт очганини айтди ва судда айбсиз деб топилди.
АҚШда 1960-йилларда афроамерикаликлар ҳибсга олиниши ортидан бир неча норозилик намойиши бўлиб ўтган. 1965 йилнинг августида полиция 21 ёшдаги қора танлини автомобилини эҳтиётсиз ҳайдагани учун тўхтатди. Унинг полиция билан тўқнашуви ортидан полиция зўравонлиги ва оғир яшаш шароитларига қарши норозилик намойишлари бошланиб кетди. Олти кун давом этган тартибсизликлар давомида 34 нафар одам нобуд бўлди, юзлаб иморат зиён кўрди. 1967 йилда асосан оқ танли полиция ходимлари томонидан қора танлиларнинг ҳибсга олиниши ортидан Нью-Жерси ва Мичиган штатларида яна норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Барча ҳолатларда вазиятни назоратга олиш учун Миллий гвардия сафарбар қилинди. 1992 йилда оқ танли полиция ходимлари қора танли Родни Кингни дубулға билан аёвсиз калтаклаётгани видеога тушиб қолди. Бунинг ортидан Америка бўйлаб полициянинг қора танлиларга нисбатан зўравонлиги яна қизғин муҳокама қилинди. Кингни калтаклаган полиция ходимлари айбсиз, деб топилиши ортидан Лос-Анжелесда норозилик намойишлари ва тартибсизликлар бошланди, ўнлаб одам нобуд бўлди.
Давом этаётган COVID-19 пандемияси барча қатори қора танли америкаликларни ҳам мушкул аҳволга солди. Аммо штатлардан олинган маълумотларга кўра, афроамерикаликлар вирусни кўпроқ юқтирди, ўлганлар орасида ҳам қора танлилар сони кўпроқ. Мутахассисларнинг айтишича, бу ҳолат афроамерикаликлар гавжум маҳаллаларда яшаши ҳамда тиббий хизматлардан оқ танлилар билан тенг кўламда фойдалана олмаслиги билан боғлиқ. Қолаверса, кўплаб қора танли америкалик олисдан бажариб бўлмайдиган ишларда ишлайди. Бу эса уларнинг вирусга чалиниш эҳтимолини оширди. Бу ҳам ирқчиликнинг оддий бир кўриниши.
Май ойида ирқчилик билан боғлиқ танглик аллақачон кескинлаша бошлаган эди. 5 май куни қўлига қурол тутган икки нафар оқ танли шахс бир нафар афроамерикаликка ҳужум қилгани акс этган видео тарқалди. 23 февралда эса нафақадаги полиция офицери Грегори Макмайкл ҳамда унинг ўғли Трэвис Макмайкл куппа-кундуз куни 25 ёшдаги Аҳмад Орберининг йўлини тўсди. Макмайклларнинг сўзларига кўра, улар Орбери яқинда содир этилган икки ўғирликка алоқадор бўлиши мумкин, дея тахмин қилишган. Трэвис Макмайкл ва Орбери жанжаллашиб қолиши ортидан Макмайкл уни отиб ўлдирди. Бу ҳолат ортидан ҳам маҳаллий норозилик намойишлари бошланиб кетди. Ушбу ҳолат ҳақида полицияга бошидан маълум бўлган бўлса-да, тўқнашув видеоси кенг тарқалганидан кейингина ота-ўғил Макмайкллар қўлга олинди.
25 май куни қора танли Кристиан Купер Нью-Йоркдаги марказий паркда итини сайрга олиб чиққан оқ танли аёлни қоидаларга амал қилишга ва итини боғичга бойлашга чорлади. Оқ танли аёл эса полицияга телефон қилиб, афроамерикалик эркак унга таҳдид солаётганини иддао қилди. Купер бу ҳолатни видеони ёзиб олди, унинг синглиси эса уни интернетда улашди. Видео тез орада 40 миллион мартадан кўп кўрилди.
Айни дамда АҚШ конгресси «ирқий профайлинг»ни тугатиш қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Лойиҳада полициянинг ирқ, миллат, дин ва жинс асосида хулоса чиқаришини ва чора кўришини ман этиш назарда тутилган. Дарҳақиқат, кўзни очиш даври келди. Акс ҳолда, мамлакат ҳалокатга юз тутади. Ижодкор Робин Вест «Сиёсий конституционализм» асарида бежиз жамиятдаги иллатларни қаламга олмаганди: «Қўшма Штатларнинг сиёсий тарихи аксарият ҳолларда қулларга нисбатан онгсизларча шафқатсизлик, туб америкаликлар – ҳиндуларга нисбатан геноцид, оқ танли бўлмаганларга нисбатан ирқчилик, аёлларга нисбатан шовинизм тарихидир». Бу каби таъна-дашномлар, танқид ва таҳқирлар муаммони охир-оқибат Конгресс минбарларигача олиб чиқилишига сабаб бўлди.
Хуллас, жиноятчи ким бўлишидан қатъи назар, албатта, жазосини олиши даркор. Жиноятчиларни терисининг рангига қараб фарқлаш адолатдан эмас. Нима ҳам дердик? Ўтган асрнинг 70-йилларидан эътиборан «Америка бунга келган барча ирқ, миллат ва элатларни дошқозонда эритиб, яхлит қотишма қиладиган юрт», деган мафкуравий ғоя устувор эди. Бу даргоҳда ҳеч қачон миллатчилик, маҳаллийчилик бўлмайди, ҳамма тенг ва эркин деган шиорлар замирида ҳам зиддиятлар борлиги, булар қачонлардир юзага чиқиши, кучайиши ва ҳатто портлаши мумкинлиги сиёсатчиларнинг «етти ухлаб тушига ҳам кирмаган» эди. Кўпмиллатли (полиэтник) давлатларда ўта нозик ва ҳушёр миллий сиёсат олиб борилмаса, деструктив (бузғунчи) кучлар, албатта, бу омилни бўрттириб, барқарорлик ва тинч­лик тамойил­ларига зид ишларда бундан фойдаланишига тарихда ҳам, ҳозирги кунда ҳам истаганча мисол топиш мумкин. Демак, ирқчилик, миллатчилик, шовинизм сиёсати кўп миллатли давлатни пароканда қилади. Бу АҚШга хос бўлган муаммо эмас. Американи 10 кундан бери зир титратаётган тўқнашувлардан бошқа дунё давлатлари ҳам жиддий сабоқ ва хулосалар чиқаришлари керак.

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ,
шарҳловчи

Бошқа хабарлар