Ишчи гуруҳ Тошкентда иш бошлади

143

Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика ишчи гуруҳи Тошкент шаҳридаги хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганишга киришди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­сида йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди. Респуб­лика ишчи гуруҳи раҳбари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов мутасадди раҳбарларга бир қатор муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани намуна тариқасида танлаб олинди. Пойтахтнинг бошқа туманларига ҳам ишчи гуруҳ аъзолари бириктирилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Олмазор туманидаги «Ислом ота» МФЙда бўлиб, ёрдамга муҳтож хотин-қизлар муаммолари билан танишди.
Айни пайтда маҳаллада 5 минг 610 нафар фуқаро рўйхатга олинган. Шундан 3 минг 39 нафари аёл киши. Маҳаллада ўтган йил давомида тўққизта оила ажрашган. 53 нафар хотин-қиз хорижга ишлаш учун кетган. 16 нафар аёл боқувчисини йўқотган. Ногирон аёллар сони 42 нафар.
– Маҳалламизда кам таъминланганлар рўйхатида турадиган оилалар йўқ, – дейди «Ислом ота» МФЙ раиси Шавкат Ҳамидов. – Аммо бутун дунёда кузатилаётган пандемия туфайли боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор, асосий даромади кунлик ишлардан келувчи оилаларга қийин бўлмоқда. Уларга қўлдан келганча ёрдам беряпмиз. Лекин ҳамманинг кўнгилини бирдек олишнинг иложи йўқ.
Нигора Холмирзаева оилавий шароити оғир аёллардан. Турмуш ўртоғи оғир ишга ярамайди. Устига-­устак, битта фарзанди биринчи гуруҳ ногирони. Уни даволатишга эса маблағ йўқ. Тўрт жоннинг асосий даромади шу боланинг ногиронлик нафақаси, холос.
Нигора Холмирзаева ишчи гуруҳдан дори-дармон ва оилавий шароитини яхшилаш учун моддий ёрдам ҳамда турмуш ўртоғини ногиронлик нафақасига чиқаришга ёрдам берилишини сўради.
Республика ишчи гуруҳининг Тошкент шаҳридаги хотин-қизлар муаммоларини ўрганиши давом этмоқда.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар