Ҳафталик таассуротлари: «ОШ» ДЕБ ШАВЛА ТОРТСАЛАР…

348

Шу йилнинг 2-8 июнь кунлари «Sevimli» телеканали орқали «Маданий карантин» лойиҳаси доирасида «Хоразм маданияти ва санъати» ҳафталиги ташкил қилингани санъатсевар халқимиз учун муносиб туҳфа бўлди.

Тан олиш керак: пойтахтдан анча олисдаги ҳудуддан жонли ижродаги концертни элга армуғон қилиш осон бўлмаган, албатта. Шу маънода Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа қатор ташкилотлар вакиллари карантин шароитида халқимизга хушнудлик бахш этиш мақсадида кўрсатган жонбозликларини алоҳида қадрлаймиз. Кўпчиликка манзур бўлган концертларнинг эфирга узатилишида «Sevimli» телеканали билан бирга Хоразмдаги «S Иқбол» телерадиоканали жамоасининг ҳам хизмати катта.
Айтиш мумкинки, концертлар давомида экранда бериб борилган хабарлар санъаткорларнинг чиқиши кўпчиликка манзур бўлганини кўрсатди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Раҳматжон Қурбонов, Оғабек Собиров, Тўлқин Жабборов, «Ниҳол» мукофоти совриндорлари Дилмурод Султонов, Мурод Қиличев, Бунёд Саидов ҳамда Ҳулкар Абдуллаеванинг мухлислари нафақат республикамизда, балки қўшни давлатларда ҳам кўпчиликни ташкил қилишига гувоҳ бўлдик.
Хўш, санъатсевар хоразмликларнинг ўзлари ушбу дастурлар ҳақида қандай фикрда?
– Концертларни яйраб тингладик, – дейди меҳнат фахрийси Қувондиқ Сафарбоев. – Ҳар бири ўзига хос. Улар бизнинг маданий дам олиб, ҳордиқ чиқаришимизга ёрдам берди. Созандаларимиз куйларни маҳорат билан ижро қилишди. Хоразм мақомлари, ялла қўшиқлари, замонавий эстрада санъати, халқ оғзаки ижоди намуналари барчага маъқул келди, деб ўйлайман. Ушбу ­дастур муаллифларига, уни амалга оширганларга катта раҳмат!
– Менга ҳафталикнинг охирги кунидаги дастур жуда ёқди, – дейди Шовот туманидаги «Бўйрачи» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Наримон Отажонов. – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Оғабек Собиров, мақом қўшиқларининг моҳир ижрочиси Азамат Отажонов ижросидаги мақом-у сувораларни эшитиб дилимимиз яйради. Дастур тўрт соатдан зиёд давом этди. Агар у ­тонггача давом этса ҳам экран қаршисидан жилмаган бўлардик.
Очиғи, концертлардан кўнгли тўлмаганлар ҳам йўқ эмас, албатта.
– Дастурлардан мухлис сифатида кўнглим тўлмади, – дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Муяссар Раҳимова. – «Хоразм мадания­­ти ва санъати ҳафталиги» ҳақида эълон қилишганида жуда кўп нарсадан ­умидвор бўлгандим. Маданият ва санъат кенг қармовли тушунча. У фақат куй-қўшиқ ёки рақсдан иборат эмас. Дейлик, кўрсатувларнинг бирида Хоразм вилоят театри жамоаси саҳналаштирган «Жалолиддин Мангуберди», «Тўмарис» спектаклларидан парчалар намойиш қилиш мумкин эди. Тўғри, кўрсатувларнинг айрим сонларида вилоят қўғирчоқ театри жамоаси қатнашди. Аммо, уларнинг чиқиш­лари мухлисларни қониқтирадиган даражада бўлмади. Қисқаси, ҳафталикка театрлар ҳам жалб қилинса, айни муддао бўларди.
– Ушбу ҳафталикнинг Ичан ­қалъада ўтказилганини инобатга олсак, уни янада жозибадор қилиб ташкил қилиш имкониятлари кўп эди, – дейди меҳнат фахрийси Қурбонбика Ўрозметова. – Айтайлик, Ҳулкар Абдуллаеванинг концерти машҳур Исломхўжа мадрасаси олдида бўлиб ўтди. Ушбу ­мадраса ҳозирда музей. Шу музейга беш дақиқалик саёҳат ташкил қилинса, уни уюштиришда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳиссаси борлиги билинарди. Зеро, бошловчи неча марта шу ташкилотга миннатдорчилик билдирмасин, ушбу идора вакилларининг концерт учун астойдил тер тўкишгани сезилмади.
Айрим юртдошларимиз Хоразмда жонли ижрони «қийиб қўядиган» ҳофизлар кўплигини, аммо улар концертда кўринмагани, умуман, дастурга тор доирадаги санъакорлар таклиф қилингани, оқибатда эса Хоразм санъати бор бўй-басти билан кўринмаганини айтишди.
Ҳа, фикрлар хилма-хил бўлиши тайин. Зеро, ҳар кимнинг ўз қаричи, ўз диди бор. Ушбу ­дастурларни томоша қилган мухлис сифатида менинг ҳам кўнглимдан қатор фикрлар ўтди. «Sevimli» телеканали жамоасининг меҳнатлари эътирофга лойиқ. Ҳақиқатан, катта лойиҳага қўл урилган. Давлат бюджети ҳисобига кун кўриб ўтирган телеканаллар амалга ошириши мумкин бўлган лойиҳа ушбу телеканал томонидан муваффақиятли амалга оширилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, карантин кунларида Тўрткўл туманининг «TTV» телеканали ҳам жонли ижродаги концертлар тез-тез эфирга узатиб, Хоразм санъати мухлисларини хушнуд қилмоқда. Лекин «Sevimli»дан фарқли ўлароқ, ушбу телеканалда мумтоз ашулаларга, мақом ва сувораларга кенг ўрин берилмоқда. Машҳур санъаткорлар билан бир қаторда ёш истеъдодлар ҳам ўз имкониятларини синовдан ўтказмоқда. Ушбу телеканалдаги жонли ижродаги концертларнинг яна бир устун жиҳати шуки, унда мухлислар хабар ёзиб, оила аъзосига, яна кимларгадир салом йўлламайди, аксинча, санъаткорларга турли тилаклар, саволлар билан мурожаат қилишади. Бу эса концертнинг савияси тушишига эмас, ошишига хизмат қилмоқда. «Sevimli» телеканалида эфирга узатилган дастурдаги бачкана табриклар томошабинлар энсасини қотирди, деб ўйлайман. Агар ўша хабарлар телеканалга даромад келтираётган бўлса, уларни шунчаки экранда намойиш қилиб ўтиш кифоя эди.
«Хоразм маданияти ва санъати ҳафталиги» доирасидаги энг катта хато – Хоразм санъатининг онаси бўлмиш бахшичилик санъатининг эътибордан четда қолгани бўлди. Эътибор қилган бўлсангиз, Оғабек Собиров ўз чиқишида бундай саҳнага Ўзбекистон халқ ҳофизи Фарҳод Давлетов жуда ярашишини айтиб ўтди. Жонли ижродаги концертларга Ўзбекистон халқ бахшилари Норбек Абдуллаев, Қаландар Нурматов, мақом санъатининг моҳир ижрочилари Очилбек Матжонов, Отамурод Нурматов, Анвар Бекжонов, Умиджон Раҳимов ва яна ўнлаб санъаткорлар жуда ярашган бўларди. Бу санъаткорлар саҳнага чиқиб олиб, «мазам бўлмаяпти, овозим бўғилиб турибди…» дея ўзининг айбини қандай яширишни билмаганлардан кўра минг чандон устун эди. Улар халққа хушнудлик бағишлаган бўларди.
Хоразмда яна дунёда ўхшаши йўқ халфачилик санъати ҳам бор. Тўғри, Хулкар Абдуллаева ушбу йўналишда ашулалар ижро қилди. Аммо, хоразмлик асл халфалар ашулани ўзлари аккордеон ва доира чалиб айтишади. Бунинг жозибаси, таровати бутунлай бошқача.
Ҳаммага маълумки, Хоразм ҳунармандчилиги, гиламчилиги ва минатюра санъати етти иқлимга достон. Концертлар ёзиб олган майдонларда уларнинг кўргазлари ҳам ташкил қилишса яхши бўларди, деб ўйлаб юргандим. Дастурнинг охирги кунида гиналарим андак ариди. Кўргазма ташкил қилинди. Бироқ, ҳунармандларнинг меҳнати барибир очиб берилмади. Эътибор қилган бўлсангиз, шу куни Самандар Ҳамроқулов ҳунармандлар меҳнатини ҳам, Нуриллабой саройи тарихини ҳам очиб беришга ҳаракат қилди. Аммо, қўлида маълумотлар йўқлиги панд берди.
Ҳафталик доирасида маданиятимизнинг юраги бўлган шеърият ҳеч кимнинг ёдига тушмади. Ваҳоланки, Хоразмда Огаҳийнинг юзлаб издошлари баракали ижод қилишмоқда. Хоразмда яна истеъдодли рассомлар, ҳайкалтарошлар ҳам кўп. Умуман, ҳафталикнинг ҳар бир кунига охирги кундаги каби ёндашилганда, мухлисларга янада кўпроқ маъқул-у манзур бўларди.
Ташкилотчилар бу фикр-мулоҳазаларга жавобан «карантин»ни баҳона қилишлари мумкин. Ушбу ҳафталикни ташкил қилишда кўплаб ташкилотлар, инсонлар иштирок этгани, вақт ҳам етарлича бўлганлигини инобатга олсак, бу баҳонадек туюлади. Фикрларимиз маданият ва санъат ҳафталиклари ­бошқа вилоятларда ташкил қилинганида инобатга олинса, тадбирларнинг «исми жисмига мос» ўтишига хизмат қиларди. Йўқса, ушбу ­дастурларни шунчаки бир қанча санъаткорларнинг концерти сифатида номлаш мақсадга мувофиқ.
Зеро, шавла «ош» деб тортиқ қилинса, уни таътиб кўрмасдан фарқига борадиганлар ҳам бор ва улар кўпчилик, ахир!..

Муҳаббат Тўрабоева,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар