Ишчи гуруҳи – Тошкентда: КАТТА ШАҲАРДАГИ КАТТА МУАММОЛАР

112

Битта туманда 1 минг 193 нафар боланинг тирик етимга айланганини тасаввур қила оласизми? Бир мактабда таҳсил олаётган болаларнинг барчаси сағир эканини-чи? Бундай аянчли ҳолатлар рўй бераётганига ҳайрон қолмасликнинг иложи йўқ. Эр-хотиннинг ажралиши, бир оиланинг пароканда бўлиши, болаларнинг тирик етимга айланишининг илдизи нималарга боғлиқ эканидан далолатмасми бу?

Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи Тошкент шаҳридаги аёллар муаммоларини Олмазор тумани мисолида ўрганиш чоғида ана шундай ҳолатга дуч келди.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, пойтахтдаги аёлларнинг ижтимоий шарт-шароити ҳавас қилгулик эмас. Биргина Олмазор туманидаги 58 та маҳаллада 443 нафар хотин-қиз оғир турмуш шароитида яшамоқда. Оилавий ажримлар сони 942 та, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар сони эса 98 та.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ажримларга оилавий келишмовчиликлар, бефарзандлик, хиёнат, узоқ муддат бир оила бўлиб яшамаслик, иқтисодий муаммолар ва ишсизлик сабаб бўлган.
Охирги пайтларда аёллар ўртасида жиноятчилик кўп кузатилмоқда. Бу кўрсаткич, айниқса, пойтахтда сезиларли даражада юқори. Рақамларга тўхталадиган бўлсак, профилактик ва тарғибот тадбирлари натижасида 2017-2019 йилларда тумандаги хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 6 тадан 3 тага, фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи аёллар 25 нафардан 15 нафарга, спиртли ичимликларга ружу қўйганлар 48 тадан 42 тага камайишига эришилган. Шу билан бирга, ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатлари деярли ўзгаришсиз қолмоқда. 2018 йилда туманда 3 та ўз жонига қасд ва 3 та суиқасд, 2019 йилда 2 та ўз жонига қасд ва 3 та суиқасд, жорий йилнинг шу даврига қадар 1 та ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қайд этилган. 56 нафар аёл тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган.
Оила ва жамиятда ўз ўрнига эга, турли тазйиқларга учрамаган, бирламчи ижтимоий яшаш шароитига эга аёлнинг жиноятга қўл уриши – қийин масала…
Муҳтожлик ҳар кимни ҳар кўйга солади. Шунинг учун Ишчи гуруҳнинг бош мақсади, энг аввало, аёллар бандлигини таъминлашдан иборат.
Афсуски, бугунги кунда туманда 673 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланмаган. Туман бандликка кўмаклашиш маркази тақдим этган маълумотларга қараганда, айни пайтда 572 та бўш иш ўрни мавжуд…
Соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган амалий ишлар ва тиббий-репродуктив тарғиботлар натижасида ўтган йил ва жорий йилнинг ҳозирги даврига қадар оналар ўлими ҳамда эрта туғуруқ ҳолатлари қайд этилмаган. Аммо гўдаклар ўлими сони сўнгги йилларда 38 тадан 43 тага ортган.
Мухтасар айтганда, ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, пойтахтдаги аёлларнинг ижтимоий шарт-шароити ҳавас қилгулик эмас. Демак, уларнинг ижтимоий аҳволини яхшилиш учун барча мутасаддилар бир ёқадан бош чиқариб, ўзаро ҳамжиҳатликда иш кўриши жоиз. Акс ҳолда, вазият бундан-да оғирлашиши мумкин.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,

«ISHONCH»

Бошқа хабарлар