Онлайн видеоконференцияда бугуннинг вазифалари таҳлил қилинди

99

Мамлакатимиз Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Ўзбекис­тон Республикасининг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Улуғбек Лапасов иштирокида видеоконференция шаклидаги учрашув бўлиб ўтди.

Очиқ мулоқотда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ­Қудратилла Рафиқов иштирокчиларни 12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни билан самимий табрик­лаб, пандемия шароитида ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш масалаларига тўхталиб ўтди.
– Мазкур масалалар шахсан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг доимий диққат эътиборида эканини алоҳида таъкид­ламоқчиман, – деди ­Қудратилла Рафиқов ўз сўзида. – Шахсан Президентимиз ташаббуси билан пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатишга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилиниб, уларга асосан 540 мингта оилага 307 миллиард сўмлик кўмак берилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларига тўхталар экан, Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ХМТнинг 100 йиллик Меҳнат соҳаси истиқболлари тўғрисидаги Декларация­сида халқаро меҳнат нормаларини ратификация қилиш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш белгилаб қўйилгани, худди шунга ҳамоҳанг тарзда ўтган йилда Ўзбекистон томонидан ХМТнинг 3 та Конвенцияси ратификация қилинганини алоҳида қайд этди. Бундан ташқари, жорий йилнинг март ойидан кучга кирган Ўзбекистон Респуб­ликасининг «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонуни ХМТ стандартлари, жумладан, ХМТнинг 87-Конвенцияси талабларига уйғунлаштирилгани, 2019 йилда рес­публика ва минтақалар миқёсида тузилган Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссиялар ҳам ўз ишини бошлагани таъкидлаб ўтилди.
– Пандемия шароитида Ўзбекис­тон касаба уюшмалари ҳам ижтимоий шериклар билан ҳамкорликда меҳнаткашларнинг ҳуқуқий ҳимоя­сини таъминлаш ҳамда муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда, – деди Қудратилла Рафиқов ўз сўзини давом эттирар экан. – Аввало, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Инқирозга қарши курашиш Республика комиссияси таркибига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакилининг киритилиши натижасида ушбу жараёнда меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўлиқ инобатга олинмоқда.
Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, пандемия даврида Федерациянинг «Қудратимиз – бирликда, биз ғалаба қозонамиз!» шиори остидаги Мурожаати барча ватандошлар, меҳнаткашлар, фахрийлар, аёллар ва ёшларга йўлланди.
Коронавирус пандемия­­си даврида меҳнат муносабатлари бўйи­­ча касаба уюшмаларининг тавсиялари ишлаб чиқилди, ходимларни масофавий иш усулида, мосланувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби жорий қилинди. Карантин чек­ловлари юмшатилаётгани муносабати билан корхоналарда хавфсиз меҳнат шароитлари яратилиши ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши касаба уюшмаларининг жамоатчилик назоратига олинди.
Жамоатчилик назорати тартибида, 2 минг 527 та объектда ишловчи қарийб 182 минг нафар ходимнинг меҳнат шароитлари ўрганилди. Натижада меҳнат ва дам олиш шароитлари етарли бўлмаган, махсус кийим билан таъминланмаган, ҳимоя ниқоби ва антисептик воситалар мавжуд бўлмаган ҳолатлар аниқланган ҳолларда, камчиликларнинг жойида бартараф этилиши таъминланди. Пандемия шароитида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан кам таъминланган оилалар қўллаб-қувватланмоқда.
Ўз навбатида, Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер ҳам Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш кунида мазкур видеоконференция шаклида онлайн мулоқот ташкил этилганидан мамнун эканини билдириб, болалар меҳнатига йўл қўймаслик бўйича Ўзбекистондаги уч томонлама ҳамкорлар билан биргаликда диққатга сазовор ютуқларга эришилганини алоҳида таъкидлади. Бунда Президент Шавкат ­Мирзиёев амалга ошираётган сиёсатнинг улкан аҳамиятга эга экани, бунинг натижасида Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганини эътироф этди.
Бундан ташқари, пандемиянинг жаҳон миқёсида иқтисодиётга салбий таъсирини ўтказганини, Ўзбекистон раҳбарияти пандемия шароитида ҳам аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратаётиб, тизимли ишлар амалга ошираётганини алоҳида қайд этди. Айни кунда Ўзбекис­тон билан биргаликда олиб борилаётган ҳамкорлик йўналишлари, муносиб меҳнат бўйи­­ча мамлакат дастурини давом эттириш, шу мақсадда янги дастур ишлаб чиқиш устида иш олиб борилаётгани, ХМТ Конвенцияларини ратификация қилиш йўналишидаги ишларни давом эттириш борасидаги фикрларини билдирди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов ҳам бугунги кунда меҳнат соҳасидаги уч томонлама шерикликнинг жуда ҳам долзарб аҳамиятга эга эканини қайд этиб ўтди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Матбуот хизмати

Бошқа хабарлар