«Ок, кема»: ҳақиқатга айланаётган афсона!

208

Мўйноқ туманининг мафтункор қиёфаси яна бир янги замонавий бино билан чирой очди. Президентимиз ташаббуси билан Мўйноқ туманининг «Бозатау» ОФЙ ҳудудида узукка кўз қўйгандек ярашган «Оқ кема» номли замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳи фаолият бошлади.

Оромгоҳнинг тантанали очилиш маросимида давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, кенг жамоатчилик, ота-­оналар ҳамда болалар иштирок этди.
– Бугун Қорақалпоғистоннинг қай бир туманига борманг, улкан янгиланишларга гувоҳ бўласиз, – деди Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла ­Рафиқов. – Мўйноқ эса ўзининг янгидан туғилиш даврини бошдан ўтказмоқда. Ўзим ҳам ҳар сафар бу ерга келганимда, юрагим орзиқиб кетади. Давлат раҳбарининг ўз халқига бўлган чексиз муҳаббатини ҳис этаман, уни чин юракдан севишига имон келтираман. Мўйноқ туманида қад ростлаган шундай муҳташам даргоҳда ўғил-қизларимиз нафақат мароқли дам олади, балки жисмонан чиниқади, ўзларининг интеллектуал салоҳиятларини оширади, қизиққан йўналишлари бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлайди.
Шу пайтгача қорақалпоғистонлик болажонлар юртимизнинг бошқа ҳудудларидаги болалар оромгоҳларига олиб борилар эди. Бу эса, албатта, болаларнинг хавфсизлиги, саломатлиги, ота-оналарнинг хавотири каби бир қатор муаммоларни келтириб чиқар эди. Ва яна ич-ичимиздан бир саволга жавоб топа олмасдик: нега энди Қорақалпоқ заминида бир замонавий оромгоҳ бўлмаслиги керак?

Оромгоҳ Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилнинг ноябрь ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича берган тарихий топшириғи асосида бунёд этилди.

– Президентимиз Мўйноққа келиб, йиғилиш ўтказганда мен ҳам иштирок этгандим, – дейди Мўйноқ тумани халқ таълими бўлими мудири Мақсет Аметов. – Шунда Юртбошимиз «Мўйноқда замонавий муҳташам болалар оромгоҳи қурилади. Маданият Мўйноқдан бошланади», деганда, бутун залдаги йиғилганлар гулдурос қарсак чалганди. Ҳақиқатан ҳам, мана, туманимизда оромгоҳ иш бошлади. Умуман олганда, мўйноқликларнинг бугунги кунда ҳаётга қараши бутунлай ўзгарди. Бундан 4-5 йиллар олдин халқнинг руҳи жуда чўкиб кетган эди. Келажакдан умиди йўқ эди одамларнинг. Бугун туманимиз қиёфаси тубдан ўзгариб кетди. Одамларнинг юрагида жўш бор, куч-шижоат бор. Болаларимизнинг қувончини айтмайсизми?!

Қисқа муддатлар ичида туман ҳудудида бўш ётган 12,7 гектар майдонда «Оқ кема» номли замонавий болалар оромгоҳи ва соғломлаштириш маркази қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. Оромгоҳда болаларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, уларнинг турли йўналишларда билим ва малакаларини шакллантириш учун ҳам шароитлар муҳайё қилинган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мазкур объект қурилиши учун 36 миллиард сўм ажратди. Қурилиш ишларини «Шорахан қурилиш монтаж» МЧЖ амалга оширди.
«Оқ кема» оромгоҳи бир навбатда 250 нафар болани қабул қилишга мўлжалланган. Марказда болалар ётоқхоналари барча жиҳозлар билан таъминланган. Жисмоний тарбия машғулотлари учун футбол, баскетбол, волейбол майдончалари ва болалар сузиш бассейни бор. Стол тенниси, шахмат-шашка ўйинлари учун жойлар ажратилган. Маданий тадбирларни ташкил қилиш учун амфитеатр, кутубхоналар мавжуд. Тиббиёт хоналари, ошхоналар замонавий ускуналар билан таъминланган. Оромгоҳда 50 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

– Мен Ўзбекистонда намунали деган кўплаб оромгоҳларни кўрганман, лекин бу ердаги каби шароитларни бошқа жойда учратмаганман. Менингча, «Оқ кема» оромгоҳи юртимиздаги беқиёс масканларнинг бири, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўринбосари М.Данияров. – Мазкур муаззам кошона муҳтарам Юртбошимизнинг азиз халқимиз фарзандларига бўлган оталарча ғамхўрлиги тимсоли, деб биламан. Шахсан ўзим оромгоҳга ҳар келганимда юрагимда болаликка қайтиш орзуси туғилади. Бизнинг болалигимизда бундай масканлар бўлмади, ахир.

Келажакка йўл

1970 йил бошларида, Орол денгизи ҳали тўлиб мавжланган пайтларда унинг соҳилида «Рахат» болалар оромгоҳи ташкил қилинади. Мазкур оромгоҳни шартли равишда «иккинчи «Артек» деб номлаб, унга ёз пайтида бутун собиқ иттифоқдан болаларни олиб келиш мақсад қилинган. Афсуски, саксонинчи йилларга келиб, денгиз қуриши билан оромгоҳнинг машҳурлигини орттириш ғояси ҳам сўниб қолди. Лекин орадан қарийб қирқ йил ўтиб, ушалмай қолган орзу рўёбга чиқмоқда.
«Оқ кема» оромгоҳи жойлашган жойда ўтган асрларнинг саксонинчи йилларигача сув бўлиб, кемалар сузган. Энг қизиғи, денгиз остида карвон йўли ҳам бўлган. Бу ҳақда мўйноқлик тарихчи олим Октябрь Доспанов қизиқарли воқеа­ларни сўзлаб берди.

– Мўйноқ тумани ҳудудида ана шундай намунавий оромгоҳнинг қурилганини кўриб, қувончим қўйнимга сиғмади, рости, – дейди болалиги денгиз соҳилларида ўтган О.Доспанов. – 1982 йилда охирги марта Мўйноқдаги «Артек»да («Рахат» оромгоҳи назарда тутиляпти) бўлиб, денгизда сузганман. Оромгоҳга бутун Ўзбекистондан, ҳаттоки, собиқ иттифоқнинг бошқа давлатларидан ҳам болалар келарди. Мўйноққа Тошкентдан ҳафтасига 3 мартагача самолёт қатнаган.
Кейинчалик денгиз қурий бошлади. 1980 йил ўрталарида «Рахат» болалар оромгоҳи фаолияти батамом тугатилади, лекин у билан боғлиқ ширин хотиралар ҳамон ёдимда. Ҳозирги «Оқ кема» оромгоҳи бунёд этилган жой денгиз бор пайтида кичик орол бўлган. Мўйноқ шаҳрига одамлар бу ердан кемаларда қатнаган. Мўйноққа бораётиб, сув тубида каналга ўхшаш чуқурликларга кўзимиз тушарди. Кемалар шу йўлни мўлжалга олиб сузарди. Одамлар уни «Туя йўли» деб аташар эди. Сувнинг тагида туя йўллари нима қилар экан, дея қизиқардим.
Бир куни отамдан йўлнинг маъносини сўрадим. Билсам, Орол денгизи бурунги замонда худди ҳозиргидек қуриб кетган экан. Савдо карвонлари йўлни қисқартириш учун Устюртдан айланиб юрмай, денгизнинг қуриган майдони билан тўғридан-тўғри шимоли-ғарб томон йўл олган. Карвон йўли Устюртга чиқиб, нариёғи Жем (Эмба) ва Эдил (Волга) дарёлари бўйларигача етиб борган.

Янги қурилган «Оқ кема» ҳам рамзий маънода болаларни ёруғ келажак сари олиб кетишга шай. Зеро, «Оқ кема» оромгоҳи қурилиши ҳам худди номига монанд. Қуш парвози баландлигидан қаралса ҳам кема шимол томон сузиб кетаётгандек, гўё.

«Дунёдаги энг ширин тарвуз – Мўйноқда»

Мўйноққа борган киши айнан «Оқ кема» оромгоҳи қурилган жойларга келганда, ердаги тупроқни кўриб, ҳайрон қолади. Чунки ерда туз йўқ. Тупроқ унумдор. Шунинг учун бу жойни «Бозатау» (Бўз орол) деб аташган.
Ўтган асрда денгиз қайтиб кетгандан кейин аввал балиқчилик билан шуғулланиб келган маҳаллий аҳоли энди деҳқончиликка қўл уради. Экин жуда ҳосилдор бўлади. Шу пайтларда рес­публика бўйича мактаблараро мусобақалар ўтказиб турилган. Яъни, қайси мактаб ўқувчилари кўп ҳосил йиғиб мактабга топширса – шу ғолиб деб топилган. Мўйноқ туманининг овулларидаги қатор мактаблар помидор экиш бўйи­­ча Ўзбекистонда энг илғор мактаблар қаторидан жой олади. Мўйноқнинг қовун-тарвузлари жуда ширин бўлиб етилади. Халқ орасида ҳозир ҳам гап бор: Мўйноқнинг қовун-тарвузини еган киши бошқасига қарамайди, деган.
Айнан ҳозирги «Оқ кема» оромгоҳи қад ростлаган жойда аввал боғ бўлган, у ерда қора тарвуз экилган. Бу тарвузлар, ҳаттоки, экспортга чиқарилган.
Бир куни битта ўқувчи тарвузнинг сиртига ўзининг исми-шарифини, манзилини, мактабини ёзиб юборади. Бу тарвуз Қўнғиротдан поездларга юкланиб, Россияга кетади. Орадан бир қанча вақт ўтгандан кейин мактабга Россия­нинг қайсидир ўлкасидан мактуб келади. Унда шундай ёзилган эди:
«Азиз ўқувчи, Сизнинг тарвузингизни олдик. Едик. Умримда бундай ширин тарвузни еб кўрмаганман. Оролнинг қуриган тубида мана шундай тарвуз етиштирилгани мени таажжубга солди. Менимча, дунёдаги энг ширин тарвуз – Мўйноқда…».
Ҳа, «Бозатау» ОФЙдаги ерларнинг бўз бўлиши табиий. Сабаби, Амударё бир вақтлари бу ерларга йилига миллионлаб тонна табиий минералга тўйинган лойқа оқизиб келиб турган. Маҳаллий аҳоли ҳанузгача экинларини ҳеч қандай кимёвий ўғитсиз етиштиради.
2000 йил бошларидан кейин туманда сув танқислиги кузатила бошлади. Экинларни суғориш мумкин бўлмай қолди. Сув танқислиги туфайли маҳаллий аҳоли деҳқончилик билан шуғуллана олмай, чорвачиликка ўтган эди. Яқин 2-3 йилдан бери қайтадан сув келиб, деҳқончиликни қўлга олган. Томорқаларига қараяпти.
«Оқ кема» оромгоҳи атрофига боғ яратиш мақсадида 5 гектар ер майдонига уч мингга яқин мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазилибди. Демак, яқин вақтлар ичида ушбу ҳудуд ҳам яшилликга бурканади. Умуман, «Бозатау» ОФЙда «Ёшлар боғи», «Қўқон боғи», «Ажиниёз боғи», «Ўзбекистон Миллий университети боғи», «Навоий ташаббус боғи» каби ўнлаб боғлар пайдо бўлди. Уларнинг барчаси униб-ўсмоқда.

Оромгоҳ илк қалдирғочларини қабул қилди

«Оқ кема» болалар соғломлаштириш оромгоҳига мавсум давомида 4 навбатда жами 600 нафар болани соғломлаштириш режалаштирилган.
– Пандемия шароитидан келиб чиқиб, болаларнинг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ижтимоий масофани таъминлаган ҳолда мавсумнинг биринчи навбатида – 13 июнь кунидан 150 нафар болани қабул қилдик, – дейди оромгоҳ раҳбари З.Сайтбекова. – Ўзбекистон Рес­публикаси Бош прокуратураси Мўйноқ туманидан 10 та кам таъминланган оилалар фарзандларига бепул йўлланмалар совға қилди. Хўжайли туманидаги «Меҳрибонлик уйи»нинг тарбияланувчилари, Мўйноқ, Шуманай, Қонликўл туманларидаги кам таъминланган оилалар фарзандлари, И.Юсупов номидаги истеъдодли болалар мактабининг ўқувчилари оромгоҳнинг биринчи дам олувчилари – қалдирғочлари бўлди.

– Ҳар йили юртимиздаги турли оромгоҳларда дам олардим, – дейди Хўжайли туманидаги «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиси Муҳамедали Карамов. – Бу йил Мўйноққа борасизлар, деганда, тўғриси, бундай гўзал жой тасаввуримда ҳам йўқ эди. Келганимдан буён ҳаяжоним босилмаяпти. Ушбу оромгоҳдаги барча болалар номидан Муҳтарам Юртбошимизга бизга мана шундай имкониятлар яратгани учун чексиз миннатдорлигимни билдираман.

Қорақалпоғистон бўйича ўтган йил ёз мавсумида 60 та болалар оромгоҳида 27590 нафар бола соғломлаштирилган эди. Жорий йилда эса пандемия туфайли қорақалпоғистонлик болалар фақат ҳудуднинг ўзидаги оромгоҳларда дам олишади. Ёз мавсуми давомида ҳудудда 6 та стационар оромгоҳ марказлари, яъни Нукус шаҳридаги «Жас аулад» ва «Арал», Элликқалъа туманидаги «Орол болалари», Тўрткўл туманидаги «Лочин», Тахиатош туманидаги «Айдин жол», Мўйноқ туманидаги «Оқ кема» оромгоҳлари фаолият юритади.
Мавсум давомида болаларнинг мазмунли дам олишини ва қўшимча таълим олишини таъминлаш мақсадида жами 66 нафар педагог ходимнинг фаолият олиб бориши режалаштирилган.
Барча оромгоҳларда кутубхоналар ташкил қилинган, санъат соҳасидаги ва хорижий тиллар тўгаракларини олиб бориш учун тажрибали ўқитувчилар жалб этилган.
Оромгоҳнинг тантанали очилиш маросимида рамзий калит оромгоҳ директори З.Сайтбековага топширилди.
Тантанали очилиш маросими концерт дас­тури билан давом этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов қатнашди.

Есимхан ҚАНОАТОВ,
журналист

Бошқа хабарлар