Зерикишга имкон йўқ

204

«Урганчтрансгаз» унитар корхонаси касаба уюшма қўмитаси ходимлар ва уларнинг фарзандларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Хусусан, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ногирон фарзанд тарбиялаётган 21 нафар ишчи-ходимнинг ҳар бирига 300000 сўм моддий ёрдам берилди. Бундан ташқари, ходимлар фарзандлари учун «Болалар ижоди» онлайн танлови ташкил қилинди ва ғолиблар рағбатлантирилди.
– Касаба аъзоларининг фарзандларидан 1137 нафари 7-12 ёш оралиғида, – дейди «Урганчтрансгаз» унитар корхонаси касаба уюшма қўмитаси раиси Равшан Эшчанов. – Пандемия шароитидаги айрим ­чекловлар уларнинг ёзги таътилни олдинги йиллардаги каби мароқли ўтказишига халақит бермайди. Биз корхона раҳбарияти билан ҳамкорликда бунинг учун махсус чоралар кўрдик. Корхона касаба уюшма қўмитаси, ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари ҳамкорлигида 7-12 ёшдаги болалар учун «Уйда қолинг!» шиори остида ташкил қилинаётган онлайн тадбирлар болажонларга манзур бўлмоқда.
Карантин даврида ёз мавсумида болаларнинг бўш вақтларини сермазмун ўтказишни ташкил қилиш бўйи­­ча қабул қилинган дастурга мувофиқ, ҳар бир кун учун алоҳида тадбирлар ишлаб чиқилган. Ҳар тонг «Соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз» шиори остидаги бадантарбия машғулотларидан бошланади. Мавсум давомида «Моҳир қўллар» тикиш, тўқиш тўгараги фаолият юритмоқда. «Менинг оилам» мавзусида расмлар танлови қизғин давом этмоқда. «Кичик усталар», «Ота-онасига кўмакчи бола», «Миллий куй-қўшиқлар», «Ёш ҳаваскор актёрлар», «Чет тилини биламан», «Жажжи дизайнер», «Мен севган қаҳрамон» каби 20дан зиёд лойиҳада болажонлар фаол иштирок этмоқда.
Касаба уюшма қўмитаси ташкил қилган «Энг яхши китобхон» онлайн танлови ҳам болаларнинг маънавий дунёқарашини шакллантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Ушбу танловда иштирок этаётган болалар ўзлари ўқиган китоб мазмун-мундарижаси ҳақида баёнлар ёзиб, ижтимоий тармоқдаги махсус гуруҳга жойлашмоқда.
Онлайн лойиҳада фаол иштирок этган болажонлар ҳар ой якунига кўра, ҳар бир ёш тоифасида рағбатлантирилади.
Касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан йўлга қўйилган мазкур лойиҳалардан барча мамнун.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар