Яна ўша… Канизак ҳақида

353

Тарихнинг очиқланмаган сир-асрорлари ўзидан ҳам кўп десак, муболаға бўлмас. Вақт келиб, ҳаммаси очилади, жой-жойига тушади. Аммо… шундай воқеалар ҳам борки, улар моҳиятининг очилишига, ҳақиқат қарор топишига бир эмас, бир неча авлоднинг ҳам умри етмайди. Жиноят ёки фирибгарликни яшириш учун қасддан тўқилган талқинлар, туҳмат айбловлар, сохталаштирилган ҳужжатлар, кўрсатмалар, буларга асосланган илмий иддао ва хулосалар, ёлғон хотиралар боис ҳам шундай бўлади. Кейинги пайтларда ўтмиш тарихни қайта идрок этиш, унутилган воқеаларни хотирага қайтариш, бегуноҳларнинг номларини тиклаш борасида мақбул ишлар қилинмоқдаки, бундан, шубҳасиз, кўнгил таскин топади.

Ҳақиқат баҳс-мунозарада очилади, деган гап бор. Чингизхоннинг қонли босқини хусусидаги баҳсларда Ўтрор ҳокими Инолчиқ ҳоқон савдогарларини ўлдирмаганида, бу ­мудҳиш қонхўрлик бўлмаслиги ҳам мумкин эди, деган фикр ҳам бор. Маҳмуд ялавоч ҳақида бир-бирини инкор этувчи қарашлар мавжуд. Комил Аваз ва Рўзимбой Ҳасаннинг публицис­тик диалог асарида унинг эътиборга молик ишлари ҳақида ҳам фикр юритилади. Қўқон хони Худоёрхоннинг шахсияти ҳақидаги мушоҳадаларни ҳам бир хил деб бўлмайди. Манбаларда хоннинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ, аммо ҳар қандай зукко тадқиқотчини ҳам чалғитиб юборадиган фикру фактлар кўп. Улардан бирида келтирилишича, ҳарамни аёллар билан тўлдирган хон ўзининг ҳурматли устози никоҳидаги гўзал аёлни алдов йўли билан ўрдага чорлаб, унга зўрлик билан уйланиб олади. Бу аёл Мадалихоннинг таклифи билан 1826 йили Покистондан Қўқонга кўчиб келган аллома Миён Фазл Фаҳҳобнинг шаръий хотини, Абдулла Қодирий Қўқонга борганида адиб билан суҳбатлашган Розиябегим эди.
Устоз Шариф Юсупов етмишинчи йилларнинг бошларида Тош­ДУнинг журналистика факультети талабаларига сўнг­­ги хонликлар тарихидан дарс берган. Домла Қўқон хони Худоёрхон даврини, ўша пайтгача бадиий асарларда, айниқса, ўзимизда суратга олинган киноларда ўта жоҳил, саводсиз бир кимса қилиб тасвирланган хонни улуғламасалар ҳам, унинг айрим фазилатларини ҳам бизга самимий тарзда тушунтириб берар эдилар.
Илмда 1810-1812 йиллари Қўқон тахтида ўтирган Амир Умархон билан боғлиқ ҳам бир неча бир-бирига зид қарашлар мавжуд. Улардан бири Амирга «Жаннатмакон» насаби берилиши билан боғлиқ. Бош­­қа бири ҳақида Миён Бузрук Солиҳовнинг «Ўзбек адабиётига умумий бир қараш» (1930) номли китобида сўз боради. Умархон ўзининг ҳамда Алишер Навоий, Лутфий ва Фузулий девонларидан ташкил топган «Муҳаббатнома» номли ­қўлёзма мажмуа туздиртириб, уни 1820 йили турк султони Маҳмуд IIга совға тариқасида юборади. Ушбу девон Туркияда кўп вақт эътиборда бўлган, ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида тошбосма усулида бир неча марта чоп этилган. Аммо… девонга киритилган асарларнинг кетма-кетлиги кишини ўйга толдиради.
Ҳурматли олимларимиздан бири Афтондил Эркинов 2007 йили Туркияга қилган илмий сафари чоғида «Муҳаббатнома»ни излаб топишга муваффақ бўлади. Олимнинг «Мозийдан садо» журналида эълон қилинган «Ноёб қўлёзма изидан» сарлавҳали тадқиқоти боис кўп нарса ойдинлашади. «Муҳаббатнома»да ўқувчи диққатини жалб қиладиган бир нуқта мавжуд бўлиб, бу унда келтирилган асарлар кетма-кетлигидан келиб чиқади, – деб ёзади Афтондил Эркинов. – Тўп­ламда тўрт шоир девонлари бор: дастлаб Алишер Навоий, сўнг Умархон, Лутфий ва Фузулий. Нега айни шундай кетма-кетлик танланган? Бу тасодифми ёки муайян мақсаддан келиб чиқилганми?»
«Муҳаббатнома» Умархон кўрсатмаси асосида тузилган экан, демак, унинг таркиби ҳам муайян ғояга хизмат қилиши мумкин. Шундай бўлса, Умархон ўз девонини ўзбек мумтоз адабиётининг катта классик ­шоири Лутфий ва туркий адабиётда Навоийдан ­кейинги ўринда турувчи Фузулийдек улкан ижодкор девонларидан аввал келтиришидан қандай мақсадни кўзлаган экан? «Қўқон хонлари ўзларини насл-насабда Амир Темур авлодидан эканликларига урғу берардилар… Умархон тахминан шундай демоқчи: «Шоир сифатида Темурийлар муҳитининг энг улкан туркигўй шоири Алишер Навоий ҳаммадан устун, туркий шеъриятда Навоийдан кейинги ўринда мен тураман; насл-­насабда Темурийлар давомчиси эканлигим ва шоирлик маҳоратим шуни намоён қилади…», дейди муаллиф.
Бухоро амири Насруллонинг Қўқонга ҳарбий юриш қилиб, юртни қонга ботиришининг сабаблари хусусида ҳам айрича, қайси бирининг тўғри ёки нотўғрилигини аниқлаш қийин бўлган қарашлар мавжуд. Истеъдодли ёзувчи Алишер Ибодиновнинг «Худоёрхоннинг сўнгги кунлари» асарида қуйидаги маълумотлар келтирилади: «Милодий 1740 йилдан то 1875 йилгача, яъни 135 йил ичида тахт­­га қонуний тарзда ўтирган хонлардан ўн беш нафардан ортиғи ёлланган қотиллар, фитначи унсурлар, қиличи қонсираган жаллодлар қўлида жон беради. Абдураимбий, Сулаймонбий, Олимхон, Муҳаммадалихон, Султон Маҳмудхон, Шералихон, Султон Муродхон, Маллахон, Султон Саидхон, Шоҳмуродбек ва бошқалар тахтга ўтирганларидан кейин ўлдирилган, сўйилган хонлардир. Ҳатто амир Умархондай маърифатли подшоҳ ҳам ўз акаси Олимхоннинг жасади устидан юриб ҳукмронликка эришган эди».
Зукко муаррих Исҳоқхон тўра Ибрат «Тарихи Фарғона» асарида амир Нас­рулло босқинига аслида нима сабаб бўлгани хусусида қуйидагича ёзади: «Муҳаммад Алихон аносини олди деган сўз рост бўлмай, бухорийлар қатллари айбини ­сатри учун қилған қабиҳаларини тавжиға чиқарилмиш сўзлари экан. Асл муддао бўлак экан. Чунончи, (Нас­рулло) Умархон «оламан» деган Пошшохон ойимни ҳуснини эшитуб, ғойибона мафтуни жамол бўлуб, муни анча сабаб қилиб келган экан… Муҳаммад Алихонни халқни кўзига осию гуноҳкор кўрсатиб, шариатни поймол қилди, танбеҳ даркор, деб келиб, қанча хонзодау мазлума ойимларни қатли бағайри ҳақ қилиб, охируламр мурод ўшал ойим экан, олуб, муддаосиға етиб, Бухороға олиб кетди».
Амир Насрулло аъёнлари ичида унга тўғри маслаҳат кўрсатишга журъат қиладиган кишилар ҳам бўлган. Уларнинг бири – саркарда Абдусамад ноиб, иккинчиси эса шоир Жунайдулло Ҳозиқдир. Амир ­Насрулло босқинига тоб беролмай, укаси Маҳмудхон билан бирга қочган Муҳаммад Алихонни унинг ҳузурига тутиб келтирганларида рўй берган воқеани Ибрат қуйидагича тасвирлайди: «Амир (уларни) дарҳол қатл­­ға ҳукм қилғанда ўз вазирларидан Абдусамад ноиб деган ҳушманд киши амирга «Жаноби олийларига малоли хотир бўлмаса, бир калима сўз айтсам» деганда, амир «Нима сўздур?» деган экан. Айтибдурки, «Ҳоло Ҳўқанд забт ўлди, Фарғона катта мамлакатдур, қанча аскару, сипоҳу хазина сарф ўлуб олинди, алҳолда Русия­­ни келмаги маҳали хавфдур. Агарда хонни онти акид бериб, тавба қилдуруб, Ҳўқандға қўюб, Бухороға тобеъ қилинса, бир мулк бўлуб, бизларга келган душманларга бир қалқон бўлур эрди», деганда (унинг) сўзи амирга маъқул бўлмай, оғзиға кафш билан урдурғон экан».
Тарих сандиғида адолатли талқинини кутиб ётган бундай воқеа-ҳодисалар кўп. Уларни аниқлаштириш – муҳтарам олимларимиз, ёш тадқиқотчилар олдида турган муҳим вазифа. Не бахтки, бу йўналишда зарур тадқиқотлар кўпаймоқда. Ушбу мақола айни шу янги изланишлар боис қоғозга тушди. Яқинда таниқли олим Тоҳиржон Иминовнинг «Амир Умархон канизлари» рисоласи босмадан чиқди. Ғоят мураккаб мавзу. «Амир канизи Ойхонпошшага уйланиб, ундан иккита фарзанд кўргани ростми, Мадалихон ўзининг ўгай онасига уйланиб, шариатни оёқости қилгани, бу гуноҳи учун Қўқон қонга ботирилгани ҳақиқатми ёки…» деган саволлар кўпларни қизиқтиради, айрим тадқиқотчилар «ишончли манбалар» асосида турлича фикрлар баён қилишади. Тоҳиржон Иминов қумдан тилла зарраларини қидиргандай, кўпдан-кўп манбаларни қиёсий ўрганиб, ўз кузатувлари ва Абдулла Қодирий, Шариф Юсупов каби муаллифларнинг фикрлари асосида якуний хулосага келади. «Ойхонпошша бахти қаро бўлиб дунёга келган экан, – деб ёзади муаллиф. – У бениҳоя гўзал эди, мана шу гўзаллиги бошига бало бўлди. Унга ўз замонидаги уч ҳукмдорнинг ишқи тушди, «Турон Клеопатраси» деган ном олди. Умархондан икки фарзанд кўрган аёлга, унинг вафотидан сўнг ўғли уйланган, деган асоссиз гап тарқалиши оқибатида Мадалихоннинг юзига «кофир» деган қора бўёқ чапланди, унинг хонлик даври юртимиз тарихининг машъум йиллари сифатида таърифланди».
Манбаларда Амир Насруллонинг Қўқонга келиши босқинчилик эканлиги, бу қонли юришга жиддий ҳозирлик кўрилгани, канизак эса бор-йўғи бир баҳоналиги асослаб берилган. Шундай бўлса-да, Умархоннинг ёш канизга уйланиши ва ундан иккита фарзанд кўриши баъзи тадқиқотчилар наздида баҳсли бўлиб қолаверади. Тоҳиржон Иминов айни шу баҳсга ойдинлик киритишга ҳаракат қилади ва бу иддаони рад этувчи ­фикрини далиллайди.
Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» романида қуйидагиларни ўқиймиз: «Туркистон хонлиғи тарихидан хабардор кишиларга маълумдирким, Амир Умархон охир умрида ўз саройидаги ёш канизлардан бирига муҳаббат қўядир. Каниз ёш бўлғанлиғи ва балоғатка етмаганлиги учун уни никоҳига ололмай вақт кутадур. Шу кутиб юриш йилларида Умархон муродига еталмай вафот қиладир, тахтка ўғли Мадалихон минадир. Орадан бир неча йиллар ўтиб боя­­ғи каниз қиз балоғатка эришадир ва бир ҳуснига ўн ҳусн қўшулиб, отанинг боласи бўлған Мадалихонни ҳам ўзига ошиқ қиладир. Ўз саройида ўскан бу қизни ёш хон ҳамиша кўз ўнгида юритса ҳам, бироқ…тарихънинг бизга хабар беришиға қарағанда, Мадалихон шу қизнинг дардида бир неча йиллар ёнадир. Чунки уламолар бу гўзални Мадалига она мақомида ҳисоб­лаб, нима учундир хоннинг орзусига кўндаланг келадирлар: «Отангиз, агарчандки канизни ўз никоҳларига олмаған бўлсалар ҳам ва лекин балоғатка эришгач оларман, деб ният қилғанлар. Бинобарин, бу каниз сизга она мақомида, шариъат рухсат бермайдир», дейдирлар.
Мадалихон бу фатводан кейин дардини ичига ютишга мажбур бўлиб, аммо икинчи тарафдан ўзининг орзусиға қарши борған уламони секин-секин «илмий» ишлардан олиб, улар ўрниға янгиларини қўя бош­лайдир. Ўз орзусиға замин ҳозирлағач, бир неча йилни ўткариб, яна уламоға шу тўғрида фатво сўраб мурожаат қиладир. Табиъий, яқиндағина оғзи ошқа еткан янги уламолар ўз валийи неъматлари бўлған Мадалихонға хиёнат қилмайдирлар-да: «Ба назди мужтаҳидини киром асли эътибор ақди шаръийдир. Отангиз марҳум – никоҳланаман деб айткан бўлсалар ҳам никоҳландим, деб айтмаганлар. Бас, амрал мўъминин мазкурани худ нафслариға ақди шаръий (шаръий никоҳ) қилсалар жоиз ва дурустдир. Валлоҳи аълам биссавоб», деб фатвономани «бинни муфти марҳум», «бинни мударрис марҳум», «бинни Хўқандий марҳум» – муҳри баҳайбатлари билан қалашдириб берадирлар ва Мадалихон тўй ва томошалар билан мурод-мақсадиға етадир…»
Манбаларда келтирилишича, Ой­хонпош­­ша 1810 йили Фарғона бекларидан бири Маҳмудбек оиласида туғилган, Умархон ўлимига яқин ҳарамга олинган. Хон 1822 йили вафот этган, демак, қизалоқ саройга келганида 10-11 ёшда бўлган. Бир қарашда баҳс-мунозарага ўрин қолмагандай.
Аммо Тоҳиржон Каримов изланишда давом этади. «Албатта, Абдулла Қодирий юқоридаги хулосани тўқиб чиқармаган, зеро, адолатли адиб феълида бундайин қусур бўлмаганини кўпчилик яхши билади, – деб ёзади у, – қолаверса, романни ёзишдан аввал бир неча бор Қўқонда бўлган, ёши улуғ кексалар билан узоқ суҳбатлар қилган. Бундай инсонлар Қодирийга тарихни бузиб кўрсата олмас эди, ўз навбатида, ёзувчи тарихий фактларга ўта эҳтиёткор ва ўзига ниҳоятда талабчан бўлган, аниқ ишонч ҳосил қилгандагина воқеа-фактларни муомалага киритган. Мадалихон ва Ойхонпошша қисматидан шу қадар таъсирланганки, тезликда уларнинг тақдири билан боғлиқ учинчи йирик асари бўлмиш «Амир Умархоннинг канизи» номли романини ёзишга киришган. Бу роман ҳақида ёзувчининг ўзи Музайяна Алавияга: «Ўйлаб юрган романимни ёзиб битирсам, китоб бўлиб чиқса, қўрқаманки, «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романларимни ҳеч ким ўқимай қўяди», деб ­айтган экан».
Бундан кейинги воқеалар кўпчиликка аён. 1932 йили мамлакатда қама-қамалар бошланганида Қодирий сезгирлик қилиб роман қўлёзмаси ва тўпланган материалларни темир сандиққа солиб, кўмиб қўяди. Орадан маълум вақт ўтгач, адиб сандиқни очиб, намиққан қоғозларни қуритаётганида орган ходимлари келиб қолишади ва ёзувчи билан бирга қоғозларни ҳам «вешдок» сифатида олиб кетишади. Қамоқхона мулозимлари уларга тамаки ўраб чекишган экан…
«Амир Умархон канизлари» рисоласининг муҳим жиҳати шундаки, муаллиф Ҳакимхон Тўранинг «Мунтахаб ут-таворих» асарида Амир Умархоннинг Ойхонпошша билан турмушда бўлгани ҳақида маълумот борлигини четлаб ўтмайди, баъзи муаллифлар Ҳакимхон Тўранинг хотиралари асосли, деган хулосада ҳамон собит турганларини айтади. Тарихий асарда айтиб қўйилибдими, қарши фикр билдириш қийин. Шунга қарамай, Тоҳиржон Иминов «Борингки, Ойхонпошшанинг Умархонга никоҳлангани ва ундан икки фарзанд кўргани рост бўлсин, нега энди бу хусусда «Мунтахаб ут-таворих»ни жиддий ўрганган ва ундан кенг фойдаланган тарихчи олим В.П.Наливкин бир оғиз ҳам сўз айтмаган, наҳотки, Қўқон ва Марғилонда бир неча бор бўлган Абдулла Қодирий бу никоҳ ҳақида эшитмаган?», деган ҳақли саволларни ўртага қўяди ва «Ҳакимхон Тўранинг қалбида Мадалихонга нисбатан чуқур кек ва адоват ҳам мавжуд эдики, улар, шубҳасиз, Ҳакимхон тўранинг қалами орқали битикларининг мазмунига таъсир этган. Шу боисдан ҳам «Мунтахаб ут-таворих»даги асоссиз иддаолар олим ва тадқиқотчилар назаридан четда қолган», деган фикрни айтади.
Ғоят жиддий айблов! Бундай дейишга тарихий асос зарур. Тоҳиржон Иминов китобхонни ана шундай асос­лар билан таништиради. Биринчиси: «Мадалихон ва Ҳакимхон Тўра – яқин жон-жигар қариндошлар! Мадалихон – Умархоннинг ўғли, Норбўтабийнинг набираси, Ҳакимхон Тўра ҳам она томондан Норбўтабийга набира – қизи Офтоб ойимнинг ўғли, Олимхоннинг жияни. Демакки, бири ўғилнинг ўғли, иккинчиси қизнинг ўғли. Фарқ шунда. Хон авлоди бўлгандан кейин сулоланинг ҳар бир аъзоси пинҳона тахт орзуси билан яшайди… (тахт) йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашга интилади, керак бўлса, ҳар қандай қабиҳ йўлдан ҳам қайтмайди. Саройда, мамлакатда жамики нотинчликлар асосан шу сабабли юз беради». Иккинчиси: «Мадалихон тахтга ўтирибоқ, аввал Олимхон даврида Қўқоннинг шайхулисломи даражасига кўтарилган, улуғ Махдуми Аъзам зотига мансуб Маъсумхўжани ҳажга юбориш баҳонасида узоқ муддатга сургун қилади. ­Кейинроқ унинг ўғли Ҳакимхон Тўранинг бошига ҳам шу кулфат тушади (сургун сабаблари тарихий манбаларда турлича талқин қилинган). Ҳакимхон Тўра Россия, Миср, Сурия, Туркия, ­Фаластинда узоқ муддат бўлиб, 1828 йили Бухорога қайтади ва амирликка қарашли Шаҳрисабзда яшай бошлайди. Шу ерда онаси Офтобхон Мадалихон томонидан ўлдирганини эшитади. Бу ҳақсизликлар боис унда Мадалихонга нисбатан душманлик кайфияти юзага келган бўлиши мумкин».
«Амир Умархоннинг канизи» рисоласининг тўла мазмунини келтирмоқчи эмасман. Уни мутолаа қилган китобхон ўзи учун ғоят қимматли, яқин ўтмишимизга доир кўп янги маълумотлардан, бугун қутлуғ ёшини нишонлаётган ҳурматли олимимизнинг илмий изланишлари натижаларидан баҳраманд бўлади. Хулоса шуки, тарихда, чиндан ҳам, очиқланмаган ҳолатлар, жавоби топилмаган саволлар кўп. Шундай экан, муҳтарам олимларимиз, «Балким бундай эмасдир, балким бошқачароқдир», дея сўнгги саволнинг жавоби топилгунича изланишда давом этишлари зарур.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
«Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири

Бошқа хабарлар