ОДАМ САВДОСИ ВА МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ: МУАММО ВА ЕЧИМЛАР

63

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг видеоконференцалоқа мажлиси бўлиб ўтди. Унда комиссия аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этди. Мажлисни Олий Мажлис Сенати раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси ­Танзила Норбоева бошқарди.

Мажлисда комиссиянинг ўтган йил давомида амалга оширган ишлари ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди. Таъкидланишича, комиссиянинг 2019 йилда пахта йиғим-терими даврида ўтказган мониторингида Мудофаа, Ички ишлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хизматчилари ва ҳарбий таълим курсантлари пахта теримига мажбурий тарзда жалб этилгани аниқланган. Касаба уюшмалари Федерацияси ўтказган мониторингда 3895 нафар шахс пахта теримига мажбурий тарзда жалб қилингани аниқланган – шундан 700 нафарини ҳарбийлар ташкил қилади.
Мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатларининг вақти-вақти билан кузатилиши жамиятимизда ҳуқуқий саводхонликни оширишни тақозо этади. Чунончи, бугунги кунда айрим маҳаллий ҳокимлик­лар, вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг қуйи тузилмалари раҳбарлари ходимларни ўз функционал вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилиши ҳам бунга жиддий ёндашиш зарурлигини кўрсатади.
Мажлисда бюджет ташкилотларида ишловчи ходимларни ободонлаштириш ишларига жалб этиш ҳолатлари кўп кузатилиши айтиб ўтилди.

– Илгари ободонлаштириш ишларига давлат томонидан маблағ ажратилмас, дарахт экиш, дарахт оқлаш, кўчаларни тозалаш учун пул берилмас эди, – деди Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева. – Ҳозир бунинг учун жамоатчилик фонди ташкил этилган. Лекин барибир ўқитувчи, тиббиёт ёки бошқа ходимлар олиб чиқиляпти. Чунки ишсизларни бу ишга таклиф қилиш учун юриш, маҳалладан аниқлаш керак. Бу эса вақт ва меҳнатни талаб қилади, шундан қочиб, тайёр «хўп бўлади» дейдиган ходимларга кўча супуртиришга ўрганиб қолишган. Бундан мутлақо воз кечиш керак.
Биз ҳозир қонунлар устуворлиги замонида яшаяпмиз. Пул берилмаётган бўлса ҳам майли эди, ҳозир давлат раҳбари пул беряпти, жамғарма доимий равишда давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириляпти. Ҳозир маблағ, шароит нуқтаи назаридан муаммо йўқ, фақат ташкиллаштириш керак, холос.
Қайд этилишича, ўтган йилда 220 нафар одам савдоси жабрдийдаларига Рес­публика реабилитация марказида тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг 112 нафари ишга жойлаштирилган. Иш ҳақини вақтида ололмаётган меҳнат мигрантларининг қарийб 530 минг АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақлари ундириб берилган.
Шундай бўлса-да, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш ва тегишли тартибда жазолаш механизми самарали йўлга қўйилмагани ҳам айтиб ўтилди. Хусусан, 2019 йилда келиб тушган 710 та мурожаатдан атиги 94 таси бўйича жиноий иш очилган.
Комиссиянинг берган маълумотига кўра, ўтган йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2018 йилга нисбатан камайган, лекин содир этилган бу жиноят орасида чақалоқ савдоси юқорилигича қолмоқда.
Шу боис, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашишга оид қонунчиликни такомиллаштириш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Халқаро тажрибалар асосида «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни янги таҳрирда ишлаб чиқилди. ХМТ ва Халқаро миг­рация ташкилотининг 6 та Конвенция ҳамда протоколлари ратификация қилинди.
Мажлисда видеоконференцалоқа орқали ҳудудлардаги ҳолат бўйича ҳисоботлар тингланди. Муаммоли вазиятлар муҳокама қилиниб, барча маълумотларни очиқ ва ошкора тарзда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда маълум қилиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар