ЯНГИЛАНАЁТГАН КАСБЛАР

319

ёхуд ўзини ўзи иш билан таъминлаш истиқболи

«Уй офис» (home office) нима дегани?
«

Уй офис» (Home office) – бирор соҳага тегиш­ли компьютер техникаси ва ахборот технология­ларига оид муайян билимга эга бўлган, ишхонага келмасдан туриб, фақат бажарган ишига ҳақ талаб қилинадиган замонавий иш услуби ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, ҳозирги пайтда айни шундай тартибда ишлаш орқали кўпчилик «қора қозони»ни қайнатиш баробарида ўзлари яшаётган давлатлардаги бандлик кўрсаткичларига ижобий ҳисса қўшяпти. Бу илмий тилда «ўзини ўзи банд қилиш», деб аталмоқда. Замонавий меҳнат бозорида бу тоифадаги ходимларга талаб тобора ўсиб бормоқда.

Ўзини ўзи банд қилиш

Иқтисодчи-маркетологлар таърифича, ўзини ўзи банд қилувчилар мунтазам равишда билимларини ошириб борадиган ва бир қанча доимий штатда ишловчи ходимлардан кўра самарали меҳнат қиладиган, ўз харажатларини қисқартириш эвазига даромадларни кўпайтирадиган фойдали кишилардир.
Бугун бошқарув шаклидан қатъи назар, ҳар қандай мамлакат фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилишига ижобий ҳолат сифатида қарамоқда. Чунки ишсизлик нафақасини тўлаш, ишсизлар учун ижтимоий ҳимояни кучайтириш бюджетга ортиқча юкдан бошқа нарса эмас. Бандликнинг бу тури иш берувчига ҳам, ишловчига ҳам кўп жиҳатдан қулай бўлиб, иш берувчи ходимнинг бажарган ишига ёки банд бўлган вақтигагина ҳақ тўлайди. Бунда меҳнат таътили, касаллик варақаси, моддий ёрдам каби «муаммо»ларга асло ўрин йўқ.

Пандемия шароитида «уй офис»

Глобал пандемия шароитида дунё миқёсида меҳнатнинг ўзини ўзи банд қилиш турига нисбатан бўлган талаб кескин ошди. Бу усул орқали миллионлаб инсонлар иш билан таъминланиб, кўплаб ишхоналар фаолиятини тўхтатмади. Ўз ­навбатида, бу давлатга тўланадиган тушумларга ҳам ижобий таъсир кўрсатди.
Мамлакатимизда ҳам илк бор эълон қилинган карантин шароити одамларни бир неча кун ичида масофадан туриб (online) ишлашга ўргатди. Ўқитувчилар, ОАВ ходимлари биринчилардан бўлиб ­шароитга тез мослашди десак, муболаға эмас. Тўғри, бизнинг шароитдаги масофадан ишлашнинг дунёда оммалашган ўзини ўзи банд қилиш билан фарқли жиҳатлари бор. Бу фарқ, аввало, ҳуқуқий жиҳатдан намоён бўлди. Чунки меҳнатга оид қонунчилигимизда ходимнинг масофадан ёки офисда бажарган иши ўртасидаги фарқ ва унинг меҳнатига ҳақ тўлаш механизмлари акс этмаган. Қолаверса, симсиз интернетнинг ­оммалашмагани ва мавжуд алоқа операторларининг қамров доирасини оширмаётгани ҳам масофадан туриб ишлаш имкониятларини кескин камайтиради.

Дунёнинг эркин ишчилари

«Ўзини ўзи иш билан таъминлаш» тушунчаси Россия қонунчилигида 2017 йилда пайдо бўлган. Айни шу йилнинг 1 июлидан энага, тарбиячи, таржимон, тозаловчи, гид ва бошқа фаолиятда ўзларини банд қилган шахслар рўйхатдан ўтказила бош­ланди. 2018 йил 1 январь ҳолатида бу тоифадаги банд аҳоли 936, 2019 йил 6 март ҳолатида 38000, йил охирига бориб эса 260 минг нафарга етган.
«Совершенно секретно» газетаси маълумотларига кўра, Россияда махсус солиқ режимидан фойдаланган ҳолда ўзини ўзи иш билан банд қиладиганлар сони 2024 йилга келиб, 2,4 миллион нафарга етиши мумкин.
Aмерика Қўшма Штатлари хизматлар бозорида ҳам ўзини ўзи иш билан таъминловчилар улуши тобора ортиб бормоқда. Уларнинг каттагина қисми сотувчилар ва суғурта агентлари ҳиссасига тўғри келади.
Қўшма Штатларда якка тартибдаги тадбиркор, мустақил пудратчи, шерик­лик ёки масъулия­­ти чекланган жамият аъзоси сифатида фаолият юритувчиларга солиққа тортиш нуқтаи назаридан ўзини ўзи иш билан банд қилганлар сифатида қаралади. Мазкур шахслар даромад солиғидан ташқари ижтимоий таъминот ва тиббий хизмат учун солиқларни тўлаб боради.
«McKinsey» глобал институтининг 2016 йилги тадқиқотига кўра, Англияда 14 миллион нафар эркин ишчи бор. Европа давлатларидан фарқли ўлароқ, Бирлашган қиролликда ўзини ўзи банд қилган ишчиларга муносабат бироз ўзгача. Бу ерда ўзини иш билан банд қилган киши якка тартибдаги тадбиркор ёки шерик сифатида фаолият юрита олади. Мамлакатда бандликнинг ушбу шакли оммалашиб бораётган бўлса-да, фаолият ҳуқуқий жиҳатдан бир нечта талабларга мос тарзда йўлга қўйилиши керак. Хусусан, ўзини ўзи банд қилган шахс уйдан туриб ишлаётган бўлса, маҳаллий ҳокимият ундан уйнинг бир қисмини офис сифатида ишлатиши учун рухсат талаб қилиши мумкин. Бундан ташқари, бундай фаолият билан банд киши иш берувчи ва мижозларнинг ҳужжатларини электрон шаклда юритадиган бўлса, у ахборот комиссари идорасидан рухсат олиши талаб этилади.
Европа Иттифоқи Комиссияси ўзини ўзи иш билан банд қилишни «миллий қонунчиликда белгиланган шароитларда ўз фаолияти учун фойда олиш» деб таърифлаган. Европа Иттифоқининг тегишли шартномаларида (Treaty on the Functioning of the European Union, TFEU) ўзини ўзи иш билан банд қилган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади. Келишувга мувофиқ, ҳужжатларни ўзаро тан олиш билан боғлиқ жараёнлар ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинган.

Ўзбекистонда вазият қандай?

Юртимизда ҳам ўзини ўзи банд қилувчилар тоифаси аллақачон ­шаклланган. Лекин «даромад олишнинг ҳар қандай шакли солиққа тортилиши керак», деган қараш ва рўйхатдан ўтмасдан даромад олишга яширин иқтисод деб баҳо берилиши ўзини ўзи банд қилганларнинг «соя»да фаолият юритишига сабаб бўлди. Ҳолбуки, масофавий ишлаш, ўзини ўзи банд қилиш, фриланcер, SMM, SMO ёки таржимонлик билан боғлиқ таклиф ва талаблар етарли. Бироқ…
Шундай бўлса-да, бу фаолият «олтин ўрталиқ»да ривожланиб келди. Пандемия шароити эса бандликнинг бу турига қонуний баҳо бериш зарурати туғилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан шу йил 8 июнь куни тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштиришга оид қарор қабул қилинди. Унга мувофиқ, ўзини ўзи банд қиладиган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган 67 та фаолият тури тасдиқланди. Бу рўйхат фуқароларга 120 га яқин хизматни бажаришга ҳуқуқий жиҳатдан изн беради.
Рўйхатга талаб тобора ошиб бораётган мультимедиа хизматларини қамраб олувчи моушн-дизайнер, 3D-дизайнер, видео муҳаррир, дас­турий таъминот билан боғлиқ мобиль иловалар ва веб-сайтлар яратиш, веб-саҳифаловчи, веб-таҳлилчи, ижтимоий тармоқлардаги фаолиятга оид PR-менеджер, интернет-маркетолог, SMM, линк-менежер, таргетолог, контекст-реклама бўйича мутахассис, директолог, SMO мутахассисларининг киритилиши кўпчилик замонавий ­кадрларга янги имкониятлар яратади.
Эндиликда айни шу йўналишдаги фаолият билан шуғулланувчилар ўз билимларини эркин сотиш ва даромад олиш баробарида электрон коммерцияни ривожлантириш ва ғояларини монетаризация қилиши ҳам мумкин. Рўйхатга HR-менежер, рек­рутер, шахсий ассистент каби турларнинг киритилиши фуқароларни ўзини ўзи банд қилиши орқали бош­­қа инсонларни ҳам даромадли фаолиятга бошлаши ва энг муҳими, ­бандлик даражасининг ошишига ҳисса қўшади.
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш махсус QR-код ва солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади. Ўзини ўзи банд қилган шахс­лар жорий йил учун ижтимоий солиқни ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди. Тасдиқланган рўйхатда келтирилган фаолият турлари билан шуғулланадиган шахслар чет элдаги жисмоний ва юридик шахслардан кўрсатилган хизмат ҳамда бажарилган ишлар бўйича тўловларни қабул қилиши мумкин.
Рухсат берилаётган рўйхатга разм солинса, бундан 3-4 йил аввал айрим фаолият турлари билан шуғулланиш учун анчайин маблағ, лицензия, ҳаттоки таниш-билиш талаб этилганини кўриш мумкин. Буни, айниқса, тадбиркорлар ҳаммадан кўра яхшироқ тушунади. Маълумот учун айтадиган бўлсак, upwork.com порталида рўйхатдан ўтган кўплаб ўзбекистонлик фриланcер (Freelancer)лар ижобий фаолият юритмоқда. Қолаверса, ОАВ ва савдо билан шуғулланувчи кўплаб корхона ва ташкилотлар ҳам SMM, SMO хизматларидан кенг фойдаланмоқда. Бу эса эндиликда «соя»да ишлаётган кўплаб ноёб мутахассисларнинг юзага чиқишига шароит яратиб, бандлик даражаси ортиши ва бюджет тушумлари кўпайишига хизмат қилади.

Дилшод БЎРИЕВ,
журналист

Бошқа хабарлар