Мажбурий меҳнатдан қочиб, икки оёғидан ажралган фуқарога ёрдам кўрсатилди

467

Асли самарқандлик А.Н оилавий шароити оғирлиги сабабли 2007 йилда Россияга ишлагани боради. 2020 йилга А.Н қурилиш объектида мажбурлаб ишлатилади. Мажбурий меҳнатдан қочиш мақсадида қурилиш объекти атрофидаги ўрмонзорга яширинишга мажбур бўлади. Ўрмонзорда адашиб, бир неча кун совуқда қолиб кетиши натижасида икки оёғидан ажралади.

Агентликнинг Санкт-Петербург шаҳридаги ваколатхонаси, мамлакатимизнинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамкорлигида фуқарога бирламчи тиббий ёрдам олиши учун кўмаклашилди, «Ватанга қайтиш гувоҳномаси» расмийлаштириб берилди. Ҳомийларнинг молиявий кўмагида 6 июнь куни Санкт-Петербург — Самарқанд авиарейси орқали Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар берди.

Шунингдек, Самарқанд вилоятидан Ш.Н ва М.С лар пандемия шароитида иш тополмай, пульсиз қийин аҳволда қолган.

Ушбу фуқаролар Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Санкт-Петербургдан Самарқандга олиб келинди.