НАЗОРАТ КЎЗГУСИДА – ХАВФСИЗ МЕҲНАТ

126

Пандемия шароитида меҳнат муҳофазасига эътибор қандай?

«Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, Касаба уюшмалари инспекциялари ташкил қилинди. Ушбу инспекциялар фаолияти ходимлар манфаатларини ҳимоя қилишда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Иш жойлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида санитария қоидаларига риоя қилиниши юзасидан жамоатчилик назорати ўрнатиш зарурати карантин талаблари тўлиқ бекор бўлмаган ҳозирги кунларда жуда муҳим.
Инпекциялар корхона ва ташкилотлар фаолиятини ўрганиб чиқишмоқда.Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, иш берувчиларнинг ходимлар хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси таъминлашдаги шароит барча ҳудудларда ҳам кўнгилдагидек эмас. Бу эса бугунги пандемия шароитида ходимлар соғлиғини хавф остига қўяётгани кундек равшан.
Андижон вилояти Бандлик бошқармаси, вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ва вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашлари масъул ходимларидан иборат махсус ишчи гуруҳ 98 та ишлаб чиқариш корхонаси, 94 та қурилиш объекти, 13 та хизмат кўрсатиш ва 10 та савдо-сотиқ корхонасида меҳнат шароит­лари ҳамда карантин талаб­ларига риоя этиш борасида амалга оширилган ишларни ўрганди.
Маълум бўлишича, қурилиш ташкилотларининг барчасида ишчилар иссиқ овқат, махсус кийим, тиббий ниқоб, антисептик воситалар билан таъминланган бўлса-да, қурилиш объектларида дезинфекция тунеллари ташкил этилмаган. Бундай ҳолат тўртта ишлаб чиқариш корхонасида ҳам аниқланган.
Навоий шаҳрида бешта хизмат кўрсатиш шохобчаси, 16 та савдо шохобчаси, 3 та қурилиш ташкилоти фаолиятини ўрганиш жараёнида ҳам карантин қоидаларига беписандлик билан қараш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, Навоий шаҳридаги «MAGNIT MARKET», «INDENIM» «Бирюза ТРЕНД» савдо мажмуаларида ишчилар ниқоб ва қўлқопларсиз экани, кириш жойида дезинфекция воситалари йўқлиги, «Очилойим», «Баҳор» гўзаллик салонларида ходимлар махсус кийимсиз хизмат кўрсатаётгани, «Инновацион қурилиш» МЧЖ ходимлари эса махсус кийим-бош ва пойабзал билан таъминланмагани аниқланиб, камчиликлар жойида бартараф этилди.
Хоразм вилояти ҳудудида карантин даврида фаолият кўрсатаётган 55 та ишлаб чиқариш, 91 та қурилиш корхонаси, 50 та хизмат кўрсатиш ҳамда 52 та савдо-сотиқ шохобчасида карантин қоидалари, меҳнатни муҳофазаси талабларининг бажарилиши бўйича жамоатчилик назорати ўтказилганда 13 та ишлаб чиқариш ва 77 та қурилиш ташкилотида ишловчилар махсус кийим-бош, пойабзал ва шахсий ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланмагани, шунингдек, ишлаб чиқаришда 6 та, қурилишда 13 та корхонага киришда дезинфекция тунели мавжуд эмаслиги ҳамда врачлар бириктирилмагани маълум бўлди.
Наманган вилоятида фаолиятига рухсат берилган 1926 та корхонадан 398 тасида ўрганиш ишлари ўтказилганда 163 та корхонада ишчилар махсус кийим билан таъминланмагани, 126 тасида ходимларда тиббий ниқоб мавжуд эмаслиги ва 122 таси антисептик воситалар билан таъминланмагани аниқланиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича тушунтириш берилди.
Бухоро вилоятида ишчи гуруҳ айрим қурилиш объектларида карантин қоидаларига риоя этилмаётганини аниқлади. Ишлаб чиқариш ташкилотлари ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида эса ҳолат бирмунча қониқарли экани қайд этилди. Чунончи, ходимлар шахсий-гигиена воситалари билан таъминланган, уларни ишга олиб бориш ва ишдан олиб қайтиш учун алоҳида транспорт воситалари ажратилган.
Фаолияти тикланган корхона, ташкилотларда санитария талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати бўйича июнь ойи­­да Қашқадарё вилоятида амалга оширилган ўрганиш­лар жараёнида бу борада қатор корхона ва ташкилотларда ишлар самарали йўлга қўйилгани маълум бўлди. Қарши шаҳридаги «Қарши Автоцентр» МЧЖ, «Карвон» МЧЖ, «Санам» МЧЖ, «Кўкча» деҳқон (озиқ-овқат) бозори МЧЖ, «Трансбанк» АТБ Қарши филиали, «Ҳамкорбанк» АТБ Қарши филиали, «Қарши Дунё-М» МЧЖ, «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖда санитария қоида ва меъёрларига кўра, кириш қисмида дезинфекция туннели ва санитария постлари, санитайзерлар, дезинфекция гуруҳлари ташкил этилган.
Ишчи гуруҳнинг Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатаётган қурилиш, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида карантин қоидаларига риоя қилиниши устидан ўтказилган текширувида 364 та корхона ва ташкилот фаолияти ўрганилди.
Аксар корхона ва ташкилотлар ходимларнинг ишга келиб-кетиши учун махсус хизмат автобуслари ташкил этган бўлса-да, 318 та корхонада хизмат автобусларида ишчиларни ташишда масофа сақламанмаётгани аниқланди.
Ўрганилган 247 та ташкилотда кириш дезинфикция туннеллари ташкил этилмаган. 13 та қурилиш объектида ишчилар учун ажратилган ётоқ жойлари санитария талабларига жавоб бермайди.
Ишчи гуруҳ одамлар кўп тўпланадиган жойлардаги шароитларга ҳам эътибор қаратди. Хусусан, Самарқанд шаҳри, Қўшработ тумани электр тармоқлари корхоналарида электр энергияси учун тўловни амалга ошириш учун келган фуқаролар, банклар хизматидан фойдаланувчилар ва озиқ-овқат дўконларида хизмат кўрсатиш жараёнида фуқароларнинг масофа сақламаслик ҳолатлари кўзга ташланмоқда.
Тошкент вилоятидаги 330 та корхона ва ташкилотда ходимлар учун яратилган меҳнат шароитлари ҳамда карантин талабларига риоя этилиши ўрганилди. Аниқланишича, ишлаб чиқариш ташкилотларининг 19 тасида, қурилиш ташкилотларининг 7 тасида, хизмат кўрсатиш ташкилотларининг 52 тасида ходимлар иссиқ овқат таъминланмаган. Бундан ташқари, айрим корхоналарда кириш дезинфикция туннеллари қўйилмагани, ходимларни гигиена воситалари билан таъминлашга эътибор қаратилмагани ҳам қайд этилди.
Бу каби ҳолатлар бугунги кунда иш жойларида меҳнат фаолиятини давом эттираётган ишчи-ходимларнинг соғлиғига хавф туғдириши аниқ. Шу мақсадда Касаба уюшмалари инспекторлари жамоатчилик назоратини кучайтириб, жойларда аниқланган ва аниқланаётган ҳолатлар бўйича иш берувчиларга тушунтириш бериб, зарур ўринларда тақдимнома киритиш орқали муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қилишмоқда. Аммо бу барча масалалар ҳал бўлди, дегани эмас. Чунки меҳнат хавфсизлиги ва карантин қоидаларига жамоатчилик эътибор қаратгач ёки кимдир огоҳлантиргачгина амалга оширилиши керак бўлган иш сифатида қараш нотўғри. Зеро, ўзи ва бош­қаларнинг саломатлиги учун вақтида мавжуд муаммони бартараф этишга ҳисса қўшиш ҳар бир иш берувчи ва ходимнинг вазифасидир.

Одил МИРЗАЕВ,
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекцияси
бошлиғи ўринбосари,
бош техник инспектор

Бошқа хабарлар