Пандемия ва карантин сабаб…

222

ходимлар ва иш
берувчилар томонидан энг кўп берилаётган саволларга
жавоблар

Савол:
Айрим ходимларимиз сменали режимда ишлайди. Шу туфайли уларнинг умумий иш вақти давомийлиги белгиланган меъёр­дан ошиб кетмоқда. Бу меҳнат қонунчилигига зид эмасми? Ёки уларнинг ортиқча ишлаган вақтини «иш вақтидан ташқари иш» деб баҳолаб, икки ҳисса ҳақ тўлашнинг ўзи кифоями?

Жавоб:
Аввало, «иш вақтининг нормал муддати», «сменали иш» ва «иш вақтидан ташқари иш» деган тушунчаларни бир-биридан фарқлаш лозим.
Иш вақтининг меъёр­ муддати ҳафтасига 40 соатдан ошмаслиги керак (Меҳнат кодекси, 114-модда). Демак, ҳафтасига 5 иш куни режимида ишлайдиганлар учун кундалик иш вақти 8 соатдан, 6 иш куни режимида ишлайдиганлар учун ҳафтанинг 1 кунида иш вақти камида 2 соатга қисқартирилган ҳолда, кунига 7 соатдан ошмаслиги шарт.
Аммо ҳар доим ҳам бунга амал қилишнинг имкони йўқ. Баъзи ҳолларда ишлаб чиқариш зарурати сабабли айрим ходимлар, баъзан бутун меҳнат жамоаси бундан кўпроқ вақт ишга жалб этилиши мумкин.
Бундай вазиятда МКнинг 123-моддаси иш берувчига ёрдам беради. Ушбу моддага кўра, иш берувчи ишни иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш услубида жорий қилиши мумкин.
Бунинг учун иш берувчи қуйидаги шартларга риоя қилиши шарт:
а) ҳисобга олинадиган давр бир йилдан, кундалик иш вақтининг (сменанинг) муддати эса ўн икки соатдан ортиб кетмаслиги лозим;
б) жамлаб ҳисобга олинганда юзага келган меъёр­и учун тўланган иш ҳақини «жамлаб ҳисобга олиш даври (муддати)» тугагандан кейин иш вақтини ҳам, тўланган иш ҳақини ҳам умумий нормаларга тенглаштириш лозим. Яъни, мисол учун жамлаб ҳисобга олиш олти ой давом этган бўлса, ­кейинги олти ойда иш вақтларини қисқартириш ҳисобига белгиланган умумий давомийликка тенглаштириш керак бўлади.
Жамлаб ҳисобга олинадиган вақтда ишлаганлик учун иш ҳақи умумий тартибда тўланади.
Баъзида ҳақиқатан ҳам иш вақтидан кейин яна ишга жалб қилиш зарурати туғилиши мумкин. Бу эса «иш вақтининг меъёр­ давомийлиги»дан фарқ қилиб, «иш вақтидан ташқари иш» сифатида баҳоланади.
Иш вақтидан кейинги иш учун камида 2 ҳисса ҳақ тўланиши керак.
«Сменали иш» қайд этилган ҳар иккала тушунчадан ҳам фарқланади. Сменали ишда ишловчиларнинг иш вақти 12 соатдан кўп бўлиши мумкин эмас.
Аммо 12 соатлик режим ҳисоблаб борилса, бир ҳафтада ҳафталик иш вақти белгиланган 40 соатдан кўп, баъзан эса кам бўлиши мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам, иш берувчи бундай режимда ишловчи ходимларнинг иш вақтини умумий ойлик ёки йиллик меъёр­дан ошиб кетишига йўл қўймаслиги керак. Бу қўшимча ходимларни ишга жалб қилишни тақозо этиши ҳам мумкин.
Саволда сўралганидек, белгиланган меъёр­дан ортиқча ишлаган вақтга маълум бир давр якуни бўйича оширилган миқдорда ҳақ тўлаб қўйиш кифоя қилмайди. Чунки саволда назарда тутилган қўшимча ҳақ иш вақтидан ташқари вақтда ишлаганлик учун тўланиши мумкин. Иш вақтидан ташқари вақтда ишга жалб қилиш учун ходимнинг розилиги керак бўлади ва бу ҳақда иш берувчининг алоҳида буйруғи чиқарилиши лозим. Қолаверса, иш вақтидан ­кейинги вақтда ишга жалб қилиш йил давомида 120 соатдан ошмаслиги керак.

Савол:
Бир ходимамиз декретга кетган вақти унинг ўрнига бошқа ходимани ўриндошлик асосида меҳнат шартномасида кўрсатган ҳолда ишга олдик. У беш ой ишлади. Асосий лавозимда ишлаётган ходима ўз хоҳишига кўра ишга чиқди. Ўриндошлик асосида ишлаб келган ходиманинг меҳнат шартномасини бекор қилиш учун меҳнат Кодексининг 105-моддаси етарлими? У бошқа иш топиб берасизлар, деб талаб қиляпти.

Жавоб:
Ўриндошлик асосида ишлаётган ходим ҳам шу корхонанинг ходими ҳисобланади. Чунки у ҳам меҳнат шартномаси асосида ишлайди. Фарқи шундаки, у корхонанинг аксарият асосий ходимлари сингари тўлиқ иш кунида эмас, балки тўлиқсиз иш режимида ишлайди.
Шунинг учун унинг ишда бўлмаган вақтига (шу жумладан, ҳомиладорлик ва туғиш таътили, бола парваришлаш таътили даврига) ўрнига бошқа ходим ишга қабул қилинган бўлса, бу лавозимда асосий ходим ҳисобланган ходим ишга қайтганда, унинг ўрнига қабул қилинган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга Меҳнат кодексининг 105-моддасида кўрсатилган асос етарли бўлади.
Агарда асосий ходим ишга қайтган вақтда унинг ўрнига қабул қилинган ходима ҳомиладор бўлса ёки 3 ёшга тўлмаган боласи бўлса, унда МКнинг 237-моддаси талабига биноан, бу ходима билан меҳнат шартномасини МКнинг 105-моддасига асосан бекор қилишда уни бошқа иш билан таъминлаш чорасини кўриши керак. Ишга жойлаштириш даврида бу ходиманинг иш ҳақи сақланиб қолинади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак.
Демак, «бошқа иш топиб беринглар» дейишга фақат ҳомиладор ёки 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёл ҳақли. Таъкидлаш жоизки, агар иш берувчида бошқа иш ўрни мавжуд бўлмаса ёки ходима таклиф қилинган ишга ўтишга рози бўлмаса, аёлнинг «бошқа иш топиб беринглар» деган талаби бажарилиши шарт эмас. Аммо уч ой давомида иш ҳақини тўлаш шарт.

Савол:
Ходимимиз ўз ҳисобидан таътил олиб, хорижий давлатга кетган эди. Таътили тугашига бир неча кун қолганда коронавирус пандемияси сабабли ўша ерда қолиб кетди. Ўз ҳисобидан таътил олганидан деярли уч ой вақт ўтиб, у чартер рейс билан яқинда Ўзбекистонга қайтди ва 14 кунга карантинга жойлаштирилди. Иш берувчи сифатида ходимга меҳнат қонунчилигига мувофиқ белгиланган уч ойлик ўз ҳисобидан таътилни бериб бўлдик. Қолаверса, у бу йил учун меҳнат таътилидан ҳам фойдаланиб бўлган. Шу кунлар учун табелга нима ёзиш керак? Унга қандай имтиёз беришим мумкин ёки ишдан бўшатишимиз керакми? Чунки карантинга олингунига қадар орада бир неча кун узилиш бўляпти.

Жавоб:
Тўғри, таъкидлаганингиздек, ходимнинг аризасига кўра, унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин. Унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.
Таътил ва карантинга олиниш орасидаги ходим ишламаган бир неча кун учун унга табель ёзилганида ишга келмаганини тасдиқловчи ноль қўйилиши керак ва бу кунлар учун ходимга ҳақ тўланмайди.
Президентимизнинг шу йил 19 мартдаги коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирларга оид фармонининг 16-бандида коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланган.
Карантинда даврида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади.

Савол:
Биз – тиббиёт ходимлари тиббий кўрикдан ўтиш учун ўз ҳисобимиздан пул сарфлаяпмиз. Шу тўғрими?

Жавоб:
Меҳнат кодексининг 214-моддаси, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасига мувофиқ, тиббий кўрик­лардан ўтилиши муносабати билан ходимлар чиқимдор бўлмайди.
Иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан қуйидаги ходимларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт:
ўн саккиз ёшга тўлмаганлар;
олтмиш ёшга тўлган эркаклар, эллик беш ёшга тўлган аёллар;
ногиронлар;
меҳнат шароити ноқулай ишларда, тунги ишларда, шунинг­дек, транспорт ҳаракати билан боғлиқ ишларда банд бўлганлар;
озиқ-овқат саноатида, савдо ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бош­­қа тармоқлардаги ишларда банд бўлганлар;
умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимлар.
Мазкур ходимлар тиббий кўриклардан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмас. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлар натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни иш берувчи ишга қўймасликка ҳақли.
Меҳнат шароити ноқулай ишлар ва бажарилаётганида дастлабки тарзда ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтилиши лозим бўлган бошқа ишларнинг рўйхати ва уларни ўтказиш тартиби Адлия вазирлигида 2012 йил 29 августда 2387-сон билан рўйхатга олинган Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан тасдиқланган «Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 1-3-иловаларида белгиланган.
Ходимларнинг меҳнатидан уларнинг соғлиғи ҳолатига тўғри келмайдиган ишларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Агар ходим ўз соғлиғининг ҳолати меҳнат шароити билан боғлиқ ҳолда ёмонлашган, деб ҳисоб­ласа, у навбатдан ташқари тиббий кўрикдан ўтказишни талаб қилишга ҳақли.
Демак, сиз ўз ҳисобингиздан эмас, иш берувчи ҳисобидан тиббий кўрикдан ўтказилишингиз керак.

Савол:
Фарзандим коллеж ўқувчиси. Ўзим оилавий поликлиникада ҳамшира бўлиб ишлайман. Фарзандимнинг соғлиғи сабаб бюллетенга (вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси) чиққандим. Ишхонам бюллетень учун 100 фоиз эмас, 80 фоиз ҳақ тўлаб берамиз деяпти. Шу тўғрими?

Жавоб:
Тўғри, Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартибига оид низом (Адлия вазирлигида 2002 йил 8 майда 1136-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган)нинг 26-бандига кўра, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси иш стажининг давомийлигидан қатъи назар, иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида қуйидагиларга тўланади:
ишлаётган 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига;
байналмилал жангчиларга ва уларга тенг­лаштирилган бошқа шахсларга;
қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган уч ёки ундан ортиқ болалари бўлган ходимларга;
Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда қатнашган ходимларга;
Чернобиль АЭСдаги авария натижасида радиоактив ифлосланиш зонасидан эвакуация қилинган ва кўчирилган, қон ҳосил қилувчи органлар касалликлари (ўткир лейкоз), қалқонсимон без (аденома, рак) ва хавфли ўсмалар билан боғлиқ касалликларга чалинган ходимларга;
меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги натижасида вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлган ходимларга.
27-бандида белгиланганидек, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар (сил касаллиги, онкология касалликлари, янгидан пайдо бўладиган хатарли ўсимталар, жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар, СПИД, мохов ­(лепра) касаллиги, руҳий касалликлар) бўйича ҳисобда турган ходимларга улар томонидан давлат ижтимоий суғурта бадали тўлаган даврининг (умумий иш стажининг) давомийлигига боғлиқ равишда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси қуйидаги миқдорларда тўланади:
а) умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида;
б) умумий иш стажи 5 йилдан 8 йилгача бўлган ходимларга иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида;
в) умумий иш стажи 5 йилгача бўлган ходимларга иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида.
Мазкур Низомнинг 26 ва 27-бандларида назарда тутилган ходимлардан ташқари қолган ходимларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа қуйидаги миқдорларда тўланади:
а) умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга ҳамда 21 ёшга етмаган чин (сағир) етимларга иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида;
б) умумий иш стажи 8 йилгача бўлган ходимларга иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида.

Савол:
40 йилдан бери ҳамшира, 3 йилдан бери патронаж ҳамшираси вазифасида ишлаб келаяпман. Буйруғимга патронаж деб ёзилмагани учун устама тўланмаяпти.Илтимос, шунга ойдинлик киритиб берсангиз.

Жавоб:
Агар ҳақиқатда умумий амалиёт тиббиёт ҳамшираси бўлиб ишлаб, лавозим мажбуриятларини бажараётган бўлсангиз, у ҳолда буйруқда ҳам патронаж ҳамшира деб кўрсатилиши лозим.
умумий амалиёт тиббиёт ҳамшираларига узлуксиз ишланган биринчи уч йил учун ва ҳар бир кейинги икки йил учун тариф ставкасига нисбатан 10 фоиз миқдорда белгиланади. Устаманинг энг кўп миқдори 40 фоиз.

Савол:
Ходим Россия давлатидаги олий ўқув юртида сиртдан ўқийди. Ҳозир сессия бошланиши сабабли ўқиш билан боғлиқ таътил беришни сўрамоқда. Аммо у имтиҳон топшириш учун Россияга бормайди карантин туфайли. Бу ходимга ўқиш билан боғлиқ таътил бериладими ёки бермаса ҳам бўладими? Чунки у масофада туриб имтиҳон топширади.

Жавоб:
Меҳнат кодексининг 256-моддасида олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олиш муносабати билан бериладиган таътиллар назарда тутилган.
Унга биноан олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган ходимларга лаборатория-имтиҳон сессиясида қатнашиш даврида ­қуйидаги тартибда:
– биринчи ва иккинчи курсда таълимнинг кечки шаклида олий ўқув юртларида таълим олаётганларга ҳар йили камида йигирма календарь кун;
– ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётганларга ҳар йили камида ўн календарь кун;
– олий ва ўрта махсус ўқув юртларида сиртдан таълим олаётганларга ҳар йили камида ўттиз календарь кун;
– учинчи ва ундан кейинги курсда таълимнинг кечки шаклида олий ўқув юртларида таълим олаётганларга ҳар йили камида ўттиз календарь кун;
– ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётганларга ҳар йили камида йигирма календарь кун;
– олий ва ўрта махсус ўқув юртларида сиртдан таълим олаётганларга ҳар йили камида қирқ календарь кун;
– олий ва ўрта махсус ўқув юртларида битирув имтиҳонларини топшириш даврида камида ўттиз календарь кун;
– диплом лойиҳасини (ишини) тайёрлаш ва ёқлаш даврида олий ўқув юрти талабаларига тўрт ой;
– ўрта махсус ўқув юрти талабаларига эса икки ой муддат билан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча таътиллар берилиши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг охирги курсларида ўқиётган ходимларга диплом лойиҳасига материаллар тўплаш учун ўттиз календарь кун муддат билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши ҳам назарда тутилган.
МКнинг 257-моддасида сиртдан таълим олаётган ходимларга лаборатория-имтиҳон сессиясида қатнашиш мақсадида ўқув юрти жойлашган ерга бориши ва у ердан қайтиб келиши учун йилига бир марта йўл киранинг эллик фоиздан кам бўлмаган қийматини иш берувчи тўлаши ҳам белгилаб қўйилган.
Демак, ходимга ўқиётган ўқув юртидан (олий ёки ўрта махсус), нечанчи курсда ўқиётганлигидан ва ўқишнинг шаклидан (кечки ёки сиртқи) келиб чиққан ҳолда, юқорида келтирилган давомийликда таътил берилиши шарт. Аммо ходим имтиҳонларни ўқув юртига бормай, масофавий тарзда топшириши сабабли унга йўл кира ҳақи тўланмайди.

Савол:
Биз туман тиббиёт бирлашмасида 13 йилдан бери кир ювувчи бўлиб ишлаймиз. Кунига 120 килограммдан ошиқ ҳамда қонли операцион кирни хлор билан ювамиз. Бир ставка ойлик 650 минг сўм бўлиб, стажимизга қўшилмас экан. Бундан ташқари, карантиндагилар кирини ҳам ювяпмиз. Ҳисобчидан «ойлик оз, зарарли хлор билан ишлаймиз» десак, «қанча йил ишласангиз ҳам ойлик маошингиз ошмайди, хўжалик бўлимига кирасизлар, тиббиёт ходими эмассизлар», деди. Биз тиббиёт муассасасининг кирини ювамиз-ку?

Жавоб:
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 октябрдаги хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини янада такомиллаштиришга оид қарори билан тасдиқланган Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторида (тартиб рақами – 3119) кир ювиш машинаси оператори учун 4-разряд белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги меҳнат бозоридаги муносабатларни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирларга оид қарорининг 4-иловасида Давлат бюджети маблағлари ҳисобига сақланадиган ташкилотларда банд бўлган хизматчиларнинг кенг тарқалган лавозимлари ходимлари айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар тасдиқланган бўлиб, унинг 8-бандида барча номлардаги механик, техниклар, операторлар ва лаборантларга ягона тариф сеткаси бўйича 6-разряд белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, штатлар жадвалига «кир ювиш машинаси оператори» деб киритилган бўлса, Сизга 6-разряд белгиланиши лозим.

Савол:
Ходим меҳнат таътили ва ўз ҳисобидан олиши мумкин бўлган барча таътиллардан фойдаланиб бўлди. Ходимнинг асосий иш жойи Тошкент шаҳрида экани, у Тошкент вилоятидан ишга қатнаши, ҳозирда вилоятдан шаҳарга қатнаб ишлашда жамоат транспортининг вақтинча тўхтатилгани, чегара постидан ўтишда қийналаётгани, шунингдек, шахсий машинаси йўқлиги сабабли ишга кела олмаяпти. Унинг ишини қандай ташкил қилишимиз керак?

Жавоб:
Биринчи усул: унинг ишга келиб-кетиши учун автотранспорт воситасини ажратишингиз ва чегара постидан ўтиш учун иш жойидан бериладиган рухсатномани расмийлаштириб беришингиз керак.
Иккинчи усул: ходимни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишингиз мумкин. Бунда ходимнинг иши Адлия вазирлигида 2020 йил 28 мартда 3228-сон билан рўйхатга олинган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йил 25 мартдаги 9-2020/Б-сон буйруғига иловада тасдиқланган «Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом» талаблари асосида ташкил этилади.
Учинчи усул: ходим билан келишувга асосан, Солиқ кодексининг 374-моддасига кўра, асосий иш ҳақи қисман сақлаб қолинган ҳолда ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш орқали унга таътил бериш. Бу ҳолда ходимнинг ёзма розилиги олиниши шарт.

Саволларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва Юридик бўлими мудирлари
Нодира Каримова, Ҳамидулла Пиримқулов
жавоб берди.

Бошқа хабарлар