Масъулиятсиз раҳбарларга танбеҳ

68

Мамлакатимизда мажбурий меҳнатнинг олдини олишга жиддий эътибор берилаётган бир пайтда, айрим раҳбарлар ушбу масалага ҳануз панжа орасидан қарамоқда. Қолаверса, ҳозирги эпидемиологик вазият раҳбар кадрлардан ходимлар билан муносабатларда масъулиятни янада оширишни талаб этади.

Шу йилнинг 18 июнь куни Бухоро вилоятининг Пешку туманида кузатилган қонунбузарлик бу борада қилинадиган ишлар ҳали кўп эканини кўрсатди. Ушбу ҳудуддаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида иш жараёни пандемия туфайли вақтинчалик тўхтатилган, яқиндан бошлаб эса маскандаги спорт секциялари фаолиятини тиклашга киришилган эди. Чунки Республика Махсус комиссияси хулосасига кўра карантин талабларининг юмшатилиши сабаб «яшил» ҳудудлардаги шундай спорт мактабларида машғулотлар қайта тикланяпти. Аммо ўқув даргоҳи директори Ҳотам Облобердиев шу йўналишдаги чора-тадбирлар фақат қонун доирасида, ходимларнинг тегишли хизмат вазифаларига мос равишда амалга оширилиши лозимлигини унутганга ўхшайди. Йўқса, у қўл остидаги қирқ уч нафар спорт мураб­бийсини маскан ҳудуди, хусусан, стадионидаги ободонлаштириш юмушларига мажбуран жалб қилмас эди. Афсуски, ўша ходимлар орасида ҳомиладор аёллар ҳам бўлган.
Ушбу ҳуқуқбузарлик давлат меҳнат инспекцияси, туман касаба уюшмаси кенгаши ва бошқа мутасаддилар томонидан ўрганилди. Маълум бўлишича, ўқув даргоҳида бундай ҳолат биринчи марта рўй бермаётган экан. Педагог-мураббийлар бундан олдин ҳам спорт мактабининг телеграм гуруҳи орқали турли важ-корсон билан хизмат вазифаларидан ташқари ишларга чақирилган, директорнинг буйруғини бажармаганларга чора кўрилиши таъкидланган. 18 июндаги воқеа тафсилотлари оммага маълум бўлиб, ОАВ, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилингач, даргоҳдаги ана шундай нохуш ҳолатга чек қўйилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу ҳолатни масъуллар батафсил ўргангач, Пешку тумани жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директорига интизомий жазо чоралари кўрилди. Хусусан, Ҳ.Облобердиевга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси, 1-қисмига кўра, 11 миллион 150 минг сўм миқдорида маъмурий жарима белгиланди. Бухоро вилояти Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғига шу каби қонунбузарликлар бошқа такрорланмаслиги бўйича қаттиқ огоҳлантириш берилди. Ўз навбатида, таълим фан ва маданият ходимлари касаба уюшмасининг ҳудудий кенгашлари бошланғич ташкилотларида бундай салбий ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан иш берувчи ҳамда ходимлар ўртасида тушунтириш ишлари амалга ошириляпти.

Матёқуб ҲОЖИЕВ,
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси
Пешку тумани кенгаши раиси

Бошқа хабарлар