ТУРКИЯ ҚАНДАЙ ҚИЛИБ САЙЁҲЛИКНИ ТИКЛАМОҚЧИ?

63

Туркия туризм бизнесидан катта даромад кўрадиган давлатлардан бири. Мамлакатга 2019 йилда 57,7 млн. хорижликлар ташриф буюриб, бу кўрсаткич 2018 йилдагига нисбатан 14,11 фоизга юқори бўлган.  Туристларнинг энг кўп қисми Россия (7 млн.), Германия (5 млн.), Болгария (2.7 млн.), Буюк Британия (2.56 млн.), Эрон (2 млн.) ва Нидерландия (1.1 млн.) каби давлат фуқаролари ҳиссасига тўғри келган. Ўзбекистондан эса 2019 йилда 251,138 нафар юртдошимиз Туркияга сайёҳ сифатида  боришган.  

Пандемия даврида тўхтаб қолган туризм соҳаси Туркияда ҳам мисли кўрилмаган даражада пасайди. Аммо инсониятнинг коронавирусга қарши курашишга оид тажриба ва билимлари кун сайин ошиб бормоқда. Эндиликда қардош турк халқи ҳам соҳада минглаб ишчилар меҳнат қилишини, туризм мамлакат иқтисодиётига катта таъсир ўтказувчи соҳа эканлигини инобатга олиб, 1 июлдан эътиборан уни қайта йўлга қўйиш борасида янги лойиҳалар ва  саъй-ҳаракатларни бошлади. Жумладан, 19-20 июнь кунлари Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой  раҳбарлигида ўтказилган “Янгидан кашф қил” тадбирида Туркияга энг кўп ташриф буюрувчи 50 давлатнинг элчилари билан Анталияда суҳбат уюштирилди ва меҳмонлар хавфсиз туризм хизматини илк бор жойида синаб кўриш  имкониятига эга бўлишди.  

 Меҳмет Нури Эрсойнинг таъкидлашича, 1 июлдан ишга тушадиган “Хавфсиз Туризм сертификацияси Дастури” доирасида самолётдан аэропортгача, ташиш транспортидан меҳмонхонагача дуч келадиган барча ҳаракатларда сайёҳлар учун юқори даражадаги хавфсизлик чоралари ташкил этилади. Бунда ҳар бир сайёҳ учун COVID-19 тестини ўз ичига олган тиббий суғурта пакети ташкил қилинган. Сайёҳлар самолётдан тушишлари биланоқ коронавирусга тест топширишади. Сайёҳлик шартномаси орқали эса олдиндан келишган ҳолда тур операторлар ва онлайн каналлар орқали суғурта пакетларини сотиб олишлари мумкин. 15, 19 ва 23 еврогача бўлган  суғурта пакетлари доирасида ташкилотчилар 3 минг, 5 минг ва 7 минг евро миқдоридаги барча  тиббий ҳаражатларни қоплашни бўйнига олмоқда.

Бундан ташқари, ҳар бир меҳмонхонада махсус карантин хоналари тайёрлаб қўйилган. Сайёҳлар ҳар қадамда махсус термометрлардан ўтиб туради. Агар  термометр кимнингдир ҳарорати ошганини кўрсатса ёки  сайёҳ соғлиғида бирор ўзгариш бўлаётганини сезса зудлик билан тиббий кўрикдан ўтказилади ва бепул коронавирус тестини топширади. Текширувда сайёҳнинг соғлиғида хавф кузатилмаса, у меҳмонхонанинг махсус карантин хонасида яшаб туради. Агар сайёҳга шифокор ёрдами керак бўлса ёки коронавирус анқланса, у шифохонага ётқизилади ва даволанишни бошлайди. Суғурта пакети ана шу жараёнда сайёҳга қўл келади. 

Ҳозирча Туркия томонидан туризмга таклиф этилаётган шаҳарлар – Айдин, Анталия ва Муғла каби  вилоятларда СOVID-19  билан касалланганларнинг сони нисбатан пастроқ. Туркияда эса шу кеча кундузда коронавирус билан касалланганларнинг умумий сони 190,165 нафарни  ташкил этиб, уларнинг 162, 848 нафари тузалди, 5001 нафари вафот этган. Айни пайтда эса мамлакатда касалликдан даволанаётганлар тахминан 22,316 минг нафар атрофида, деб ҳисобланмоқда.

Зебо НАМОЗОВА

Бошқа хабарлар