Мутасаддилар фақат томошабинми?

70

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш бў­йича ташкил этилган, тун-у кун фаолият кўрсатадиган 12 11 қисқа рақамли «Ишонч телефони»га Тошкент шаҳридан келиб тушган мурожаатларнинг ижроси юзасидан таҳлилий натижалардан киши чуқур ўйга толади.

Мурожаатлар сони шу кунгача 3 442 тани ташкил қилмоқда. Улар ижросини текшириш мақсадида хонадонларга борилганда, деярли барча ҳолатда аҳвол қониқарли эмаслиги аён бўлди. Мурожаатларнинг ижросини-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Маҳалла масъулларида одамлар дардига малҳам бўлиш, улардан доимий хабар олиш, масалаларига ечим топиш каби инсоний фазилатлар бегона кўринади. Хотин-қизлар мана шундай муаммолар ичида қолиб, «Ишонч телефони»дан мадад кутишмоқда. Тўкилаётган кўз ёшлар, айтилаётган танқидий фикрлар, ҳаётдан баҳра олиб яшашга қўймаётган айрим муаммолар қаршисида баъзи бир раҳбарлар, маҳалла раислари томошабин бўлиб, ўзларини оқлашдан нарига ўтишмаяпти. Далиллар, мурожаатлар асосидаги ўрганишлар дилингизни хуфтон қилиши табиий.
Гулчеҳра Сабурова Тошкент шаҳри, Яшнобод туманидаги «Хосиятли» МФЙ Авиасозлар кўчасидаги ётоқхонада истиқомат қилади. У онкологик касаллиги туфайли тиббий муолажага муҳтожлиги, оилавий шароити сабаб бепул хизмат кўрсатилиши ва зарур дори-дармонларни олишда кўмак сўраган. Уч марта Соғлиқни сақлаш вазирлигига ижро учун жўнатилган бўлса-да, шифокорлар томонидан ҳеч қандай амалий ёрдам берилмаган. Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари ҳам мурожаатларга юзаки қараб келишмоқда.
– Анча йиллардан бери иккинчи гуруҳ ногирониман, – дейди Гулчеҳра Сабурова. – Яқинда операциядан чиқдим, кимёвий муолажалар жуда қиммат. Моддий томонлама қийналиб қолганим учун ёрдам сўраб, мурожаат қилдим. Шу пайтга қадар ўз ҳисобимдан, бор бисотимни сотиб, қиртишлаб, қарз-ҳавола қилиб даволаниб келяпман. Мурожаатларимдан кейин ҳам менга расмий мулозаматлардан бошқа ҳеч нарса дейишмади. Фақат арзон хизматлар ва дориларни таклиф қилишди, уларнинг айримларининг таркиби тўғри келмайди. Дори-дармон учун олган қарзларим 10 миллиондан ошиб кетди. Кимга борайлик, қаердан нажот кутайлик?
Ўрганишлар давомида ушбу маҳаллада яшовчи аёллар ҳам муаммоларни ҳал қилишда маҳалла эътиборсиз экани, ҳеч қандай кўмак бермаётганини айтишди.
– Моддий тарафлама ҳам, маънавий тарафлама ҳам ҳеч қандай ёрдам беришмайди, – дейди шу маҳаллада яшовчи аёллардан бири. – Биттаси – лифт масаласи. Онамни кўчага олиб чиқмаганимга икки йил бўлди. Ҳеч қанақа умид қолмади. Онам йиқилиб тушганидан буён жойда қолган. Мен онамга қарайманми ёки ишлайманми?! Боқувчимиз йўқ. Кимга бориб дардимизни айтамиз?
– Онамнинг 600 минг сўм пенсия пулига қаноат қилиб яшаяпмиз, – ­дейди ушбу маҳаллада яшовчи бир аёл. – Болам учун икки ёшгача бола пули ҳам беришмади. Неча марта сўрадим. Бормаган жойим қолмади.

Маҳаллада истиқомат қилувчилар маҳалла раисининг фаолиятидан норози эканини билдиришди. Унга эса бу танқидий фикрлар ҳеч ҳам таъсир қилмади. Раис фақат ўзини оқлашдан нарига ўтмади.
Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи Маъмура Акмалованинг ҳам шифокорларга айтадиган гаплари кўп. Ўтказилган тиббий муолажадан умуман норози. Онкологик касаллиги туфайли Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиали ходимлари эъти­борни сусайтиришган. Бу ерда ҳам маҳалла вакиллари унга амалий ёрдам бериш чораларини кўришмаган.
– Компьютер томографияси қилинглар, дейишди, – дейди Маъмура Акмалова. – Бу ҳам аниқ билолмас экан. Аниқ бўлмаган нарсага эса улар қандай муолажа қилишганига ҳайронман. Улар менга керак бўлмаган кимёвий муолажани қилишди, деб ҳисоблайман. Бунинг асорати биринчи кундан сезилди. Ҳамма керакли дориларни ўзимиз олиб борган эдик. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки порталга қилган мурожаат орқали борса, уларнинг энсаси қотар экан. Дорилар ёмон таъсир қилганида, ўлишимга ҳам рози бўлдим, тўғриси. Кимёвий дори энг кўпи 80 та қилинар экан, шифокор эса менга 120 та буюрибди. Мазам бўлмай бир ой ётдим, ҳамма дори-дармонларимни ўзим олдим. Марказ ходимлари эса бир марта ҳам хабар олишмади. Маҳалла раиси умуман йўқ, десам ҳам бўлади. Унинг менга қилган муомаласини кўриб, сўраганимдан уялиб кетдим.
Шу туманда рўйхатда турса-да, ҳозирда Тошкент вилоятида қариндошлари назоратида даволанаётган Раъно Иномова ёлғиз аёл. Уч маротаба жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган. Бош қисмида ўсиб чиқаётган ўсма уни қийнаб келмоқда. Тўғрироғи, ҳаёти ва соғлиғи хавф остида. Зудлик билан даво чоралари кўрилиши керак, аммо маблағ йўқ. У ўз мурожаатида моддий ёрдам сўраган.
– Озиқ-овқат бўйича ёрдам берамиз, дейишганида, менга операция учун моддий ёрдам беришларини сўрадим. Россияга бориб даволанишим учун катта маблағ керак. Шунинг учун илтимос қиляпман, – дея кўзига ёш олди Раъно Иномова.
Фотима Ниғмонбекова Шайхонтоҳур тумани «Катта Оқтепа» маҳалласида яшайди. У ўз мурожаатида айни пайтда тўрт сотих ҳовлида бешта оила – 24 киши истиқомат қилаётгани, оилавий шароити жуда оғир эканини баён этиб, уй-жой ажратиб берилишида амалий кўмак сўраган. Мурожаат асосида хонадонга бориб ўрганилганда, у ердаги аҳвол дилни хира қиладиган даражада экани аён бўлди. Мурожаат ечими бўйича бирон-бир мутасадди шуғулланмаган. Хонадон эгалари, аёлларининг эса дардини эшитадиган, уларга амалий ёрдам берадиган марднинг ўзи йўқ.
– Мурожаат қилганимга бир ойдан ошди, – дейди Фотима Ниғмонбекова. – Хат келди. У сабр қилиб туринглар, келамиз, деган мазмунда эди. Галстук таққанлар келди, расмга олди, кетди. Шу билан жимжитлик…
– Маҳалладан эса садо чиқаётгани ҳам йўқ, – дея гапга қўшимча қилади Тоҳира Ниғмонбекова. – Солиқларга, коммунал тўловларни тўлашга қийнал­япмиз. Мана, карантин бошланганидан буён тўлай олганимиз йўқ.
Шу ўринда савол туғилади: бу каби ҳолатларга мутасаддилар эътибор қаратмаса, фуқаролар дардини кимга айтсин? Пойтахтда шундай ҳолатлар бор экан, ҳудудлардан нимани кутиш мумкин?
Аёллар томонидан йўлланган мурожаатларнинг ижро муддати келса-да, ижроси таъминланмаган ёки кечиктирилган ҳолатларнинг ташкилот ва идоралар кесимидаги ошкора таҳлили бу масалага жойларда юзаки ёндашув, инсон тақдирига бефарқлик, баъзи бир масъулларнинг масъулиятсизлигини ошкор этиб қўймоқда. Бу борада бир неча бор танқидий мулоҳазалар, фикрлар билдирилган бўлса-да, мурожаатлар ечимида ижобий натижалар кўзга ташлангани йўқ.
Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор. Наҳотки, мутасаддилар буни унутишаётган бўлса…

Аъзамжон АБУЛФАЙЗОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар