Карантин тугаши ўзимизга боғлиқ

176

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида вазиятга қараб карантин қоидалари юмшатилмоқда. Хусусан, қатор ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти қайта тиклангани тадбиркор учун ҳам, аҳоли учун ҳам айни муддао бўлди. Бироқ, бу борада маълум қоидалар жорий қилинганини ҳамма ҳам тушуниб етмаяпти, шекилли. Карантин қоидаларига риоя қилиниши устидан жамоатчилик назоратини олиб бораётган Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ишчи гуруҳи ана шундай лоқайдлик ва беписандликларга тез-тез дуч келмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари шу кунга қадар 6483 нафар ходим фаолият кўрсатувчи 277 та корхона ва ташкилотда карантин қоидаларига риоя қилиниши устидан жамоатчилик назорати ўтказди. Ўрганишларда 106 та корхона, ташкилотда ишловчиларни ишга ва ишдан уйига етказиб қўйиш учун махсус транспорт воситалари ажратилгани, транспорт воситаларини дезинфекциялаш ишлари йўлга қўйилгани, 42 та ташкилотда 708 нафар ходим ётоқ жойлари билан таъминлангани аниқланди.
– Аммо ўрганишлар жараёнида айрим ташкилотларда ниқоб ва резина қўлқоплар захираси ҳамда антисептиклар мавжуд бўлмаган ҳолатларга, озиқ-овқат савдоси ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида фуқароларнинг белгиланган 2 метрлик масофани сақламаслигига кўп дуч келинди, – дейди Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерация­­си Меҳнат инспекциясининг Хоразм вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори Музаффар Отабоев. –Камчиликларни жойида ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказяп­миз. Хусусан, 15 та ишлаб чиқариш ва 84 та қурилиш ташкилотида ишловчилар меъёр талаб­лари бўйича махсус кийим-бош, махсус пойаб­зал ва шахсий ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланмагани аниқланди. Жумладан, «Сирож қурилиш сервис», «Хоразм саноат қурилиш» , «Гурлан ғишт», «Боёт ғишт», «Хонқа шарқ», «Урганч қурилиш бетон», «Темир бетон», «Хоразм қурилиш транс» корхоналари раҳбарларининг ходимлар соғлиғига бепарволиги кўзга ташланмоқда. «Муборак Саломат», «Ферузбек Мухлиса», «Голд жаҳон қурилиш», «Гурлан парвоз», «289-сон ХКМК» каби қурилиш корхоналарида эса дезинфекция йўлаги ташкил қилинмаган.
– Ўтган ҳафтада 146 нафар ишчи фаолият кўрсатаётган 7 та қурилиш ташкилотида мониторинг олиб бордик, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекциясининг Хоразм вилояти бўйича меҳнат техника инспектори Марат Ишметов. – Уларнинг ҳеч бирида ишловчилар меъёрлар бўйи­­ча махсус кийим, махсус пойабзал ҳамда шахсий ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланмаган. 87 нафар ходим ишловчи 19 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида эса масофавий белгилар, кириш қисмларида дезинфекция эритма билан намланган тўшамалар қўйилмагани сабабли уларга огоҳлантиришлар берилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари жамоат назоратини олиб борган қурилиш корхоналаридан бири «Ҳамкор газ-нефт қурилиш» МЧЖ Хива шаҳридаги 13-сон МТМда қайта таъмирлаш ишларини амалга оширмоқда. Ушбу корхонада ҳам карантин қоидаларига риоя қилинмаяпти. На дезинфекция йўлаги ташкил қилинган, на келган фуқароларнинг тана ҳарорати ўлчаниб, тегиш­ли журналга қайд қилиняпти. Ишчилар учун махсус кийим ҳам берилмаган, ювиниш учун шароит йўқ.
Англашиладики, ҳар куни неча бора такрорланишига қарамасдан, карантин меъёрларини писанд қилмаётганлар кам эмас. Бу нописандлик карантин муддатининг янада чўзилишига сабаб бўлишига шароит яратишини барчамиз анг­лаб етишимиз даркор.

Муҳаббат Тўрабоева,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар