Касб касалликлари: СОҲА ИСЛОҲОТЛАРГА МУҲТОЖ

73

56 ёшни қаршилаётган Эркин Қурбонов 20 ёшида Наманган шаҳридаги «Электртерм» (ҳозирда фаолияти тугатилган) заводига кимёвий кислоталар билан ишловчи мутахассис бўлиб ишга кирди. У бу вазифада 22 йил ишлади, аммо саломатлигидаги жиддий ўзгариш – нафас олишнинг қийинлашиши туфайли 42 ёшида ишдан бўшашга мажбур бўлди.

– Аввалига кимёвий моддалардан узоқлашсам, саломатлигим тикланиб кетса керак, деб ўйлагандим, – ­дейди Э. Қурбонов. – Аммо ўзгариш бўлмади, аҳволим борган сари оғирлашди. ­Тишларим, сочларим, қошларим тўкилиб кетди, иштаҳам йўқолди. Вазним 45 килограммга тушиб қолди. Йўтал тинимсиз хуруж қиларди. Икки йил Наманган шаҳридаги тиббиёт муассасаларида даволаниб юрдим. Аммо саломатлигим тикланмади. Бир куни Тошкентда яшайдиган шифокор опам «Сен касб касалликлари клиникасига боришинг керак…» деб, қўярда-қўймай ўзи билан олиб кетди. У ерда махсус текширувлардан ўтказишди. Қоним кимёвий моддалар билан заҳарлангани, нафас қисиши, соч ва тишларим тўкилишига ҳам ана шу зарарланиш сабаб бўлганини айтишди. Бирга ишлаган ҳамкасбим ҳам худди мен каби хасталанган эди. Афсуски, у клиникага келишга улгурмай, оламдан ўтди. Бу менга қаттиқ таъсир қилди, саломатлигимни тиклаш учун астойдил ҳаракатда бўлдим. Умид қилганимдек, ушбу клиникада шифо топа бошладим. Ҳар йили бир ёки икки марта шу масканда бепул даволанаман.
Фарғоналик Зайнобиддин Усмонов йўл қурилиши соҳасида 33 йил меҳнат қилган. У нитрит, чанг, солярка ва газолин каби зарарли кимёвий моддалар билан ишлагач, юрак, ўпка ва жигар етишмовчилиги билан бирга, сурункали бронхитни орттирган. Клиникада ҳар йили икки марта даволанишига қарамасдан, куз фаслидан то апрелнинг ўртасигача йўтал хуружидан қийналади. З.Усмоновга ишхонаси 1 200 000 сўм миқдорида компенсация тўлайди, давлат томонидан 1 658 000 сўм пенсия берилади. Аммо Зайнобиддин ака 33 йиллик меҳнати эвазига аянчли касаллик­лар исканжасида қолди.
– Фаолиятим натижасида шундай дардни орттириб олдим, – дейди З.Усмонов. – Ишхонада ҳеч ким касаллик ҳақида огоҳлантирмаган. Касб касалликлари шифохонаси ҳақида тасодифан билиб қолдим. Агар шу ерда даволанмаганимда…
Суҳбатдошларимизнинг оғир хўрсиниғи зарарли меҳнат натижасида орттирилган касалликларни ўз вақтида аниқлаш тизимида муаммолар борлигини кўрсатади. Бу ерда даволанаётганларнинг кўпчилиги ушбу масканга тасодифан, кимдандир эшитиб келишган. Билмасдан, тўғри даволанмасдан вақт ўтказиб юрганлар қанча экан?..
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Санитария, гигиена ва касб касаллик­лари илмий-тадқиқот институти мамлакатимизда ягона бўлиб, у 60 ўринга мўлжалланган. Аммо муассасада даволанишга талаб юқори. Куз ва қиш фаслида бу ерга келувчилар сони 100 нафардан ҳам ошиб кетади.
– Анчадан буён шароит ҳаминқадар бўлгани боис, давлат томонидан янги бино қурилиши режалаштирилаётганди. Ниҳоят, бу йил ушбу хайр­­ли лойиҳа бошланди, – дейди Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош профпатолог мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори Муқаддас Ҳамроқулова. – Янги лойи­ҳага асосан клиника, институтнинг илмий лабораториялари, диспансер бўлими ва тиббий олий ўқув юртларининг клиник базалари учун ўқув бўлимлари қурилади. Келгусида замонавий клиника касб касалликлари ташхиси билан диспансер назоратида турган беморларнинг даволаниши ва диа­гностикаси учун барча қулайлик ва зарур тиббий жиҳозларга эга бўлади. Афсуски, вилоятлар ва туманларда касб касаллиги хизматининг йўқлиги ёки номигагина мавжудлиги даврий тиббий кўриклар сифати ва кўламининг пасайи­шига, назоратнинг сусайишига сабаб бўлмоқда. Касалликларга ўз вақтида ва аниқ ташхис ­қўйилмаяпти. Натижада, касб касаллигига чалинганлар дастлабки енгил босқичда эмас, балки ўртача оғир ва оғир ҳолатда клиникамизга йўлланмоқда.
Бугунги кунда вилоятларда ўтказилаётган тиббий кўрикларда ишга яроқлилик бўйича экспертиза хулосалари «касб касаллиги» мутахассислигига эга бўлмаган шифокорлар томонидан берилмоқда. Бундан ташқари, тиббий кўриклардан кейин касалликларни диспансер гуруҳларига ажратишда ходимларнинг умумий касаллиги билан касб касаллиги ажратиб берилмаяпти. Оқибатда, аллақачон соғломлаштириш ва реабилитацияга муҳтожлар ўз вақтида муассасага келолмаяпти.
Муқаддас Ҳамроқулованинг айтишича, касалликни вақтли аниқлаш ва даволаш қамровини ошириш учун соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам ислоҳотга, янгиланишга муҳтож. Масалан, Тошкент тиббиёт академиясида касб касаллиги мутахассислиги (профпатолог) бўйича кадрлар тайёрланаётган бўлса-да, вилоятлар ҳамда туманлардаги даволаш профилактика муассасаларида касб касаллиги бўйича штатлар йўқ. Жойларда ўтказилаётган тиббий кўриклар кўпинча мутахассис бўлмаган шифокорлар ёки бу вазифани бажаришга лицензияси бўлмаган хусусий муассасалар томонидан ўтказилмоқда.
Шу ўринда айрим маълумотларга ҳам тўхталиб ўтсак. Ҳар бир соҳада янги замонавий технологияларнинг жорий этилиши касб касалликларининг сони ва турига ҳам таъсир этади. Масалан, илгари нашриётларда китоб, газета, журнал чоп этишда қўрғошиндан фойдаланилган ва бу соғлиқ учун зарарли бўлган. Эндиликда барча нашриётлар компьютерлашди, қўрғошиндан умуман воз кечилди. Сўнгги йилларда таянч-ҳаракат тизими, тери, биологик омиллар таъсиридаги касб касалликлари кес­кин камайган бўлса-да, нафас органлари билан боғлиқ касалликлар кўпайи­­ши кузатилди. Бунга жойларда меҳнат муҳофазасига риоя қилмаслик, ҳимоя воситаларидан унумли ва тўғри фойдаланмаслик ва юқорида таъкидланганидек, тиббий кўриклар мутахассислар томонидан ўтказилмаётгани сабаб бўлмоқда.
Илгари қишлоқ хўжалигида ­кимёвий воситалар билан зараркунандаларга қарши курашувчи ходимлар орасида касб касаллиги кўп учрарди. Ҳозирда бу йўналишда мурожаатлар кузатилмаяпти.
Янги соҳалардаги нохуш таъсирлар ҳали тўлиқ ўрганилгани йўқ. Бугун жамиятимизда кун бўйи компьютерда ўтириб ишлайдиганлар сони кескин ортган. Баъзан бунда кўриш қобилиятининг пасайиши, остеохондроз каби касалликлар пайдо бўлиши мумкин. Хўш, бу каби касалликлар ҳам касб касалликлари рўйхатига киритиладими? Мутахассисларнинг фикрича, уларнинг рўйхатга киритилиши кутилмаяпти.
Қолаверса, касб касалликларининг олдини олиш учун зарарли таъсири бор корхоналардаги иш ўринларини шаҳодатлаш, даврий тиббий кўрикларнинг шаффоф ва холис бўлишини таъминлаш лозим. Тиббий кўрик­лар малакали мутахассислар ва лицензияси мавжуд бўлган тиббиёт бирлашмалари томонидангина ўтказилишига эришиш лозим. Бундан ташқари, вилоятлардаги барча кўп тармоқли тиббиёт бирлашмаларининг моддий-техник базасини кучайтириш, уларда касб касаллиги штатларини жорий этиш зарур. Касб касаллик­лари келиб чиқиши хавфи юқори бўлган корхоналарда ўтказиладиган даврий тиббий кўриклар ҳар 5 йилда касб касаллик­лари клиникасининг юқори малакали шифокорларидан тузилган махсус гуруҳлар томонидан ўтказилиши ҳам керак.
Мухтасар айтганда, соҳа ислоҳотларга муҳтож. Гап минглаб ишчи-ходимларнинг саломатлиги, тақдири ва келажаги билан боғлиқ экан, мутасаддиларнинг соҳага эътибори бино ва унинг шароитини яхшилаш билангина чекланиб қолмайди.

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар