Биология: Эукариотлар – ўсимликлар хилма-хиллигими?

28

(учинчи мақола)

«Nature Microbiology» онлайн илмий журналида ёзилишича, ер юзида замбуруғларнинг 1,5 миллион тури мавжуд. «American Society for Microbiology» – «Америка микробиология жамияти»нинг маълумотига кўра эса ўсимлик ва ҳайвонот дунёси каби эукариотларга мансуб бундай тирик организмларнинг турлари 2,2 миллиондан 3,8 миллион атрофида. Шулардан фақат 120 мингтаси тавсифланган, холос.
Энди ҳозирги вақтда мактаб ўқувчисига уқтирилаётган маълумотни ўқиймиз: «Zamburug‘larning 100000 ga yaqin turlari mavjud».
Бу – 9-синфлар учун 2019 йилда «YANGIYUL POLIGRAPH SERVICE» нашриёти чоп этган Биология (ситология ва генетика асослари) дарслигининг 19-саҳифасидаги жумла. Кўриниб турибки, Халқ таълими вазирлиги тавсияси асосида Абдукарим Зикиряев, Анвар Тўхтаев, Иброҳим Азимов ва Николай Сонин муаллифлигида чиқарилган дарсликнинг «Zamburug‘lar dunyosi» номли 6-параграфидаги маълумот янглиш.
Қолаверса, унда замбуруғларга тартибсиз равишда «achitqi zamburug‘i», «qo‘ziqorin zamburug‘i», «qalpoqchali zamburug‘lar», «parazit zamburug‘lar», «zang zamburug‘i», «vertisill» дея мисоллар келтирилиб, шуларнинг ҳар бирига тавсиф берилган (20-22-бетлар). Яъни систематика (таснифлаш)га умуман риоя қилинмай, бундай организмларнинг туркумлари, уруғи, тури, орган аъзоси, яшаш тарзига кўра хусусиятлари аралаштириб юборилган. Чунончи, ачитқи ва занг замбуруғларини, вертицилларни олайлик. Улар, аслида, кўплаб туркум, гуруҳ ва уруғлар сирасидан бўлиб, аниқ бир организмнинг номи эмас. Бинобарин, «achitqi zamburug‘i», «zang zamburug‘i», «vertisill» деб бирликда эмас, «achitqi zamburug‘lari», «zang zamburug‘lari», «vertisillar» дея кўплик шаклида ёзиш мақсадга мувофиқ эди.
Яна бир гап. 22-бетда «Vertisill. Oq palak» деб ёзилган. Гўёки вертициллар ва оқ палак бир нарсадек. Бу – қўпол хато. Аслида, оқ палак – айни шу вертициллар уруғига мансуб Verticillium dahliae замбуруғи ўсимлик­ларда қўзғайдиган вилт касаллигининг халқона номи.


Параграфдаги яна бир тартибсизлик ушбу мавзуга микориза ва лишайниклар ҳақидаги маълумотларнинг қўшиб юборилганидир. Микориза юксак ўсимликларнинг, лишайниклар эса цианобактерияларнинг замбуруғлар билан симбиотик бирикмаси бўлиб, назаримизда, уларга 16 ­параграфда симбиоз муносабатлар ҳақида ёзилган «Simbioz gipotezasi» мавзусида (49-бет) тўхталиб ўтилганда, ўринли бўларди.
Замбуруғлар микология илмида ўрганилишини, аммо бу фан ҳақида дарс­ликда лом-мим дейилмаганини ҳам эслатган ҳолда, диққатингизни бошқа бир чалкашликка қаратмоқчимиз. Гап шундаки, юқорида тилга олганимиз цианобактериялар кўк-яшил сув ўтлари, деб ҳам аталади ва муаллифлар уларни «o‘simliklar dunyosining eng qadimgi vakillari» дея таърифлашган (15-16-бетлар). Ҳолбуки, бу организмлар «сув ўти» дейилишига қарамай, асло ўсимлик эмас, балки бактерияларнинг йирик бир туркумидир! Қизиғи, улар «Prokariot va eukariot hujayralar» номли 15-параграфда (47-бетда) прокариотлар қаторида тилга олинган. Бу, албатта, тўғри. Муаллифлар шу ўринда 15-16-бетлардаги хатони билвосита инкор этиб, уни тузатгандек. Яъни аввалига кўк-яшил сув ўтлари (цианобактериялар) ўсимлик экани уқтирилиб, кейинроқ улар ўсимликларни қамраб олмайдиган прокариотлар қаторига киритилган.
Аммо бир жойда янглиш маълумот кетиб, бошқа жойда тузатилган бўлса, ўқувчи чалғиб, иккиланиб қолади. Боз устига, бундай чалкашлик туфайли олий ўқув юртларига кириш тест имтиҳонларида зиддиятли саволлар абитуриентни қийнаши, адаштириши ҳеч гап эмас. Шу боис энг тўғри йўл – дарсликда хатоликнинг умуман бўлмаслиги.
Кези келганда, прокариотларга тааллуқли яна бир нотўғри маълумотни кўрсатиб ўтсак: «Hujayra amitoz yo‘l bilan bo‘linadi» (13-бет). Аммо прокароит ҳужайра бундай йўл билан эмас, тенг иккига (бинар) бўлиниш орқали кўпаяди. Амитоз эса, одатда, ҳужайрадаги меъёрий митотик даврийлик издан чиқиши сабаб юз бериб, ҳужайра ядросининг бўлиниш урчуғи ҳосил қилмай, хромосомаларни тенг бўлмай, иккига ажралишидир. Ундан фарқли ўлароқ, бинар бўлинишда ДНК репликацияси, ситокинез кузатилади.
Қайта ишланиб, тўлдирилиб, нақ бешинчи марта нашр этилган бу дарсликнинг нимаси қайта ишланиб, тўлдирилган – очиғи, билмадик. Ҳар ҳолда, III бобда «Bugungi kunda hujayra nazariyasining asosiy qoidalari quyidagilardan iborat» дея негадир бугунги кундаги ҳужайра назарияси қоидалари ўрнига мана бу эскирган қоидалар саналган:
«1. Barcha tirik organizmlar, ya’ni mikroorganizm, o‘simlik va hayvonlar tanasi hujayralardan tashkil topgan.

  1. Yangi hujayralar faqat avval mavjud bo‘lgan hujayralarning bo‘linishi tufayli vujudga keladi.
  2. Organizmlarning hujayralardan tashkil topishi ularning kelib chiqishi bir xil ekanligidan darak beradi.
  3. Hujayra tirik organizmlarning tuzilish va funksional birligi hisoblanadi.
  4. Har bir hujayra mustaqil ravishda hayot kechirish xususiyatiga ega» (30-бет).
    Аслида, замонавий ҳужайра назарияси қоидалари бешта эмас, балки еттита бўлиб, улар қуйидагилар:
  5. Барча маълум тирик мавжудотлар бир ёки кўпгина ҳужайрадан иборат.
  6. Барча тирик ҳужайралар ўзидан аввал мавжуд бўлган ҳужайралардан бўлиниш орқали юзага келади.
  7. Ҳужайра барча тирик организмлар тузилиши ва вазифаларининг асосий бирлигидир.
  8. Организм фаолияти мустақил ҳужайраларнинг ялпи фаоллигига боғлиқ.
  9. Энергия оқими (метаболизм ва биокимё) ҳужайралар ичида содир бўлади.
  10. Ҳужайралар таркибида айнан хромосомада учрайдиган ДНК ҳамда ҳужайра ядроси ва цитоплазмада учрайдиган РНК мавжуд.
  11. Барча ҳужайралар ўхшаш турлар организмларининг кимёвий таркибида асосан бир хил бўлади.
    Устига-устак, дарсликда ДНК ва РНК нималиги, уларга хос хусусиятлар етарлича очиб берилмаган. Хусусан, РНКнинг тузилиши сурат кўринишида тасвирланмай, қуруқ ва зерикарли, шунчаки баён этилган (74-75-бетлар). Ўз навбатида, айни шу икки макромолекулага тегишли қуйидаги гапга тўхталсак: «Mitoxondriyalar yarim avtonom organoid bo‘lib ularning membranalararo bo‘shlig‘ida DNK, RNK va ribosomalar bo‘ladi» (41-бет).
    И-е, тушунмадик, ДНК, РНК ҳамда рибосомалар митохондриянинг мембраналараро бўшлиғида эмас, ички мембранаси ичида бўлади-ку!
    Энди 17-бетдаги мана бу жумлага диққат қаратсак: «5­§. Eukariotlar – o‘simliklarning xilma­xilligi». Турган гапки, биологиядан бехабар киши уни ўқиб, «эукариот дегани – ўсимликлар хилма-хиллиги экан-да» деган хулоса чиқаради. Аммо дарслик муаллифларидан «Жумла шу маънодами?» деб сўрасангиз, ўзлари қатъиян рад этиш­лари аниқ. Чунки замонавий систематикага кўра, эукариотлар – замбуруғлар, ўсимликлар ва ҳайвонот оламларидан ташқари протисталар ҳамда хромисталарни ҳам қамраб олувчи домен (салтанат) экани маълум. Мавзуни номлашдаги бу қадар эътиборсизлик, тафсилотлардаги тизимсизлик, тиниш белгиларини ноўрин қўллаш маънонинг ана шундай бузилишига олиб келган. Бундай қусурларни яна санаш мумкин.
    Бугун 9-синф боласига органик олам, генетика, ситология ҳақидаги мураккаб билимларни ўргатаётган дарсликда айрим маълумотлар, жумлалар ҳуда-беҳуда такрор келгани ҳам кишини ўйлантирмай қўймайди: «Eukariotlarga sodda hayvonlar, zamburug‘lar, o‘simlik va hayvonlar kiradi» (34-бет), «eukariotlar guruhiga esa zamburug‘lar, o‘simlik va hayvonlar kiradi» (47-бет), «eukariotlar zamburug‘lar, o‘simliklar, hayvon hujayralarining tuzilishida…» (48-бет)…
    Хулоса ўзингиздан!

Рустам ИБРОҲИМОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар