Иргакўрди

33

Самарқанд тарафларда «иргакўрди» деган ибора бор. Ирга дейилганда, уй, ҳовли ва умуман, турмушнинг рўзғорга дахлдор нозик жиҳатлари тушунилади. Бу ибора, асосан оилавий муносабатларда, кўпинча, аёллар ва қизлар, она билан қиз, қайнона-келин ўртасидаги ўзаро мулоқотларда ишлатилади. Айниқса, янги оила шаклланишида иргакўрди биринчи ўринга чиқади. Ҳатто бу совчилик хизматининг энг муҳим, ва айтиш мумкинки, асосий тамойилини ҳам белгилайди.

Совчиликнинг муҳим юмушларидан бири иргакўрди ҳисобланади. Бунда куёв томондан кайвони хотинлар келиннинг уйига боришади. Атайлаб текширмаса-да, «айёр» кайвонилар кўз қири билан иргаларни назоратдан ўтказади. Айримлари сув ичиш баҳонасида ошхонага, қўл ювиш учун ваннага назар солса, бошқа бирлари турли сабаблар билан молхона, тандирхона, ҳатто ҳожатхонагача бориб кўради. Баъзилари ўтирган жойида гиламнинг бир четини кўтариб қарайди. Мақсад – оиланинг рўзғор тутумини билиш.
Халқимиз азалдан озодаликни, саранжом-саришталикни, орасталикни яхши кўради. Сариштали уй – фариштали уй. Табиийки, саришталикнинг бошида ҳамиша аёллар туришган. Аёл эса бўлажак оила бекасининг онаси, тарбиячиси, мураббийи. Қуш уясида кўрганини қилади. Одам боласи саранжом-саришталикка ҳам, палаз яшашга ҳам ўрганади. Олдин кўз, кейин феъл шунга мослашади.
Айрим аёллар сирти ялтироқликка жуда ўч бўлишади. Уйига меҳмон келса ҳам, у ёқ-бу ёқни номига супуриб-артиб, дастурхонга зўр беради. Кайвонилар эса анойи эмас. Улар овқат келиши билан дастурхонига қарайди – доғи йўқми, кирмасми, коса-қошиғини кўради – ювганда ёғи қолмаганми, уйнинг бурчакларини кузатади – болаларнинг кийим-кечаклари, ўйинчоқлари пала-партиш тиқиб ташланмаганми, шифтни мақтаб, шифтлардан тартанак уяси ахтаради. Ошхонада қозонини, молхонада сигирини, ҳовлидаги кучугини мақтай-мақтай, оила тутумининг манфий ва мусбат томонларини миясида ёзиб бораверади. Ҳатто бешик ва тувакнинг қай ҳолатда турганлиги ҳам эътибордан четда қолмайди.
Зиёфат тугаб, тугунчаклар тугилиб, хайр-хўшлашганда ҳам қиз томон кайвониларнинг қароридан бехабар бўлади. Кайвонилар куёв бўлмишнинг уйига келгач, ҳамма нарса ойдинлашади. «Иргаси тоза экан, тутуми зўр» дея суйинганлар ҳам, «палакат рўзғор экан», деб ранжиганлар ҳам бўлади.
Иргакўрдининг аҳамияти шундаки, бу тадбир оила қурилишида асосий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу бўлажак келиннинг оилани қай даражада тутиш салоҳиятига эга эканлигига аниқлик киритади. Онасини кўриб, қизини ол, деб бежизга айтилмаган, ахир.
Борди-ю, келин овқат қилишни билмаса – ўрганади, кир ювишни, сигир соғишни, хамир қилиб, нон ёпишни ҳам бора-бора билиб олиши мумкин. Аммо қиз бола саришталикни болаликдан ўрганмаса, ёмон! Эр шўрлик минг топиб келгани билан уй саришта бўлмаса, унда барака бўлмайди! Иргага эътиборсиз аёлнинг ҳовлиси, уйи исқирт, рўзғори бебурд бўлади. Бу аёл тарбиялаган фарзанд ҳам шу ҳолатни такрорлайди.
Бу дунё – қадим дунё! Унда ҳамма нарса синовдан ўтган. Сараги саракка, пучаги пучакка ажралган. Жумладан, иргакўрди сингари азалий урф-одат-у, таомилларимиз ҳам!

Алишер Айматли

Бошқа хабарлар