Жамолунгмага Ўзбекистон байроғини қадаган юртдошимиз тантанали кутиб олинди

1635

2021 йил 7 июнь куни соат 21:00да Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Эверест чўққисини забт этган биринчи ўзбекистонлик альпинист спортчи – Сергей Денисенко тантанали кутиб олинди.

Сергей ер сатҳидан 8848,86 метр баланликда жойлашган дунёдаги энг баланд чўққи – Жамолунгма (Эверест)га чиқишга узоқ вақт тайёргарлик кўрди. У бунга қадар юртимиздаги ва хориждаги баландликларни забт этган. Хусусан, 2019 йили Непалдаги Мера чўққисига кўтарилган. Қайд этиш жоиз, мазкур баланлик Непалдаги энг баланд треккинг чўққи саналади.
– Энг катта мақсадим Эверест чўққисига Ўзбекистон байроғини қадаш эди, – дейди Сергей Денисенко. Бу ниятимга етишда менга отам ва устозим, аёлим яқиндан кўмак берди.
Сергей 2021 йилнинг 11 апрелида Никита Балабанов гуруҳи таркибида “Кулуар” жамоаси билан Эверестга экспедицияни бошлади. Ноқулай шароит ва об-ҳавонинг кескин ўзгариши ҳадеганда чўққига кўтарилиш имконини бермади. Шунга қарамай, сабр-тоқатли Денисенко ортга чекинмади. Ниҳоят, икки ой деганда у билан гуруҳидан яна уч кишига жаҳоннинг энг юқори чўққисига чиқиш насиб этди.