Боланг айтганингни эмас, қилганингни қилади

51

Ҳар қандай тақлиднинг замирида шахснинг ўзлигини англамаслиги мужассам. Шахснинг ўзлигини англамаслиги эса илмсизликдан пайдо бўлади.
Давримизнинг ижтимоий-маънавий муаммоларидан бири «оммавий маданият»дир. Хўш, ёшларимиз нега «оммавий маданият» таъсирига тушиб қолмоқда?

Бунга ким айбдор?

Ёшлар айнан кўз ўнгимизда улғайиб, шу аҳволга тушмаяптими?
Қадимги Ўрхун-Энасой битикларида «Боланг айтганингни эмас, қилганингни қилади», деган жумла тошга ўйиб ёзилган. Демак, катталарнинг кичик хатолари ҳам ёшларга катта ўрнак бўлади. Тўйларда ўзини билмайдиган даражада ичиб олган ва раққоса билан жазавали рақсга тушаётган ота қандай қилиб ўғлига одобдан сабоқ беради? Кун бўйи турли олди-қочди сериалларни томоша қилиб, кечгача телефон ва ғийбатдан бўшамайдиган, кечқурун эса ишдан чарчаб келган эри билан «шанғиллаб, оғзидан боди кириб, шоди чиқаётган» она қизига ҳаёда ўрнак бўла олади деб айта оламизми? Ҳар бир миллатни миллат қиладиган, унинг миллий қиёфасини, миллий бутунлигини таъминлайдиган улуғ қадриятлари бўлади. Шу қадриятларга дарз кетгач, миллатнинг руҳи ичдан емирилади. Миллий руҳни, миллий қадриятларни ёшларнинг онгига сингдириш, энг аввало, ота-оналар ва ўқитувчиларнинг фидойилигига боғлиқ.
Яқинда facebook ижтимоий тармоғида қизлари бор уй бекаси бўлган онанинг турли хил кўриниш ва ҳолатдаги суратларига кўзим тушди. «Мен селфи қилишни севаман» деган мазмундаги суратларга қараб туриб, юрагимни аччиқ бир ўй тирнаб ўтди. Ўзини минг кўйга солиб суратга тушаётган бу она қизларига «селфи қилманг» деса, унга қизлари қулоқ соладими?
Балоғат ёшидаги қизалоқларнинг ётоқхонада бегоналарга ҳавойи ўпич йўллашида селфини яхши кўрадиган оналарининг ҳиссаси йўқми? Аслида, маънан баркамол фарзанд соғлом оилада тарбияланади. Соғлом муҳитни эса катталар шакллантиради. Жамиятнинг ҳар бир онгли фуқароси соғлом муҳит шаклланишига ўз ҳиссасини қўшиши шарт. Ўзимиз, оламга бўлган муносабатимиз, жамиятга кўрсатадиган маънавий-ахлоқий таъсиримиз муҳит ҳисобланади. маънавий-ахлоқий қарашларимиз, ижтимоий-сиёсий тутумларимиз, руҳий-ботиний эътиқодимиз муҳитнинг асосларидир. Кишилик жамияти оилалардан иборат бўлган. Ўз оиласини ташқи салбий таъсирлардан кучли маънавий-ахлоқий қадриятлар мезони билан ҳимоялаб, соғлом бошқарган ота-она эса ўзига тириклик чоғидаёқ ҳайкал яратган буюк меъмордир.
Фарзандлар тарбияси йўлида бугун ҳар қанча заҳмат чексак, эртага бунинг мевасини кўрамиз. Ҳар қандай сусткашликка йўл қўйсак, бунинг ҳам жазосини оламиз. «Қуш уясида кўрганини қилади» деган нақл бежизга айтилмаган. Токи биз катталар ўз маънавий оламимизда ­«Оммавий маданият»га қарши кураш иммунитетини шакллантирмас эканмиз, ёшларимизни бу хуруждан асраб қолишимиз мушкул. Шу маънода «оммавий маданият»га қарши қарши миллий қадриятларимизга асосланган юксак маънавият билан курашсаккина, кўзланган манзилга етамиз. Акс ҳолда, бу йўлнинг охири фожиа билан тугайди.

Ўролбек ЧЎТБОЕВ

Бошқа хабарлар