Хавфсиз ҳавзаларда чўмилинг!

63

Ёз – болалар учун севимли фасл. Айниқса, жазирамада ҳавзаларда чўмилишнинг ўзига хос завқи бор. Сузишнинг фойдали томонлари кўп. Хусусан, у жисмоний ривожланишга туртки беради.

Аммо бунинг учун сув ҳавзаси талаб­ларга тўлиқ жавоб бериши керак. Аввало, чўмилиш ҳавзалари хавфсиз ҳудудда, санитария қоидаларига риоя қилинадиган жойда бўлиши лозим. Хусусан, у тўрт томондан ўралган, белгиланган ҳудудда жойлашган, ҳар соатда махсус эритмалар билан тозалаб турилиши лозим. Бу билан юқумли касалликларнинг олди олинади.
Энг муаммоли вазиятлардан яна бири – чекка қиш­лоқларда сув ҳавзаларининг етишмаслиги. Бўлса ҳам, мутасадди ходимлар ишлатишмайди. Шундан кейин ёш укаларимиз ноқонуний чўмилиш масканларига боришади. Бу, албатта, нотўғри. Чунки у ердаги сув оқими турли бўлиши мумкин. Баъзан жуда тез ва совуқ бўлади. Белгилаб қўйилганки, махсус сув ҳовузларининг ҳарорати 22-23 даражадан ошмаслиги керак.
Яна бир жиҳатни унутмаслик керак: баъзи масканлардаги оқар сувда зарарли моддалар ҳам учрайди. Мумкин бўлмаган ҳавзаларга «Чўмилиш тақиқланади!» деган белги қўйилиши керак.
Талабга жавоб бермайдиган сув ҳавзаларида юқумли касалликларни юқтириш хавфи мавжуд. Иккинчидан, стрептококклар, стафилококклар учрайди. Учинчидан, кам ювиладиган махсус идишларга кийимларни қўйиш орқали юқади. Бундай идиш­ларда зарарли моддалар узоқ вақт яшайди.
Замбуруғлардан ташқари, салмонеллёз ҳам бассейндаги сув орқали юқиши мумкин. Салмонелла организмда ингичка ичакда жойлашиб, токсинлар ишлаб чиқаради. Бу ичак орқали сувнинг йўқолишига, томир тонусининг пасайишига олиб келади. Энг асосийси, асаб тизимига салбий таъсир кўрсатади.
Ҳар қандай ҳавзада чўмилгандан сўнг, албатта, тоза сувда чайиниш керак. Бу ҳавзада организмга тушган зарарли моддаларнинг чиқиб кетишига ёрдам беради.

Хулоса ўрнида шуни айтамизки, ҳар ким белгиланган гигиена қоидаларига риоя қилиши керак. Шундагина яқинлари ва ўз соғлиғини асрайди, доимо тетик бўлади.

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ

Бошқа хабарлар