АЁЛЛАРИ ЭЪЗОЗЛАНГАН ЮРТ

77

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан мушкул аҳволга тушиб қолган оилаларга ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси мутасаддилигида Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика Ишчи гуруҳи шу кунга қадар юртимиздаги минглаб эътиборга муҳтож аёлларга яқиндан кўмак бериб келмоқда. Ишчи гуруҳнинг Наманган вилоятида амалга ошираётган ишлари, хотин-қизларга яратаётган имкониятлари ҳам эътирофга молик.

Бундан икки ой аввал ишчи гуруҳ вакиллари Наманган вилоятининг Чортоқ туманида хотин-қизлар муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш, тадбиркорлик қилиш истаги бўлган аёлларга тўсиқ бўлаётган камчиликларни уйма-уй юриб ўрганган эди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларидаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, нотинч оилалардаги аҳвол билан билан яқиндан танишилганда, вилоят бўйи­­ча 3 минг 55 та муаммо аниқланди.
Хотин-қизларга тааллуқли муаммоларнинг 449 таси уй-жой билан таъминлаш ва уйларни таъмирлаш, 448 таси соғлиғини тиклаш, 337 таси моддий ёрдам, 754 таси иш билан таъминлаш ва маиший ёрдам, 1067 таси тадбиркорлик ва кредит ажратиш йўналишларига тўғри келади. Ўрганилган муаммоларнинг 1067 таси туман, 1539 таси вилоят, 449 тасини республика даражасида ҳал этиш белгиланди.
Ишчи гуруҳ ва сектор раҳбарлари ҳамкорлигида аниқланган 120 та муаммо ­жойида бартараф этилди ва 135 тасини қисқа муддатда ҳал этиш бўйича чоралар кўрилди.

ЖОЙИДА ҲАЛ ЭТИЛГАН МУАММОЛАР

Ҳаёт ташвишлари билан ўралашиб қолган, соғлиғи ёки боқувчисидан айрилган, тун-у кун ногирон фарзанди парвариши билан андармон, рўзғори камини тўлдиришга қурби етмаса-да, маҳаллага ёрдам сўраб чиқишга ори йўл қўймайдиган мушфиқларнинг ҳолидан хабар олиш, берилаётган моддий кўмак кўпчилик қишлоқ аёлларининг қалбига нур, эртанги кунга умид бағишлади. «ташвишини тугунига тугиб қўйган»ларнинг хонадони ўрганилганда, матонатли, заҳматкаш аёлларнинг сабр-у бардошига таҳсин айтилди.
Чортоқ туманидаги «Арбағиш» МФЙда яшовчи Шоҳиста Нурбоева турмуш ўртоғидан эрта айрилган бўлса-да, уч нафар фарзандини якка ўзи улғайтирди. Бугун унинг икки ўғли олийгоҳда таҳсил олади. Бири шартнома асосида ўқийди. Аммо қайнонаси бемор, қайнсинглиси эса ногирон, қаровга муҳтож. Бу оилага шароит тақозосидан келиб чиқиб, тикув машинаси олиб берилди. Шу маҳаллада яшовчи Гулчеҳра Эралиеванинг турмуш ўртоғи жигар хасталигига чалинган бўлиб, меҳнатга лаёқатсиз. Оиласидаги уч фарзанднинг икки нафари хорижга ишлашга кетган. Бу оиланинг бор-йўқ даромади томорқасидан. «Тўкилай» деб турган уйни таъмирлаш учун ушбу хонадонга маб­лағ ажратилди.
«Юксалиш» МФЙ, Теракзор кўчаси, 163-хонадонда яшовчи ёлғиз она Комила Тўйчибоеванинг яшаш шароити ўрганилганда, боқувчиси йўқлиги, 2008 йилда туғилган фарзанди ногиронлиги, уни даволаш учун ёрдамга муҳтожлиги аниқланди. «Ласкидон» МФЙ, Бирдамлик кўчаси, 55-уйда яшовчи Мастура Қодированинг жигари касал. Турмуш ўртоғи ҳам касалманд бўлгани учун даволанишга маблағ етмайди. Якка-ёлғиз фарзанди ҳам ишлаб, пул топиш учун четга кетган. Ишчи гуруҳ бу оилаларнинг ҳар бирига моддий кўмак сифатида маълум миқдорда маблағ ажратди.
Бундан ташқари, тумандаги «Дамариқ», «Кесканёр» МФЙларда оғир шароитда яшаётган хотин-қизлар муаммолари ўрганилиб, кўплаб оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ ИШЛИ ҚИЛГАН ЯНГИ КОРХОНАЛАР

Хотин-қизлар учун доимий иш ўринлари яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш орқали даромад манбаига эга бўлиши учун имкониятлар яратиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарлигида республика ишчи гуруҳига ажратилган маблағлар ҳисобидан хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган Чортоқ туманида 6 та, Янгиқўрғон, Косонсой туманлари ҳамда Наманган шаҳрида 1 тадан бизнес лойиҳа учун 6 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилиб, 792 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди.
Янгиқўрғон тумани, «Тинчлик» МФЙ ҳудудида анчадан буён бўш ётган ер майдонида бугун йиллик айланма маблағи 2 миллиард 500 минг сўмга тенг бўлган корхона қад ростлади. 50 нафар маҳаллий хотин-қизни иш билан таъминлаган ушбу фабрикада 15 турдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, тўлиқ экспорт қилинади.
– Бугун тадбиркорлик қиламан, маҳаллий аҳолига иш ўрни яратаман, деган кишига ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳукуматимиз ёрдам бермоқда, – дейди корхона раҳбари Шавкат Мансуров. – Янги корхонани ишга тушириш учун 250 миллион сўмлик сармоям камлик қилди. Ишчи гуруҳ тавсияси билан Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси ҳисобидан менга 100 миллион сўмлик фоизсиз кредит ажратилгани қўл келиб, янги ишни бошлаб юбордим. Келгусида фаолиятимизни кенгайтириб, иш ўринларини кўпайтириш ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажмини янада оширишни лойиҳалаштирдик.
Чортоқ туманининг Гулшан қишлоғидаги «Келажак сифат текстиль» корхонасида эркаклар ва аёллар кийим-кечаклари ишлаб чиқарилмоқда. Корхонани ишга тушириш учун қишлоқдаги бўш турган бино тадбиркорга «ноль» балансда фойдаланишга берилди. «Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш» дастури доирасида Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси корхонага 500 миллион сўм маблағ ажратди.
– 100 нафар маҳаллий хотин-қизни ишли қилган, рўзғорига барака келтираётган, ҳаётидан рози яшашга имкон берган корхонамизнинг бугунги кундаги йиллик ишлаб чиқариш қуввати 2,5 миллиард сўмга тенг, – дейди корхона раҳбари Шерзод Агаликов. – Келгусида бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг эллик-­олтмиш фоизини Қозоғистон, Қирғизистон Республикалари ҳамда Россия Федерациясига экспорт қилишни мўлжаллаяпмиз.
Чортоқ тумани, Мучум қишлоғи, «Соҳибкор» МФЙда касаба уюшмалари маблағлари ёрдамида ташкил этилган яна бир корхона «Мега Голд текстиль сервис» МЧЖдир. Ҳозирги кунда бу ерда 100 нафар хотин-қиз иш билан банд.
– Узоққа бормай, туғилиб ўсган қиш­лоғингда ишли бўлсанг, бунинг гашти ҳам ўзгача экан, – дейди корхона ишчиси Гулзода Раҳимова. – Ҳамма, бир-биримизга қўшни, қариндош, синфдош, дугона бўлганимиз учун ишимизда ҳам унум бор. Юртимизда аёлларнинг рўзғорини бутлаш, ҳаётимиздан мамнун яшашимиз учун бундай амалий ишлар бардавом бўлаверсин.
Ушбу корхонада эркаклар, аёллар ҳамда болалар учун кийим-кечаклар ишлаб чиқарилмоқда. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 10 миллиард сўм. Бу ерда­ ­тайё­р­­­ланаётган маҳсулотларнинг асосий қисми ички бозорларга етказиб берилмоқда. Келгусида маҳсулотнинг ўттиз-қирқ фоизи қўшни давлатлар ҳамда Россия Федерациясига экспортга йўналтирилиши кўзда тутилган.
Эътиборлиси, биргина Чортоқ туманида 6 та лойиҳага 2 миллиард 900 миллион сўмлик маблағ йўналтирилиб, 880 нафар аёлнинг бандлиги таъминлангани бугун ўз самарасини бера бош­лади. Ҳозирда тумандаги ­«З.М.Бобур» агрофирмаси ҳудудида бўш турган ер майдонларидан унумли фойдаланиш мақсадида ишсиз хотин-қизлар учун «Кооператив фаолият» ташкил этилган бўлиб, ердан оладиган даромадларини ошириш мақсадида 4,3 километрлик масофадан обиҳаёт чиқариш учун сув насосини ишга тушириш ва дала шийпони қуриш ишлари авжида. Бу учун 1 миллиард сўмлик маблағ ажратилиб, сув тармоғини тортиш орқали кичик иссиқхоналар қуриш ва боғдорчилик ташкил этиш режалаштирилган. Тез орада бу ерда 450 та янги иш ўрни яратилади.
Ушбу кооператив асосан мева-саб­завот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва сақлашга ихтисослаштирилган бўлиб, ҳозирги пайтда 200 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган. Келгусида бу ерда 250 тонна сабзавот, 400 тонна мева, 200 тонна узум, 15 тонна ёнғоқ етиштириш ҳамда 450 та янги иш ўрни яратиш кўзланган.
Бундан ташқари, туманда асаларичилик, иссиқхона, гўзаллик салонлари, қандолатчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тикувчилик каби йўналишлар орқали 1616 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

ТАШАББУС ВА КЎМАК ДАВОМ ЭТАДИ

Жорий йил якунига қадар Наманган вилоятидаги хотин-қизларни иш билан таъминлаш дастурига асосан ажратилган маб­лағларни қайтариш ҳисобига кам таъминланган, моддий кўмакка эҳтиёжманд оила хотин-қизларига умумий қиймати 590 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд. Бу 130 нафар аёлни ногиронлик аравачаси, 160 нафарни тикув машинаси, 200 нафарни электр печи, 130 нафарни газ плитаси билан таъминлаш деганидир.
Дастурларда туман ҳокимликлари тегишли идоралар билан биргаликда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, улар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар, оилавий ажримлар ва муаммоларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларини доимий ўтказиб бориши асосий масала қилиб белгиланган. Бу ҳар бир аёл эътибор ва кўмакдан бебаҳра қолмаслигига хизмат қилиши шубҳасиз.
Ишчи гуруҳ дастурларнинг бажарилишини доимий назоратга олган бўлиб, назорат таҳлил натижасида айни пайтгача чет давлатга ишлаш учун кетган 5223 нафар наманганлик хотин-қизнинг 1971 нафари юртимизга қайтарилди.
Рўзғорда аёл ҳам ишласа, турмуш ўртоғига ёрдам бера олса, унинг оилада ҳам, жамиятда ҳам ҳурмати юксалади. Ана шу мақсадда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, бандлик бош бошқармаси, ҳудудий бўлимлари ҳамда иш берувчилар ҳамкорлигида 29 та меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Уларда 2389 нафар хотин-қиз иштирок этиб, 841 нафарига ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди, 625 нафари доимий иш билан таъминланди.
Бундан ташқари, вилоят миқёсида ажралиш арафасида турган 669 та оила мавжудлиги аниқланди. Оилавий ажримларнинг барвақт олдини олиш мақсадида ўтказилган тушунтириш ишлари туфайли 854 та оила яраштирилди. 407 та нотинч, ­шароити оғир оиладаги хотин-қизларга «Қайноналар кенгаши», имом-хатиблар, отинойилар, нуронийлар ва профилактика инспекторлари бириктирилган ҳамда вазият доимий назоратга олинган.
Ишчи гуруҳ аёлларни нафақат ишли, балки касб-ҳунарли қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, Янгиқўрғон туманидаги «Камалак», Норин туманидаги «Норин» болалар оромгоҳлари негизида хотин-қизларни касбга йўналтириш ва тадбиркорлик соҳасидаги малакаларини ошириш бўйича ўқув курс­лари фаолият юритмоқда.
Чегарага яқин ҳудудларда тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда аёллар саломатлигини тиклаш марказлари иш бош­лади. Туризм йўналиши бўйича Янгиқўрғон туманининг Нанай қишлоғида дам олиш масканлари фаолиятини йўлга қўйиш орқали хотин-қизларни иш билан таъминланади.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, аёл бахтли бўлган жамиятда ҳамма иш жойида бўлади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ана шу эзгу мақсад мужассамлашган.

Орзугул
РУСТАМОВА,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар