Матбуот – ҳаётий эҳтиёж

99

Жаббор РАЗЗОҚОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист:

Баъзан суҳбатдошингга кам савол берасан-у, аммо жуда кўп саволларга жавоб оласан. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, «Истиқлол» нашриёти бош муҳаррири Жаббор Раззоқов билан узоқ суҳбатимиз ҳам шундай кечди: кам саволларга кўп жавоблар.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Жаббор Раззоқовнинг ўзбек матбуотида ўз ўрни ва сўзи бор. Аниқроғи, у киши узоқ йиллар «Тонг юлдузи» ва «Туркистон» газеталарига бош муҳаррирлик қилиб, матбуот қандай бўлиши кераклигини кўпчиликка исботлаб қўйган инсон.

– Жаббор ака, суҳбатимиз аввалида бугунги ўзбек матбуоти ҳақида ўз фикр ва муносабатингизни билдирсангиз.
– Кейинги уч-тўрт йилда газета-журналлар ўзгарди. Аммо афсуски, ҳаммаси эмас. Ҳалигача бугунги давр талабини ­тушунмаётганлар, номигагина газета чиқариб юрганлар ҳам бор. Газета-журналнинг дизайнидан тортиб, мазмун-мундарижасигача ўзгартирилмас экан, ўқувчиларни жалб қилиб бўлмайди. Умуман, бугунги матбуотнинг камчиликлари ҳақида соатлаб гапириш мумкин.
Одатда, биз, байрам арафасида соҳадаги ютуқларни тилга олиб, яхши гапларни айтишга ўрганиб қолганмиз. Тўғри, буям зарур. Аммо хато ва камчиликлар ҳам назардан четда қолмаслиги керак-да. Охирги пайтларда қуруқ танқид қилишга ўрганиб қолдик. Масалан, уй-жойлар қурилиб бўлгач, уларнинг сифатсизлиги ҳақида ёзамиз. Ёки «қишда кўмир тақчиллиги туфайли одамлар қийналяпти», деймиз. Лекин бирорта журналист қурилиш майдонига бориб, жараён қандай кечаётгани билан қизиқиб кўрмайди. Ҳеч ким Ангрендаги кўмир конига бормайди, масъуллар билан суҳбатлашмайди. Нега? Чунки бугун матбуот ходимларининг узоқроқ ҳудудларга хизмат сафари билан чиқиши, жараёнларни жойида кузатиб, таҳлил қилиш ҳолати деярли йўқ. Масалан, Қорақалпоғис­тонда Устюрт газ-кимё мажмуаси барпо этилди. У ерда жуда катта ҳажмда ишлар қилинди. Лекин шуни Устюртнинг +40 даражали иссиғида ёки -50 даражали совуғида бирор журналист бориб, газетада ёритдими?
– Ҳақсиз! Аммо ходимни хизмат сафарига юбориш таҳририятнинг иқтисодий аҳволига боғлиқ. Ҳозирги кунда аксар газеталарнинг молиявий аҳволи эса ўзингизга яхши маълум.
– Тўғри, газеталарга осон тутиб бўлмайди. Лекин Алламжонов раҳбарлик қилаётган фонд шундай ишларни, ташаббусларни амалга оширса бўлади-ку?! Улар эса газеталарни қўллаб-қувватлаш ўрнига «босма нашрлар умрини ўтаб бўлди…», деб «башорат» ҳам қилишди. Жуда кўпчилик бу бўлмағур фикрга қарши чиқиб, куйинчаклик билан муносабат билдирди. Афсуски, айрим муҳаррирлар, ўзига юқори баҳо берадиган журналистлар «қимирлаб ҳам қўйишмади». Майли, ҳаммаси уларнинг виждонига ҳавола. Агар даврий нашрлар керак эмас, уларнинг ўрнини электон нашрлар эгаллаб бўлди, деб қараб тураверсак, босма нашрларнинг «ўлиши» аниқ. Тўғри, ҳозиржавобликда, тезкорликда электрон нашрларга етиб бўлмайди. Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор. Ўша нашрларда кўпроқ хабарлар, санъаткор ва спортчилар билан суҳбатлар берилади. Ахир, журналистика фақат хабар ва суҳбатлардан иборат эмас-ку? Қанчадан-қанча турли жанрлар бор. Нега улардан фойдаланилмаяпти? Ё уларни унутдикми?
Аудитория йиғиш учун «… пичоқ урди, … туғиб қўйди, … қотиллик содир этилди» каби мазмунда берилаётган турли хабарлар одамнинг энсасини қотиради. Яна ўша қисқагина «маълумот»нинг «Фалон жойдан «фалон» учун махсус тайёрланди», деб берилиши кулгули…
Ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, хат-саводимиз, тилимизнинг қай аҳволга тушиб қолганини кўриб, «дод» деворгинг келади. Агар босма нашрлар «ўладиган» бўлса, янада аянчли аҳволга тушиб қолишимизни тасаввур қилиш қийин эмас. Шунинг учун ҳам босма нашрлар яшаши керак.
– Хўп, яшашда давом этиш учун нималар қилиш лозим?
– Кўп нарса. Аввало, қандай мавзуларни ва уларни қандай ёритишни билиш керак. Ва албатта, журналистлар журъатли, қалами ҳам қадамидан ўт чақнайдиган бўлиши шарт. Ҳурмат-эътибор берилмайди, олинади. Мақтанишга йўйманг-у, бир вақтлар «Туркистон» газетаси қўшни давлатлар раҳбарлари – Қозоғистон ва Туркманистон Президентлари билан суҳбатлар уюштирган. Таҳририятга ўша вақтдаги Бош прокурор Бўритош Мустофоев, Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирлари ва яна бошқа соҳалар раҳбарлари келишиб, икки соат мобайнида газетхонлар билан мулоқот қилган. Мурожаат ва саволларга жавоб беришган. Ҳозир-чи? Ҳозир келиш у ёқда турсин, юборилган хатларнинг айримларига тайинли жавоб ҳам ололмайсиз.
«Кадрлар кўп нарсани ҳал қилади», деган гап бор. Ҳақиқатдан, билимли ва малакали кадрларга кўп нарса боғлиқ. Журналистикада кадрлар ихтисослашуви, «устоз-шогирд» анъаналари жудаям муҳим. Афсуски, бу масалаларга кейинги йилларда кўпам эътибор берилмаяпти. Масалан, ҳозирги кунда халқаро мавзуда ёзадиган журналистлар йўқ ҳисоби. Бир йили халқаро журналистика факультетининг раҳбаридан «Мана факультет очилганига ҳам 20 йил бўлди, халқаро мавзуда ёзаётган кўзга кўринган сиёсий шарҳловчи чиқдими?», деб сўрадим. У индамади…
Журналист кадрларни тайёрлашга юзаки қарамаслик керак. Журналистикага вилоятлардаги олий ўқув юртларида ўқитиш ўзини оқламайди. Биринчидан, уларга кимлар сабоқ беради? Энг муҳими, улар қаерда амалиёт ўтайди, қайси ижодий муҳитда қайнайди? Ўзи шундоғам туман газеталарининг кўпчилиги биноси йўқлигидан уй шароитида чиқаётган бўлса, ҳамма вилоят газеталарининг аҳволи ҳам мақтагулик даражада бўлмаса… Менимча, бўлажак журналистлар пойтахтда ўқиб, шу ердаги ижодий муҳитда пишиши керак.
Газета-журналларнинг савияси ва давомийлиги муассисларга ҳам боғлиқ, албатта. Агар муассис ўз нашрига эътибор бермаса, ходимларга ғамхўрлик қилмаса, таҳририятга тармоқдан, соҳадан четга чиқишга рухсат бермаса, қийин бўлади. Афсуски, ҳозирги пайтда кўпгина муассислар ўз нашрларини ўз ҳолига ташлаб қўйган. Айрим нашрларнинг камида икки-учталаб муассислари ҳам бор, аммо натижа йўқ. Агар бу масалага, бу муаммога маънавият-маърифатга, ватан ва халқ келажагига бурчлилик, дахлдорлик ҳисси нуқтаи-назаридан қарайдиган бўлсак, муассисларни ҳеч бир сўз билан оқлаб бўлмайди. Бугунги кунда муассиснинг «оғзи» ва «қўли»га қараб қолиш ярамайди. Ҳаракат қилиш керак. Таҳририят фақат қизиқарли, долзарб мавзулардаги таҳлилий мақолалар билан газетхонлар сонини кўпайтириб, ўзини ўнглаб олиши мумкин.
– Мажбурий обуна ҳақида фикрингиз.
– Мажбурий обуна – оғриқли масала! Агар халқимиз ва миллатимизнинг эртасини ўйласак, мажбурий обуна қилиб бўлса-да, ёш авлодга газета-журнал ўқитиш керак. Токи, савод ва савиямиз «ўтлаб кетмасин».
Аслида, мажбурий обунани ташкил этиб, унинг орқасидан «нон еганлар»га бугун у керак бўлмай қолди. Ҳеч бир мактабда ўқувчилар болалар ва ёшларга мўлжалланган нашрларга ўзлари обуна бўлмайди. Улар ота-оналар кўмаги (пули) билан обуна бўлади. Шундай экан, обунани тиклаш керак. Токи, болалар ва ёшлар Интернетдаги бўлмағур нарсаларга берилиб кетмасин! Ҳозир мактаб ўқувчиларининг аксариятида телефон бор. Ўша битта телефоннинг пулига қанча газета-журналга обуна бўлиш мумкин?..
Тан олиш керак, обуна мавсумини «сабрсизлик» билан кутадиган, уни «томорқа»га айлантириб олганлар ҳам бор. Улар обуна пулининг маълум бир қисмини чўнтакка уради. Улар учун ватанпарварлик, маънавият-маърифат деган гап­лар фақат қоғозда. Ўзи, ўша «томорқачи»ларнинг пайдо бўлишига ҳам мажбурий обунанинг «нонини еганлар» сабаб­­чи. Йўл-йўриқни, «фоиз, келишув»ни ўргатган маслаҳатчилар ҳам ўшалар. Охири шу даражага борилдики, фермерлар, ўқитувчилар ва бошқа соҳа вакиллари турли газета-журналларга мажбурлаб обуна қилинди. Лекин йил давомида газета-журналларнинг бетини кўрмаганлар ҳам кўп бўлди. Ҳалиям бўлса, обунани ташкиллаштириш керак. Аммо «мен обуна бўлган нашрлар қани?» деб сўраб-суриштириб, «томорқачи»ларга «нон» қолдирмаслик керак. Шундагина обуначи ҳам, таҳририят ҳам зарар кўрмайди.
– Болаларни ва ёшларни мажбурлаб бўлса-да обуна қилдириш керак, деяпсиз. Бу – кўпчиликка ёқадиган гап эмас…
– Маънавиятга сарфланмасдан тежаб қолинган бир сўм – келажакда миллиардлаб сўмлик зарар келтиради. Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи ёшлардан иборат. Уларга жуда катта эътибор ва ғамхўрлик қилинмоқда. Ёшлар иттифоқи тикланиб, унга катта эътибор ва имтиёзлар берилди.
Лекин амалда-чи? Ёшлар нашри бўлмиш «Ёшлар овози» газетасининг ярим йилдан буён чиқмаётганини қандай тушуниш мумкин? Наҳотки, бу газетанинг тақдири муассис ва масъулларни қизиқтирмаса? Ахир, муассисларнинг ҳам қонунчиликда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор-ку?
Болаларга мўлжалланган нашрлар – «Ғунча», «Гулхан» ва «Тонг юлдузи»нинг аҳволи ҳам ҳеч кимни қизиқтирмаяпти. Айниқса, ҳозирги пандемия шароитида, таътил вақтида болажонлар кўпроқ газета-журнал ўқиши керак эди. Афсуски, эътибор, қўллаб-қувватлаш борган сари сусайиб бормоқда. Бу кетишда биз кўп нарса йўқотамиз. Уларнинг ўрнини тўлдириб бўлармикан?
– Жаббор ака, «газета – эрталабки маънавий нонушта», деган гап эскирмадими?
– Эрталаб «маънавий нонушта» қилмай қўйганимизга анча бўлди. Бунда «Ўзбекистон почтаси» ва «Матбуот тарқатувчи» деган ташкилотлар ҳам айбдор. Даврий нашрлар чекка ҳудудларга уч-тўрт кунлаб кеч етказилмоқда. Натижада газеталардаги янгиликлар эскириб қол­япти, тезкорлик, ҳозиржавоблик йўқоляпти. Эсласангиз, илгари эрталаб соат 7:00 да ҳамма «киоска»ларда газета-журналлар бўларди. Энг чекка ҳудудларга ҳам газеталар соат 12:00 гача етиб борарди. Кейинги йилларда нашрларни жойларга етказиш тизими издан чиқди. Агар тизим ўнгланмаса, ҳамма нарсани маблағга тақайверсак, оқибати оғир бўлади.
Эрталабки нонуштада ҳар куни бир хил нарса емайсиз, тўғрими? Шу маънода матбуот нашрларининг мазмун ва мундарижаси ранг-баранг бўлиши лозим, бир-бирини ­такрорламасин. Токи, одамлар ҳар куни эрталаб «маънавий нонушта» қилсин!
– Айтганингиз келсин!

Суҳбатдош:
Алижон АБДУРАҲМОНОВ

Бошқа хабарлар