Халқаро меҳнат конференциясининг ялпи мажлиси

579

2021 йил 7 июнь куни 109-Халқаро меҳнат конференцияси ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, 109-Халқаро меҳнат конференция­­си шу йилнинг 20 майида дастлабки йиғилиши билан бошланган бўлиб, коронавирус пандемияси сабаб онлайн тарзда ўтказилмоқда. Биринчи йиғилишда Марокаш Қироллигининг БМТдаги ва бошқа халқаро ташкилотларнинг Женевадаги ваколатхонаси элчиси ҳамда доимий вакили Омар Знибер Халқаро меҳнат конференцияси раиси этиб сайланган эди. 3 июндан эса қўмиталар йиғилишлари бўлиб ўтмоқда.

Онлайн тарзда ўтказилган ялпи мажлисда дунёнинг турли давлатларидан 200 дан ортиқ вакил иштирок этди. Анжуман дастуридан меҳнат соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари, «Covid-19» пандемия­­си учун ишлаб чиқилган махсус якуний ҳужжат, Халқаро меҳнат ташкилотининг 2022-23 йилларга мўлжалланган дастури лойиҳаси ҳамда бюджети муҳокамаси ўрин олди.
109-Халқаро меҳнат конференциясининг ялпи мажлисида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Қайд этилганидек, Ўзбекис­тон ҳам пандемия сабабли глобал инқироз ҳодисалари таъсирига дуч келди. Бу эса иқтисодий ўсишнинг пасайиши, тўлов балансининг номутаносиблиги ва иш билан бандликнинг қисқариши хавфини келтириб чиқарди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Ҳукумат пандемияга қарши кураш бўйича ХМТнинг тўрт асосий тамойилига мос келадиган бир қатор профилактик чора-тадбирларни қабул қилди. Жумладан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун ижтимоий нафақалар ва озиқ-овқат пакетлари олувчилар доирасини кенгайтириш, тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш, нархлар ошишини жиловлаш, ишчиларни иш билан таъминлаш ва ижтимоий ­ҳимоялаш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди. 200 мингга яқин меҳнат муҳожирини юртга қайтариш ва мамлакат ичида ишга жойлаштириш чоралари кўрилди.
Пандемия шароитида ­Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ишчи-ходимлар ҳуқуқлари, шунингдек, иш жойларида санитария меъёрлари ва қои­даларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш, аҳолининг кенг қатламига ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича тушунтириш­лар бериш, кам таъминланган оилалар ҳамда аёлларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг муаммоларини ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратди.
Кўрилган чоралар натижасида Ўзбекистонда «Covid-19» хасталигига чалиниш аҳолининг 0,3 фоизида, касалликка чалинганлар орасида ўлим ҳолатлари эса 0,7 фоизда сақлаб қолиш имконини берди. Дунёдаги оз сонли мамлакатлар орасида ялпи ички маҳсулот ҳажми пасайиб кетмади, аксинча, реал қийматда 1,6 фоизга ўсди.
БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар томонидан маъқулланган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида «Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисида халқаро кодекс» ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди.
Кодекс лойиҳасида касаба уюшмаларининг иш жойларида хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, аҳолининг иш билан таъминланишини қўллаб-қувватлаш, меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларининг кафолатлари ва барча мамлакатлар орасида вакцина ва дори-дармонларни адолатли тақсимлаш бўйича таклифлари инобатга олинган.
Қудратилла Рафиқов барча мамлакатлар касаба уюшмалари ва ишчиларини пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекснинг қабул қилинишини қўллаб-қувватлашга чақирди. Шу билан бирга, Меҳнат соҳасидаги асосий принциплар ва ҳуқуқлар тўғрисидаги декларация нормаларига хавфсиз меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлар, 40 соатлик иш ҳафтаси, йиллик пуллик таътил, оналикни муҳофаза қилиш ва меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кабиларни қўшиб кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Маълумот учун айтиш лозимки, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан ҳар йили Халқаро меҳнат конференцияси чақирилади. У меҳнатга ва ижтимоий масалаларга доир умумий муаммолар ҳамда халқаро меҳнат меъёрлари муҳокама қилинадиган халқаро анжуман ҳисобланади. Ушбу анжуманда ташкилотнинг умумий сиёсати белгиланади.
Ҳар йили ўтказиб келинадиган ушбу конференция охирги марта 2019 йилда Женевада бўлиб ўтганди. Халқаро меҳнат ташкилотининг 100 йиллигига ­бағишланган 108-Халқаро меҳнат конференциясида Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашган эди. Ўтган йили эса пандемия шароити сабабли конференция ташкил қилинмади.
109-Халқаро меҳнат конференцияси мажлислари жорий йилнинг 19 июнига қадар давом этади.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»