«MENING FIKRIM» ҲАҚИДА ФИКРЛАР…

152

ёхуд жамоавий мурожаатлар портали «фикрлар майдони»га айлана олдими?

Давлат бошқарувида одамларни рози қилиш – уларнинг фикрлари, талаб ва истакларини инобатга олиш билангина амалга ошади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган очиқлик сиёсати бу эҳтиёжни юзага келтирди. Давлат раҳбари 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, интернет тармоғида «майдон» яратилиши зарурлигини таъкидлаб ўтган эди.
Шу истак ҳосиласи ўлароқ, 2018 йил 20 апрель куни интернет тармоғида «Mening fikrim» жамоавий мурожаатлар веб-портали иш бошлади. Таъкидлаш керакки, портал кўпчиликда ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларнинг жамоатчилик талаби билан кўриб чиқилишига умид ва ишонч уйғотди.

Солиқ тўловчилар талаби билан!

Айнан портал орқали жамоатчилик сиртқи таълим шаклида таҳсил олувчи талабаларнинг тўлов-контракт суммалари камайтирилишига, катта кўчаларга вақтни тес­кари ҳисоблайдиган йўлчироқ (светафор)ларнинг (барча кўчаларга ўрнатилмаган бўлса-да) ўрнатилишига, шахсий автомобилларнинг ойналарини қорайтиришга (аҳолининг умумий даромадига тўғри келмаса-да, бугунга қадар баҳслар давом этаётган бўлса-да) рухсат берилишига, дарахтлар кесилишининг маълум маънода олдини олишга, Қарши давлат университетининг Шаҳрисабз филиалини ташкил этишга, ҳайвонларга шафқатсиз муносабатга (гарчи, бу йўналишда қатор муаммолар мавжуд бўлса-да) чек қўйилишига, автотранспорт воситасидан фойдаланишда яқин қариндошлар учун ишончнома олиш тизимининг бекор қилинишига эришди.
Демак, оз бўлса-да натижа бор. Бу учун раҳмат, «Mening fikrim»!
Ўз уйингиз бўлишини хоҳламайсизми, мактабда ўқийдиган фарзандларингизнинг жамоат транспортида бепул юришини-чи? (Порталга шундай мурожаатлар жойландики, бизнингча, аҳоли бундан етарли хабардор бўлмагани учун қоғозда қолиб кетди)
Ўз уйи бўлишини орзу қилмайдиган одам бўлмаса керак. Лекин, даромаддан кўра харажат кўп замонда бу осон эмас. Бу саволнинг юкини маошининг асосий қисмини ижарадаги уй учун тўлаб, қолганини нимага етказишни тез-тез ўйлаб яшайдиган одамлар яхши тушунади. 2018 йил 8 май куни Юсуф Элқуловнинг «mening fikrim» порталига жойланган жамоавий мурожаати айни шу тоифадаги минглаб одамлар дардини кўтарган эди.
Ю.Элқулов тижорат банклари маблағлари ҳисобидан пойтахтимиз, вилоятларнинг маъмурий ва йирик саноат марказларида ижарачилар учун кўп қаватли уйлар қуриш ва уй тўловлари тўлаб бўлингач, эгалари номига расмийлаштириб беришини назарда тутган эди.
Муаллиф, биринчидан, аҳолининг уй-жойга бўлган талабини бозор механизмлари асосида қоплашни ва бу орқали уй-жой бозоридаги нархларни барқарорлаштиришни таклиф қилган эди.
Агар бу мурожаат етарли овоз тўплаганда қанчадан-қанча одам уй тўйи ўтказиб, давлатга раҳмат, Яратганга шукрона айтармиди?! Энг муҳими, ижара пуллари қўлдан чўнтакка эмас («яширин иқтисод» дермиди?..), бюджетга даромад сифатида кирим қилиниши аниқ эди.
Демак, мана шундай оламшумул мурожаат 706 та овоз билан кун тартибидан олинди. Бунда ҳаммадан ҳам дунёдаги энг қиммат ипотека кредити тақдим қиладиган Ўзбекистон банкирлари хурсанд бўлган бўлса, ажаб эмас.
«Мактаб ўқувчилари учун жамоат транспортини бепул қилиш ҳақида»ги жамоавий мурожаат ҳам энг халқчил талаб­лардан бири бўлди десак, янглишмаймиз. Кўпчилик юртдошларимиз фарзандларини (сифатли таълим учун) мактабдан ташқари турли фанлар бўйича тил марказлари, тўгараклар ва репетиторларга олиб боради. 2-3 нафар фарзандини шу тарзда ўқитаётган ота-оналар ҳам йўқ эмас (улар ичида ижарада яшайдиганлар ҳам бор!). Энди кунлик чиқимни ҳисоблаб кўраверинг…
Агар ҳар куни соатлаб ижтимоий тармоқларга кетказаётган вақтимизнинг 2-3 дақиқасини порталга сарфлаб, бу мурожаатларни қўллаб-қувватлаганимизда, қанчадан-қанча илм истовчиларга ёрдам берармидик… Давлатга ҳам зиён бўлмасди, бизнингча. Чунки, болалар кўп ўқиса, баркамол бўлади, аҳолининг камбағаллашуви камаяди.
Ватандошларини ўйлаган фидойи ҳамюртларимиз, жамоат транспортларини кондиционерлар билан жиҳозлаш, кечалари ички йўлларни ёритиш каби ҳаётий масалаларни кўтарди. Лекин кўпчилигимиз кимнингдир кўнгли учун ҳам босадиган «лайк»ларимизни қизғандик…
«Катталар» эса 10000 овоз тўп­лансагина буни кўриб чиқардик, ҳозирча бошқа ишларимизни қила турайлик», дейишдими, ҳойнаҳой, бу масалалар ўз жойида қолиб кетди… Аслида, бу масалаларни улар кўтариши керак эмасмиди?

«Овоз» бор-у, истак йўқ

Порталда 10 000 та овозни бир зумда йиғиб ташлаган мурожаатлар анчагина. (Низом талабларига кўра, жамоавий мурожаат умумдавлат миқёсида бўлса 10 000, маҳаллий миқёсда бўлса 5000 овоз йиғиши керак)
Масалан, Анваржон Деҳқоновнинг «мобиль қурилмaлaрнинг IMEI кодлaрини рўйхaтдaн ўткaзишни соддaлaштириш ҳақида»ги мурожаати 24 мингдан зиёд овоз тўплади. Бу бўйича чақарилган қарор эса жамоатчиликни қониқтирмади.
«Жамоат транспортлари ойналарини қорайтириш ҳақида»ги мурожаат, ҳам 14000 дан зиёд овоз йиққанига қарамасдан, амалда автобуслар мусаффо ва шаффоф ойналар билан ҳаракатда.
«UZAUTO MOTORS» АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган автомашиналарни четдан олиб киришда бож тўловларини бекор қилиш ҳақида»ги мурожаат ижтимоий тармоқни «портлатди».
Аслида, бу мурожаат эмас, кўпроқ давлатдан ўз ҳақини ўтиниб, илтимос қилишга ўхшайди. Лекин ижтимоий тармоқда минг­лаб одамлар «ёпилиб кетиши»ни сўраётган, ­Президент доимий эътироз билдириб келаётган монопол акциядорлик жамиятига бу заррача таъсир қилмади.
Ўйлаб ҳам кўришмади – бу мурожаат ортида нима ётибди, наҳот, шу даражага келдик, деб? Гўёки мурожаат зирҳланган танкага кетмон билан бир туширишдек гап бўлди. Аксиз солиғи камайтирилиб, утилизация солиғи жорий қилинди. Монополнинг раъйига қараб, оёқ учида секингина юриб турган хорижлик автосотувчилар яна нархни ошириш устида ўйлашга мажбур бўлди.

«…Шунча бўларми ҳай, ҳай»…

«meningfikrim.uz» порталига шундай жамоавий мурожаатлар қўйилганки, уларнинг ўткирлигидан эмас, Президент имзолаётган муҳим ҳужжатларнинг ижроси таъминланмаётганидан ўйга толасан киши.
Ҳа, шунақаси ҳам бор. 2020 йил 10 май куни Муроджон Ҳамроевнинг «Мобиль алоқа тармоғи абоненти бошқа тармоққа ўтганда телефон рақамини сақлаб қолиш тартибини жорий этиш ҳақида»ги мурожаати порталга жойланди. Нима бўпти дейсизми? Диққат билан ўқинг:
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги «Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3724-сон қарорининг 5-бандида «мижозларни мобиль алоқа рақамига боғлиқ ҳолда масофадан идентификация қилиш механизмининг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида 2018 йил якунига қадар мобиль алоқа тармоғи абоненти бошқа мобиль алоқа тармоғига ўтганда телефон рақамини сақлаб қолиш тартибини ишлаб чиқиш» вазифаси белгиланган эди. Бу тартибни амалда қўллаш, мобиль операторлар ўртасида соғлом рақобатни вужудга келтиради. Бундан ташқари, абонентларни қўшимча SIM-карталардан озод қилади, мақбул танлов имкониятини яратади ҳамда хизмат ҳақларининг пасайишига сабаб бўлади».
Англаяпсизми, муаллиф давлат раҳбари берган (аллақачон бажарилиши керак бўлган) топшириқнинг бажарилишини талаб қиляпти?!
Ҳужжатда ижроси юклатилган одамлар бу қарорни унутдими? Нега халқ Президент қарорининг ижросини таъминлаш учун 10 000 овоз йиғиши керак?! Бундан чиқди, мурожаат етарли овоз йиғмаса, кун тартибидан олиниб, ғоялар қоғозда қолиб кетадими?!
Яна бир мисол. 2020 йилнинг 8 март куни Умид Икромовнинг «Автотранспорт воситасининг суғуртаси йўқлиги ёки техник кўрикдан ўтмаганлиги туфайли жарима майдонига қўйиш амалиётини бекор қилиш ҳақида»ги жамоавий мурожаати порталга жойланди ва бир куннинг ўзида (рекорд даражада) 10 000 дан ошиқ (13016 та) овоз тўпланди.

Савол устига саволлар…

Аслида, тизим эгалари алмисоқдан қолган техник кўрик масаласини қайта кўриб чиқиши керак эмасми? Мажбурий суғуртадан одамлар розилигини кимдир ўргандими? Миллионлаб солиқ тўловчи учун жарималар қайси мезонга қараб белгилангани, пандемия шароитида юқори жарималар одамларни баттар камбағал қилаётганини, йиғилган жарималар қайси йўллар билан нималарга сарфланаётганини биладими?!
Қонунчиликда кўрсатилмаган бўлса-да, карантин қоидаларини бузиш важи билан автомобильни жарима майдонига жойлаш, шахсий автомобил орқа ойнасига парда тутиш учун чора кўриш ҳолатларига нисбатан ким жавоб бериши керак?
Сизни билмадим-у, лекин мен ушбу мурожаат кўриб чиқилиши учун керак бўладиган 60 кун ичида масъулларнинг кулгили эмас, ҳаётий ва ҳаққоний қарор қабул қилишига ўзимни ишонтиришим қийин.

Бори яхши-ю, аммо…

Ҳозирда порталга 3786 та (2020 йил 21 июнь ҳолатига кўра) жамоавий мурожаатлар келиб тушган ва уларнинг 400 дан ортиғи жойланган. Тўғри, хориж тажрибасида ҳам бу каби платформаларга келиб тушган мурожаатларнинг 15-20 фоиз овоз йиғишга ­қўйилади. Лекин, қизиғи, 3376 та мурожаатнинг мазмуни нимадан иборат экан, уларда кимгадир ёқмайдиган, лекин халқ манфаатига хизмат қиладиган ғоялар йўқмикан, деган савол туғилади.
Таклиф сифатида айтган бўлардим: агар портал юзини кўрмаган бошқа мурожаатларнинг ҳам қисқача мазмуни сайтда акс эттирилса, ҳеч бўлмаганда, такрорий мурожаатларнинг олди олиниб, кўпчиликнинг вақти тежалган бўлар эди.
Нима бўлганда ҳам порталнинг бори яхши. Уларни кузатиб менда қанча фикр туғилди, сизда қанча? Муҳими, жамоатчилик порталда кўтарилаётган мурожаатларга эътиборли бўлиб, давлат ва жамият учун муҳим бўлган масалаларни муҳокама майдонига олиб чиқса, кўп масалаларни ўзаро ҳал қилишга имкон топамиз.
Эшитишимизча, ҳозирда портал имкониятларини кенгайтириш ишлари бажарилаётган экан. Тез кунда унинг мобиль иловаси ишга тушиб, ундан фойдаланиш имконияти кенгаяди.
Мобиль иловадан интернет базўр ишлаётган юртимизнинг чекка ҳудудларида ҳам фойдаланиш имконияти яратилса, аҳолининг кўпгина дард-у ташвишлари портал юзини кўриши мумкин. Муҳими, бу учун ҳам 10000 овоз йиғмасак бўлгани…

Дилшод БЎРИЕВ,
журналист

Бошқа хабарлар