Байрамдан кейин ҳам ҳаёт давом этади

95

Журналистлар куни сифатида нишонланаётган байрам боболаримиз мус­тамлака даврида, яъни 1906 йилнинг 27 июнида чиқарган биринчи миллий газета – «Тараққий» билан боғлиқ экани ҳақида халқимиз секин-аста хабардор бўлмоқда. Лекин бу нашр маслаги, жадидлар кўтарган масалалар, газетанинг қисқа фурсатда ёпилиш сабабини ҳамма ҳам билавермайди. Буни қисқача иқтибосда изоҳлаймиз:

«Газетамиз «Тараққий» номинда ўлуб, бора-бора жисми ва исмиға мувофиқ ўлуб миллатимизни кейин қолмоғиға, жаҳолат ва ғафлати олийда ўлуб, бошқа миллатлардан кам даражада қолмоғиға асло рози эмасмиз… газетамизнинг нажотимизға, дунё ва охиратда масъуд ўлмоқимизға ёлғуз илм бобидур, демак биринчи вазифадур… миллат манфаатига хизмат этмак замон, тортган меҳнат, кўрган заҳматларидан қутуладурғон замон бу замон…»
Бу газета таҳририятининг мақсади битилган мақоладан парча.Ана шу норозилик ва муносиб ҳаракатлар боис унинг «умри» қисқа бўлган. 1906 йилнинг ­­­21 августида таҳририятда чор полиция­­си тинтув ўтказиб, газетанинг 20-сонини мусодара қилади ва муҳаррирни қамоққа олади…
Албатта, мустамлака сиёсати-ю зуғумини бугунги ҳурлик насимлари билан қиёслаб бўлмайди. Аммо чор зулми остида эзилган бобожурналистлар фикрлари бугун ­мустақил бўлсак-да, долзарб. Озод бўлсак-да, биз ҳам миллатимизнинг бошқалардан кам бўлишига рози эмасмиз! Нажотни илм-маърифатда деб биламиз биз ҳам! Миллат манфаати учун хизмат қилиш бугунги замоннинг ҳам талаби эмасми?
Ўзбекистонга назари ғарбона (совуқроқ) бўлса-да, «Чегара билмас мухбирлар» халқаро нодавлат ташкилотининг 2020 йил учун жаҳон матбуоти эркинлиги индексида 180та мамлакат ичида 156-ўринда эканимиз, муаммоларни тўлиқ ёритолмаётганимиз, заифлигимиз, иттифоқсизлигимиз, баъзи ижро ҳокимияти вакилларининг беписанд, баъзида қўпол муносабати касб байрамимиз қувончига соя солмоқда.
Бугуннинг айрим «доно»лари газеталарга кафан бичаётган фурсатда фикр айтиш, муносабат билдириш анча ривож­ланганини тан олиш адолатдан бўлади. «Ишонч», «Маърифат», «Жамият», «Ҳуррият», «Оила даврасида» газеталари, «ХХI аср» каби партия нашрларида кўтарилаётган муаммолар кўлами фикримизга далил бўлади.
Бу ҳолат давлатнинг биринчи шахси қатъияти билан боғлиқ эканини яхши биламиз. Энди чуқур таҳлилни, холис танқидни кучайтиришимиз, бунинг учун журналистларнинг янги авлодини тайёрлашимиз зарур.
Бугунги авлод 90-йилларда шаклланган журналистлардан тубдан фарқ қилади. У мустақиллик арафаси ва ҳурриятнинг илк йилларидаги каби кам маош билан жонини хавфга қўядиган катта авлодга ўхшамайди. У ўзининг иқтисодий ривожига хизмат қиладиган, яъни капиталистик жамият фуқароси сифатида ҳар бир қадамини ўлчаб, ҳисоблаб, ўйлаб қўя бошлади. Уларга «ёшулли» журналистларнинг қуруқ ватанпарварлик шиорлари таъсир қилмаяпти.
Демак, янги авлодни матбуотга жалб этиш учун иқтисодий асосни кучайтириш керак. Ўзбекистон саноатлашиб, ишлаб чиқариш ривожлангунга қадар бу ишда давлатнинг грантлар кўринишидаги (чет эллардаги каби) кўмаклари зарурлигини яна бир бор эслатмоқчимиз.
Ахборий жамият матбуоти назарияси талабидан келиб чиқадиган бўлсак, қонунлар ижросини таъминлаш (аҳоли ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, коррупцияга қарши кураш, демократик тамойилларни тарғиб этиш ва ҳ.к.), сиёсий-ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш нуқтаи назаридан таҳририятларга давлат Олий Мажлис номидан грантлар асосида буюртма бериши керак, деган фикрдамиз.
Унда қонунлар ва улар асосида қабул қилинган Президент фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари моҳиятини муштарийларга тушунарли тилда шарҳлаб берилиши билан бир қаторда бу ҳужжатларнинг ижроси бўйича доимий равишда журналист суриштирувлари ўтказилиб, муаммолар мунтазам муҳокамага олиб чиқилиши зарур. Бу жамиятда шаффофликни таъминлайди, аҳоли фикр билдиради, энг асосийси, ўз муносабати билан ислоҳотларда иштирок эта бошлайди, оқибатда тараққиёт кушандаси – коррупциянинг камайишига сабаб бўлади.
Грантда ҳар бир шарҳ учун 1 миллион сўмдан, журналист суриштируви учун камида 5 миллион сўмдан кам бўлмаган қалам ҳақи ажратилиши зарур. Бу ­маблағ коррупцияга қарши курашадиган тизимларга кетадиган маблағлар доирасида ажратилиши ва улардан кам бўлмаслиги керак. Бу бир мисол, холос. Шу каби иқтисодий манфаатлар билангина ёш авлодни матбуотга тортишимиз осон кечади.
Бугунги кундаги журналистика таълимига коррупцияга қарши кураш бўйича курслар киритилган. Унда бу иллатнинг тарихи-ю бугуни, турлари ҳақида батафсил маълумот берилади. Топшириқлар берамиз – бажартиришимиз қийин кечади. Биринчидан, коррупция ҳолатлари бўйича маълумот олиш қийин. Коррупциянинг зарари ҳақида рефератнамо умумий гап ёзишларини ўқитувчилар хоҳламайди, талабалар маълумот олишга қийналишади. Баъзи талаба-журналистда бу ҳақда ёзишга иштиёқ йўқ. Иштиёқсизлик ялқовликдан эмас, балки ҳаракатнинг бефойдалигидан…
Улардан бири коррупция ҳолатини ёзиб, жабр кўрган 70 яшар фахрий журналист дардларини қоғозга тушириб, ўқитувчисининг «овозини ўчириш»ни мақсад қилибди. Мақола мазмуни шуки, ўша фахрий журналист бир масалани газетада ёритиб, ­жабрдийда муаммосини бартараф этишга ёрдам беради. Журналист мақоласи – кўмаги сабаб турли тазйиқларга учрайди, ҳаловати йўқолади, ишидан мосуво бўлади, асаблари бузилиб ётиб қолади, бироқ ундан жамият, яъни ҳеч ким, ҳатто, иши битган жабрдийдалар ҳам ҳол сўрамайди. «Бундай якун, бундай «патриот»лик кимга керак», деган ҳақли савол қўймоқда талаба-журналист домла-журналистга!..
Журналист касби машаққати, қаламкашга тақдирнинг шафқатсизлигини тушунтирамиз, албатта. Беҳбудийлар, Мунаввар қорилар, Қодирийларни эслаймиз, бугундан ҳам мисоллар келтирамиз, юрт равнақи учун қалбимиздаги дардимизни сўзларимиз, таҳлилларимиз, керак бўлганда меҳримиз билан изоҳлашга ҳаракат қиламиз. Самимий сўзларимиздан талаба кўзларини ерга қадаса-да, аҳволимизга ачинади, холос…
Бугун ейишга нони, муносиб яшашга шароити бўлмаса, энг асосийси, хавфсизлиги таъминланмаслигини сезса, чуқур таҳлилга салоҳияти бор, танқидий қарашлари кучли бўлган (ҳаммасида ҳам бу хислат бўлавермайди) талаба-журналист таҳсил жараёнидаёқ ўзини бошқа сердаромад соҳага тайёрлайди. Бугунги тенденциялар шуни кўрсат­яптики, матбуот соҳаси талаба-журналисти ўз бизнесини очиш, ҳеч йўқса яхши ҳақ тўлайдиган ташкилотларда «пиармен»лик қилиш каби юмушларни кўзламоқда. Албатта, у танлаган йўлни нотўғри дея олмайсиз. Тадбиркорлик ҳам, ахборот хизматларидаги фаолият ҳам ўзи ва юрти учун фойдали ишлар. Лекин ЖАМИЯТНИНГ ДАРДИНИ КИМ КЎТАРАДИ, деган аср саволига ким жавоб беради? Танқидни хушламайдиган, курсисидан бошқа нарсани ўйламайдиган раҳбарларми? Коррупционерларми?!
Давлат равнақини, халқ фаровонлигини ўйлашга масъул уч ҳокимият тўртинчи ҳокимият ривожидан, эркинлигидан манфаатдор бўлмас экан, коррупция палагини ёйиб, жадидлар айтмоқчи, «миллатимизни кейин қолмоғиға, жаҳолат ва ғафлати олийда ўлуб, бошқа миллатлардан кам даражада қолмоғиға» сабабчи бўлаверади. Агар уч ҳокимиятнинг матбуот ривожидан манфаатдорлиги сезилмаса, унда улар коррупционерлар тарафида, деган хулоса ҳам келиб чиқади.
Демак, биринчи галда журналистларнинг иқтисодий ва ҳуқуқий хавфсизлиги таъминланиши фидойи кадрларни тайёрлашга асос бўлади.
Раҳбар кадрларни тайёрлайдиган, малакасини оширадиган муассаса ва академияларда махсус курслар киритилиши ва у мукаммал ўргатилиши ўта муҳим вазифадир. Конституциямиздаги ҳуқуқий асосга таяниб қабул қилинган «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва бошқа қонунларда белгиланган барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқаролар қаторида журналистларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериш ­бўйича мажбуриятлари тушунтирилиши, ҳижжалаб ўқитилиши, уқдирилиши, бу борада ўқувларда қатъий якуний имтиҳонлар олиниши даркор. Акс ҳолда «қовун тушириш» ҳолатлари камаймайди.
Мазкур ўқувларда раҳбарларга журналистлар билан алоқа – матбуот анжуманига тайёргарлик кўришдан бошлаб, ўзини тутиш, саволларга аниқ, кутилмаган правокацион саволларга муносиб жавобларни беришгача бўлган жараёнларни ўргатиш ҳам ўта долзарбдир.
Юртнинг халқаро имижи учун бирор воқеа-ҳодиса бўйича тезкор матбуот анжуманлари ўтказиш, тўғри ахборотни биринчи бўлиб дунёга тарқатиш зарурати, аҳамиятини англашлари кечиктириб бўлмайдиган вазифалардандир.
Бундан ташқари, нашрлар нархини оширадиган қоғоз ва бошқа матбаа маҳсулотларининг халқаро биржа белгилайдиган нархларда ҳукуматнинг заҳира фонди орқали харид қилиб, бевосита таҳририят ва матбаа ташкилотларига (бошқага бериш тақиқи билан) сотишни йўлга қўйиш зарур (Ҳиндистон тажрибаси). Бунда сиёсатга дахлдор бўлган матбуот сабаб бозор талаблари бузилса, иқтисодимиз зарар кўрмайди. Қолаверса, олиб-сотарлар бу «тадбиркорлик»дан кетиб, юрт корига ярайдиган ишлаб чиқаришга киришади. Давлат ҳам ютади, газета-журнал қоғози нархлари бир меъёрга тушади, бундан муштарий ҳам, таҳририят ҳам жабр чекмайди.
Даврий матбуотни тезкор тарқатиш йўналишидаги камчиликларни бартараф этиш ҳам ўта долзарб масаладир. Алоқачиларнинг тасарруфидаги «Ўзбекистон почтаси»ни «Янги Ўзбекистон» ёки «Ишонч» каби газеталар таҳририяти ихтиёрига ўтказиш ва қўллаб-қувватлаш масаласини ҳам кўриб чиқиш вақти етди, фикримизча. Негаки, матбуот тарқатиш тизими ривожидан кўпроқ босма нашрлар манфаатдордир.
«Байрамда муаммодан гапирма» дейсизми? Касб «касаллиги» учун, узр! Ахир, эртага ҳам ҳаёт давом этади-да…
Бу кун миллати равнақини ўйлаб қалам тебратаётган, фикр тарқатаётган, матбуот ҳаётининг ажралмас қисмига айланган ҳар бир зиёлининг байрамидир. Айёмингиз муборак, азизлар!

Ҳалим САЙИД,
«Олтин қалам» миллий
мукофоти совриндори

Бошқа хабарлар