Оқибат қўриқхонаси қаерда?

99

«Hurriyat» газетасининг шу йил 11 март сонида чоп этилган Абдулазиз Аҳмедовнинг «Юракнинг пинҳон хонаси ёхуд Ватан ким ўзарга севилмайди» сарлавҳали мақоласини ўқидиму, мен ҳам бу борадаги фикрларимни қораладим.

Ҳақиқатан ҳам, инсоннинг сувратига қараб, сийратини баҳолай олмаймиз. Орамизда шундай кишилар борки, улар сохта ватанпарварлик, маддоҳлик ва қарсакбозлик билан мақсадига эришиш пайида бўлади, чиркин ўй-хаёлларини амалга оширишга уринади. Ишини битказиш учун энг ёмон кўрган кишисини-да кўкларга кўтариб мақтайди, ялтоқланади. Бу каби тили билан дили бошқа одамлар ҳақида не-не улуғларимиз «михлаб» айтганлар:
Биз йўқолиб бораётган ҳайвонларни, ўсимликларни давлат муҳофазасига олиш учун уларга қўриқхоналар ташкил қиламиз, балки одамлар орасида йўқолиб бораётган оқибат, иймон ва инсоф учун ҳам қўриқхона ташкил қилишимиз керакдир. (Абдулла Орипов)…
Бугун ҳам ОАВ, интернет ва ижтимоий тармоқларда иккиюзламачилик ҳақида бонг уриб гапириляпти, бу иллат қораланиб, унга қарши курашишга чақириляпти. Ваҳоланки, биз ўзгаришни, хушомадгўйликдан халос бўлишни, энг аввало, ўзимиздан бошламас эканмиз, у авлодларимизга-да ўтиб, тобора чуқур илдиз отаверади. Радио-телевидениеда тўлқинланиб гапириш, кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаш, бир-биридан ўткир мақолалар ёзиш билан натижага эришиб бўлармикан?
Гоҳида «Нега биз ҳали ҳам хушомадгўйликдан қутула олмадик», деган хаёллар, аямасдан сохталаштирилиб исроф қилинаётган туйғулар, топталаётган муҳаббат, ўрнини манфаатга бўшатиб бераётган меҳр-оқибат уйқу бермайди. Бугун кимдир дўст тутиниб, сал яхши гапириб, кўнглингизни кўтармоқчи бўлса, бундан қувониш ўрнига бирон манфаатни кўзламаяптимикан, дея хавотирга тушасан киши. Бир-иккита касларнинг ­касрига ёрдам қўлини чўзиб, бизга астойдил меҳр кўрсатмоқчи бўлган инсонлардан хавфсираб яшашга-да маҳкуммиз…
Яхшиямки, орамизда бундай мадҳиябозлар кўп эмас. Умри давомида обрў-эътибор, юксак мартаба ва лавозимларга даъво қилмасдан ҳалол луқма топаётган яхшилар бисёр. Дунёмиз аслида шундай кишиларнинг беғараз меҳнати ва оқкўнгиллиги боис гуллаб-яшнаётган бўлса, не ажаб?!
Инсон ота-онасини нақадар севгани каби табиий ва иддаоларсиз атрофидагиларни ҳам яхши кўрганида эди, бир марта бериладиган ҳаётимизни икир-чикир масалалар ичида ўралашиб, беҳуда совурмаган бўлардик. Шунда инсон шунчаки кун ўтказмасдан чинакамига яшаган бўларди.

Шоҳжахон Мажитов

Бошқа хабарлар