Яшил майдонда маҳалла ёшлари

119

Ёшларни спортга қизиқтириш учун кўрилаётган чора-тадбирлар салмоғи ошиб бормоқда. Яқинда Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар ­бошқармаси бошлиғи кубоги учун пойтахтимиздаги маҳалла ёшлари ўртасида уюштирилган мини-футбол мусобақаси ҳам буни тасдиқлайди. Унда 5240 нафар ёш яшил майдонда ўз маҳоратини намойиш этди.

Куни кеча «Hilton» меҳмонхонасида ана шу баҳсларнинг туман босқичи ғолиблари эълон қилиниб, ўйинларда энг яхши иштирок этган тўпсурарлар тақдирланди ва Тошкент шаҳар босқичига чиққан маҳалла ­жамоаларининг ўйин тартибини аниқлаш учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда мазкур ­ўйинлар 524 та маҳалланинг 18-30 ёшгача бўлган ёшларини қамраб олгани, тадбир спорт оммавийлигини оширишга, иштирокчилар ўртасидаги дўстлик ва аҳилликни кучайтиришга хизмат қилганини таъкидланди. Шундан сўнг юртимизнинг машҳур футболчиларидан бири Павел Бугалов билан биргаликда туман босқичидаги баҳсларда иқтидорини намойиш этган ўйинчиларга фахрий ёрлиқ ва бадиий китоблар тўплами топширилди.
– Мен Сергели туманидаги «Соҳибқирон» маҳалласида яшайман, – дейди 21 ёшли Ҳумоюн Маҳмудов. – Талабаман. Маҳалла ёшлари иштирокидаги қизиқарли баҳслар спортга бўлган қизиқишимни янада оширди. Ўйинлардаги иштирокимни кузатган профессионал футбол юлдузларимиз тумандаги «Энг яхши ўйинчи» деб топишганидан эса бошим осмонга етди. Хуллас, жараёнлар узоқ пайт ёдимдан кўтарилмайдиган хотираларга бой бўлди. Шундай мусобақалар ҳар йили ташкиллаштирилишини истардим.
Тадбир давомида ўйинларнинг Тошкент шаҳар босқичи 7-10 июнь кунлари пойтахтдаги «ЖАР» спорт ­мажмуасида бўлиб ўтиши эълон қилинди.

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»